Эрон телевидениеси ҳибсга олинган Instagram юлдузини уят-уят қилди

  • Дунёдан янгилик
  • Би-би-си мониторинг
Screenshot of Iranian TV broadcast showing Sahar Tabar before and after plastic surgery

Сурат манбаси, IRTV2

Эрон телевидениеси октябрь ойининг бошида шаккокликда айбланиб ҳибсга олинган интернет юлдузи бўлмиш Саҳар Табар билан интервьюни эфирга узатди.

22 яшар Саҳар махсус макияж ва пардоз-андоз билан Instagram тармоғидаги мухлислари билан мулоқот қилиши ортидан дунёга танилган эди.

У америкалик таниқли актриса Анжелина Жолига ўхшаш учун 50 пластик жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказган, деган миш-мишлар ҳам кенг тарқалган эди.

Саҳарнинг кийиниши, пардоз-андози ва интернет тармоғидаги ўзини тутишини Исломга зид санаган Эрон ҳукумати уни 5 октябрь куни шаккоклик, исломий кийиниш маданиятини менсимаслик ва эронлик ёшлар маънавиятини бузишда айблаб ҳибсга олган эди.

Ҳибс ортидан Саҳарнинг Instagram аккаунти ҳам ўчирилган.

Орадан деярли бир ой ўтиб, Эроннинг миллий телеканалларидан бири (IRTV2) Саҳар билан интервьюни оммага тақдим этди.

Кўрсатув давомида қиз «зомби» сифатида таърифланган ва «ижтимоий тармоқларда машҳур бўлишга интилиш йўлидаги аҳмоқлик инсон ҳаётини қанчалик барбод қилиши мумкинлиги»га тирик намуна сифатида тақдим этилган.

Юзи хиралаштирилган тарзда кўрсатилган Саҳар интервьюда машҳур бўлишни болалигидан орзу қилганини тан олган.

«Ҳозирги кўринишим ишлов берилган суратларимдагига ўхшамайди. Болаликдан машҳур бўлиш орзуйим эди», деган у.

IRTV2 телеканали кўрсатувда Саҳарнинг ўз қиёфасини ўзгартирганидан қанчалик афсусда эканини кўрсатиш, ота-онаси ажрашиб кетган "бетартибия фарзанд" эканига кўпроқ урғу берган.

«Онам бу ишимни тўхтатишимни айтганди, лекин мен қулоқ солмадим. Баъзи пайтда бегоналар ёки дўстларингнинг айтганлари ота-онаникидан устун бўлиб қолар экан», сўзлаган Саҳар.

Теле-иқрорлар

Кўплаб эронлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Саҳарнинг телевидениеда уят-уят қилинишини қаттиқ қоралаб чиққан.

«Саҳар нимага иқрор бўлиши керак ўзи? Парламентда телевидение орқали бундай ифлос ва ахлоқсиз иқрорномаларни эфирга узатилишига чек қўя оладиган бирор ўзини ҳурмат қилган одам борми?» деган саволни илгари суради фойдаланувчилардан бири.

Сурат манбаси, Barry King/Getty Images

Бошқалар эса Саҳарни дастаклаб, бундай теле-иқрорларга барҳам берилишига чақирган.

«Қизни телевидениеда кўрсатиш уятли ва қабиҳ иш. Уни қилган ишидан пушаймон бўлишга мажбурлаш шармандалик».

"Саҳарни макияжи, татуси, ота-онаси ажрашгани ва Instagram'да пул ишлаётгани учун телевидениега чиқаришди. Энди Эронда эркинлик мавжуд, десангиз ҳам бўлади", дейилади қолдирилган изоҳларнинг бирида.

Саҳар ҳибсга олинган вақтда ҳам ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бундан ғазабга миниб, кескин фикрларни билдирган эди.

"Агар у бундай видеоларни тарқатиш қанчалик оғир жиноят эканини билганида эди, давлат мулкини талон-тарож қилиш, ўғрилик ва қотиллик каби хавфсизроқ ва фойдалироқ ишларга қўл урган бўлар эди", деган кинояни ўқиш мумкин ўша кунлар ёзилган бир изоҳда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek