Геосиёсат ва лобби: АҚШ нега арманлар геноцидини тан олди?

Акции памяти геноцида армян в Стамбуле Фото муаллифлик ҳуқуқи BULENT KILIC/AFP
Image caption Геосиёсат ва лобби: АҚШ нега арманлар геноцидини тан олди?

АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси ҳисобланмиш Вакиллар палатаси шу ҳафтада 1915 йилда бўлиб ўтган арманлар қирғинини геноцид ўлароқ тан олувчи резолюцияни қабул қилди. Туркиянинг Вашингтондаги элчиси ушбу резолюция Туркия ва АҚШ ўртасидаги сиёсий муҳитни совуқлаштиришидан огоҳлантирган.

Би-би-си Конгресснинг кутилмаган бу қарори ортида нима тургани, у АҚШ ва Туркия муносабатларига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ва резолюцияни қабул қилинишида арман лоббиси қандайин роль ўйнаганини таҳлил қилишга ҳаракат қилди.

Рамзий аҳамият

Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган резолюция АҚШ арманлар геноцидини тан олишини англатади. У Сенат ва мамлакат президенти маъқулловисиз кучга киради.

Американинг геноцидни тан олиши ўзида улкан рамзий маънони мужассам этган, аммо у АҚШ Давлат Департаменти ва америкалик дипломатларнинг тутган сиёсий ўрнига бевосита таъсир кўрсатмайди, дейди Британиянинг Conciliation Resources ташкилотининг Кавказ дастури директори ва Жанубий Кавказ бўйича эксперт Лоуренс Броерс Би-би-си Рус Хизматига.

29 октябрь куни ҳужжатнинг қабул қилиниши учун овоз бериш олдидан ўтган муҳокамаларда Конгресс аъзолари ташқи сиёсатдан кўра тарихий адолатнинг тикланиши масаласига кўпроқ урғу берганлар.

Бу ҳужжат Туркияга қарши йўналтирилмаган, балки у Усмонийлар Империяси даврида содир бўлган тарихий воқеликлар тўғрисидадир, дея маълум қилган Вакиллар палатасидаги демократлар етакчиси Стен Хоер парламент минбаридан туриб.

Ушбу резолюция АҚШ сизларни ташлаб қўймайди, дея бизнинг арман ва курд ака-сингилларимиз томон йўлланган хабардир, қўшимча қилган жаноб Хоер.

Истихборот қўмитаси раиси Адам Шифф эса мазкур резолюциянинг қабул қилиниши йўлида 19 йил курашганини таъкидлаган.

«Биз ҳеч қачон унутмаймиз. Биз сукут сақламаймиз», деган конгрессмен кўзда ёш билан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Демократ Адам Шифф

1915 йилда нима содир бўлган эди?

  • •Тарихчиларнинг аксарияти Биринчи Жаҳон Уруши пайтида амалга оширилган Анадўлудан оммавий депортация қилиш чоғида юз минглаб арманлар ҳалок бўлган, деган қарашга қўшиладилар.
  • •Геноцид тадқиқотчилари халқаро уюшмаси (IAGS)га кўра, ҳалок бўлганлар сони миллиондан юқори. Кўплаб тарихчилар эса қурбонлар сони 1,5 миллион бўлган, дейди.
  • •АҚШда яшовчи турк тарихчиси Танер Акчам арманларни оммавий қириш ишлари Усмонийлар Империяси ҳукумати кўрсатмаси асосида амалга оширилганини исботловчи ҳужжатларни эълон қилган.
  • •Россия, Германия, Франция, Бельгия, Италия, Бразилия ва бошқа давлатлар, шунингдек, Европа Парламенти бу тарихий воқеани геноцид ўлароқ расман тан олган.
  • •Рим Папаси Франсиск арманлар қирғинини 20-асрнинг илк геноциди, дея атаган.
  • •Туркия ҳукумати ҳалок бўлган арманлар сонининг 300 мингдан ошмаслигини иддао қилади ва арманларни мақсадли қирғин этиш Усмонийлар ҳукумати буйруғи асосида кечганини тан олмайди.

Геосиёсат

Геноцидни тан олиш тўғрисидаги резолюция АҚШ Вакиллар палатасига шу йилнинг январь ойида расман киритилган, аммо у Конгресснинг Туркия сиёсатидан норозилиги туфайли фақат бугунга келибгина қабул қилинди.

АҚШ НАТО таркибидаги муҳим иттифоқчиси бўлган Туркиянинг тутган ўрнини ҳисобга олган ҳолда, узоқ йиллардан бери бу қарорни олмай келаётган эди.

Бугунда мавжуд геосиёсий вазиятдан келиб чиқса, АҚШ қабул қилган резолюция Туркияни жазолаш йўлидаги уриниш каби кўриниши мумкин, дейди эксперт Броерс.

«АҚШ Конгрессида Анқарага нисбатан ошиб бораётган норозилик Туркиянинг курдларга қарши Сурияга бостириб кириши ортидан бўй кўрсата бошлади», изоҳлайди Би-би-си Турк Хизмати журналисти Ирем Кокер.

Аммо резолюциянинг қабул қилиниши тарихий ҳақиқатларни қабул қилиш йўлида турк фуқаролик жамияти амалга оширган ишларнинг белига тепиши мумкин, дея ҳисоблайди Eurasianet нашрининг Кавказ бўлими муҳаррири Жошуа Кучер.

«Ўтган йиллар давомида Туркия ўз ўтмишини қабул қилиш йўлида улкан йўлни олға босиб ўтди. 1915 йилдаги геноцидга қадар турк ҳукумати арманларни Ғарбнинг бешинчи колоннаси сифатида тасвирлар эди. Резолюциядек воқеалар оловга мой сепади, холос».

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Америка арманлари учун қатлиомнинг тан олиниши асосий талаб эди

Арман лоббиси

Резолюцияни қабул қилинишида америкалик арманлар манфаатларини илгари сурувчи ташкилотлар таъсир ўтказгани сир эмас.

Арманларнинг Америка Ассамблеси директори Мигран Тумаджяннинг сўзларига кўра, ташкилот раҳбарияти резолюция матнига АҚШ ҳукуматининг 1915-1919 йилларда геноцид қурбонларига кўрсатган ёрдами борасидаги сўзларни ҳам қўштиришга эришган.

Шунингдек, мамлакатдаги фаолларнинг ҳаракати билан Конгресснинг айрим аъзолари сўнгги онларда ўз қарашларини ўзгартириб, резолюция қабул қилинишини дастаклади, дея қўшимча қилади Тумаджян.

Резолюциянинг қабул қилиниши учун овоз беришга ҳафталар қолганда, арман лоббичилари, ҳатто, дам олиш кунлари ҳам зўр бериб ишлаб, ҳужжат учун омма қўлловини шакллантиришга муваффақ бўлганлар.

Бу ишда Америка арманлари миллий қўмитаси ҳам катта ҳисса қўшган. Ташкилот фаоллари ўз сайлов округидан бўлган Конгресс аъзоларига қўнғироқ қилиб, уларни резолюция учун овоз беришга чақирганлар.

Арман лоббичиларини яҳудийларнинг икки қудратли гуруҳи ҳам қўллаб-қувватлаган - Антидиффамацион лига ва Америка яҳудийлари қўмитаси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BULENT KILIC/AFP
Image caption Аксарият турк зиёлилари арманлар қатлиомини тан олишади

Рим Папаси Усмонлилар остидаги арманлар ўлимини "геноцид" деб атади

Арман нашри Ўзбекистонни миллатчиликда айблади

Арманлар қирғини хотирланмоқда - (2015 йил)

Туркия қандай жавоб қайтаради?

Расмий Анқара резолюциянинг қабул қилинишига анчайин салбий муносабат билдирмоқда.

Овоз бериш арафасида Туркиянинг АҚШдаги элчиси Сердар Қилич конгрессменларга резолюцияни қабул қилишдан воз кечиш ва Туркиянинг АҚШ билан ҳамкорлигига путур етказмасликка чақирган.

Бироқ резолюция икки томонлама муносабатларга салбий таъсир ўтказиши амри маҳол, дейди Би-би-си Турк Хизмати журналисти Ирем Кокер.

Бу фикрга Вашингтондаги Яқин Шарқ Институти илмий ходими Гуней Йилдиз ҳам қўшилади.

Гуней Йилдизнинг фикрича, Америка-Туркия муносабатлари аллақачон ёмонлашиб бўлган ва бу резолюция муносабатларнинг илиқлашишини секинлаштиради, холос.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ