ИШИД: Қамоқхоналардаги «ёвузлик» Европага ёпирилишга шай турибдими?

ИШИД жангариларининг оилалари Сурия шимолидаги ал-Ҳавл ҳибс марказида сақланмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption ИШИД жангариларининг оилалари Сурия шимолидаги ал-Ҳавл ҳибс марказида сақланмоқда

Америка ИШИД раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлдирилганини маълум қилди. Бағдодий йўқ қилиниши билан ИШИД келадиган хавф бартараф этилдими? Кузатувчилар яқин Шарқнинг ИШИД собиқ аъзолари сақланаётган қамоқхоналарида Европани чиқиллаётган даҳшатли бомба кутиб турган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Ҳозирги кунда курдлар назорати остида бўлган қамоқхоналарда сақланаётган ўн минглаб ИШИД жангарилари ва уларнинг оила аъзолари ғазаб отига миниб, ҳар қандай йўл билан озодликка чиқишга уринмоқда.

Жорий ойда Туркия Сурия томон уюштирган интервенция ва ўзларининг етакчилари даъвати таъсирида жангарилар қамоқхоналардан қочиб чиқиш ва уларни тутқунликда сақлаётганлар ҳамда Ғарбдан ўч олишга онт ичганлар.

Туркиянинг Сурияда олиб бораётган амалиётлар бу муаммони сўзсиз улкан инқирозга айлантириб юборди - 100 нафарга яқин ИШИД жангарилари (айрим хабарларда бу рақам 800 нафарга қадар боради) қамоқхоналардан қочиб кетган. Улар, эндиликда, 2013 йилдаги ИШИДни қайта тиклаш илинжида ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Бундай ҳолатнинг юзага келишида Европа давлатларининг ҳам айби бор. АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция шу йилнинг март ойида Сурияда мавжуд Исломий Давлатни тор-мор этганидан сўнг дунё ихтиёрида мағлубиятга учраган жангарилар ва уларнинг аксаран фанатик кайфиятли оила аъзолари масаласини ҳал этиш йўлида етти ой бор эди.

ИШИД сафларида жанг қилганларнинг катта қисми Ироқ ва Суриядан бўлсада, Европа, Шимолий Африка, Миср, Саудия Арабистони, Кавказ ва Марказий Осиёдан келганлар ҳам оз эмасди.

Сурия шимолий-шарқида жойлашган энг йирик ҳибс жамлоғи бўлмиш ал-Ҳал деворлари ортида ИШИДга алоқадор жиҳодчи аёллар ўз ҳукмронлигини кучайтираётгани тўғрисида хабарлар келмоқда. Улар, ҳатто, ўлим жазолари орқали жамлоқ аҳлини ўзига бўйсундирмоқда. Жамлоқдаги болалар эса ҳеч қандай таълим олмай, айрим ҳолларда, ўта мутаассиб ғоялар билан мияси ювилганча улғаймоқда.

"(Жамлоқлардаги) бу одамлар жуда ваҳший", сўзлайди Лондонда жойлашган Royal United Services Institute таҳлил маркази ходими Майкл Стивенс.

"Агар улар қочиб кетса ёки жамлоқлар ичида болаларни тарбияласа, муаммо 10 йил ичида янада оғирлашади".

АҚШ ва унинг курд иттифоқчилари Европа давлатларини Сурияга ҳижрат қилган 4 минг нафардан зиёд ўз фуқароларини ортга қайтариб олишга ундаб келмоқда.

Бироқ Европа бундай қилишни истамаяпти. Иттифоқ давлатларининг махсус хизматлари ИШИДнинг сўнгги кунларига қадар унинг сафларида бўлганларнинг ўта хавфли радикал шахсларга айланганлари, уруш давомида кўрган-кечирганлари туфайли мутлақо бошқа инсонга қиёфасига кирганидан огоҳлантирмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Германиянинг Der Spiegel журналига кўра, немис расмийлари ҳозирда жамлоқларда сақланаётган жами 27 нафар Германия фуқароларининг учдан бир қисми «зўравонлик, жумладан, террор амалиётларини амалга оширишга мойил» эканига ишонади. Шу сабабдан ҳам ҳукумат бу фуқароларни ортга қайтариб олиб келишни истамайди, изоҳлайди журнал.

Ушбу муаммонинг икки томони мавжуд. Биринчиси - жиҳодчилар ўз ватанига қайтариб олиб келингандан сўнг - улар қўлга олинган ноаниқ вазиятни ҳисобга олиб - уларни қонун доирасида жазолашга етарлича асослар топилмаслиги мумкин.

Оқибатда, ҳукуматлар жамият ва миллий хавфсизлик учун таҳдид солиши мумкин бўлган шахсларни озод қилгани учун танқид ҳамда босим остида қолиши мумкин.

Иккинчида, жиҳодчиларни қамоққа ташлаш йўлида етарли далил топилган тақдирда ҳам бу Европа қамоқхоналарида мавжуд радикализм муаммосини янада оловлантиради, холос. Масалан, Франция қамоқларида жазо ўтаётган шахсларнинг сезиларли қисми мусулмон жамоатлари вакилларидир.

Бироқ Европанинг бундай важлар ила ҳаракат қилишни истамаслиги муаммони анчайин мураккаблашиб кетишига сабаб бўлди. Суриядаги жамлоқларида ИШИДнинг хавфли жангариларидан ташқари бегуноҳ аёллар ва болалар ҳам бор. Исломий Давлат ўрнатган тартибларга бўйсунмаган ҳолатларда уларнинг, ҳатто, ўлим билан жазоланиши яхши маълум.

Шунингдек, «адолатсиз қамоққа ташланиш» жиҳодчилар руҳиятига жиддий таъсир қилишини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

1960 йилларда ҳибсга олинган ва қатл этилган мисрлик руҳоний Саййид Қутбнинг қўлёзмалари, кейинчалик, жиҳодчи тафаккурини кучайтирувчи асос ўлароқ хизмат қилган эди.

1981 йилда Миср президенти Анвар Садатнинг ўлдирилиши ортидан мамлакатда исломчиларни оммавий тарзда ҳибсга олиш бошланган, аммо бу ҳол жиҳодчи кайфиятли шахсларнинг нафратига сабаб бўлиб, Осама Бин Ладен ҳам қисман шу воқеалардан руҳланган ҳолда ал-Қоидага асос солган эди.

2003 йилда Ироққа бостириб кирган АҚШ Абу Ғариб ва Букка қамоқхоналарига кўплаб жиҳодчиларни ташлаган ва улар, оқибатда, бугунги кундаги ИШИДнинг асосига айланган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Куни кеча ўлдирилгани ҳақида хабар тарқалган ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий каби шахслар қамоқхоналарда бошқа маҳбуслар билан фикрлар алмашган, озодликка чиққандан сўнг амалга оширилувчи режаларни биргаликда тузганлар.

Саккиз йил давомида мамлакатнинг сунний озчилигини дискриминация қилиб келган Ироқ ҳукуматининг қатор муваффақиятсиз сиёсатлари ортидан жиҳодчилар вазиятдан унумли фойдаланган ҳолда 2014 йили Сурия ва Ироқнинг шимолий қисмини эгаллаб олган эди.

Дунё халифалик эълон қилган жиҳодчиларни енгиш учун беш йил вақт сарфлади.

Хўш, бундай ҳолат яна юзага келиши мумкинми? Эҳтимол, йўқ, дея жавоб қайтаради Майкл Стивенс каби экспертлар.

«ИШИД кам таъсирли қаршилик ҳаракатини қайта ташкил эта олиши мумкинлиги бор гап. Жангари маҳбусларнинг қамоқдан қочиб кетиш эҳтимоли кишини ташвишга солади, албатта, аммо улар қочиб кета олган тақдирда ҳам ҳозирги вазият 2013 йилдагидек қулай эмас. Улар ҳозир шунчаки қўлига қурол олиб, жангни давом эттира олмайди», тушунтиради Майкл Стивенс.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ироқнинг Мосул шаҳри 2017 йилнинг июл ойида ИШИДдан озод қилинганди

Чиндан ҳам ИШИД ўзи беш давомида назорат қилиб келган улкан сарҳадлар бўйлаб яна янги халифалик туза олишга қурбини етишини тасаввур қилиш қийин. Бироқ кўп йиллар давомида исломий экстремизмни тадқиқ этган доктор Эмман Эл-Бадавий ИШИД туғилажак ҳар қандай имкониятдан фойдаланиб қолишга уринишидан огоҳлантиради.

«Гуруҳ ҳукумат назорати ожиз бўлган ҳудудларда қайта илдиз отиб, ўз сафига яна жангариларини чорлай бошлаши тайин. Оёққа тургач, Европа ва АҚШ дохил хорижий ўлкаларда турли хунрезликни амалга оширишни режалаштиришига эса шубҳа йўқ».

Хулоса қилиб айтганда, муаммо жиддийлашиб бормоқда. Агар ИШИД парчаланиши ортидан паноҳсиз қолган минглаб инсонларнинг ноаниқ тақдирига бирор инсоний ечим топилмас экан, у ҳолда имкон бўлиши билан Европа ва бошқа ҳудудларга ёпирилишга шай «ёвузлик» куч олишда давом этади ва бундан дунё қаттиқ афсус чекиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek