Россия: Ўзбек йигитлари нима учун россиялик қизларга “уйланиш”га мажбур бўлишмоқда?

Никоҳ маросими Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/Barcroft Media

Марказий осиёлик муҳожирлар, хусусан, ўзбекистонликлар орасида Россия фуқаролигини олишнинг энг кўп тарқалган усули - "фиктивный брак", яъни сохта никоҳдир.

Оила қуриш истагисиз, икки томонниг маълум маблағ эвазига расмий никоҳ қайдидан ўтишга келишуви Россия фуқаролигини олиш ёки давлат имтиёзларидан фойдаланиш каби мақсадларда қўлланилади.

"Сохта никоҳ" нархи турлича: Москва шаҳри ва вилоятида арзон эмас, нақ 2000 АҚШ доллари атрофида. Мигрантлар гавжум ҳудудларда эса, нисбатан енгилроқ, чекка ҳудудларда эса ҳатто бирор хизмат (масалан, уйини таъмирлаб бериш) эвазига ҳам никоҳдан ўтиш мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати Россиянинг турли ҳудудларидаги россияликлар билан сохта никоҳдан ўтган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.

Ўзбекистон - Россия ва миграция: "Уйланиб Россияга келгулик қилмасин"

Ўзбекистон, Россия, миграция: Ўзбекнинг энг катта ташвиши четга чиқишми?

Россия, Ўзбекистон, миграция: "Ўликни ҳам ажратишадими?!"

Пулни тежаш учун... уйланиш

- Фуқаролик керак эмас, вақтинчалик яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) ни олсам бўлди, - дейди андижонлик Сарвар. - Ҳисоблаб кўрсам, 5 йил давомида патентга сарфлайдиган пулларимдан кўра, арзон тушаркан. Полиция текширавериб безор қилмайди, ҳадеб чегарага кириб-чиқиб юрмайман. Ўзимни яхши касбим бор, соҳам бўйича ишга жойлашиш имконим бўларди.

Сарвар сохта никоҳдан ўтиш харажатлари ўзига $2000 долларга тушганини айтади. Унга ёши ўзидан 3 ёш катта, оиласидан ажрашган рус "келин" топилган.

- Бир қарорга келганимдан кейин аввал йўл-йўриғини биладиган одамлар билан маслаҳатлашдим. Ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича хизмат кўрсатувчилар "Қизил паспорт"и бор "келин" топишди (Россия фуқаролигига эга). Келишилган пулнинг бир қисмини олдиндан, қолганини никоҳни расмийлаштирганимиздан сўнг бердим. Икки йиллик келишув, бу вақтда вақтинчалик яшаш гувоҳномасини олишга улгураман. Кейин "ажрашамиз", - сохта никоҳ жараёни ҳақида гапирди муҳожир.

Шу билан бирга андижонлик йигит вақти келиб ватанга қайтса, оила қуришида муаммо бўлмаслигидан бироз хавотирини билдирди.

- "Ёзда уйга бориб уйланадиган бўлсам, бу ердаги ЗАГС чиқиб қолиб, ҳар хил тушунмовчиликлар бўлмасмикин? Қиз томон Россияда уйланган экан деб айниб қолиши, гап-сўз бўлиши мумкинми, деб баъзида ўйлайман", дейди Сарвар.

Шунингдек, шундай ҳолат юзага келгудек бўлганида ҳам, яқинлари уни тушунишидан умид қилди: "ҳозирги шароитни ҳамма кўриб турибди-ку, пулни тежаш учун шу йўлни тутдим".

Юқоридаги ҳолат сохта никоҳ борасидаги энг муаммосиз кечаётгани, дейиш мумкин. Аммо, шунда ҳам, Россияда қонун бўйича сохта никоҳ учун жавобгарлик белгиланган. Бу ҳолат аниқланганда, суд ҳукми билан никоҳ бекор қилинади.

"Келин лўли бўлиб чиқди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/Frédéric Soltan

Тўрткўллик Умрбекнинг муҳожирлик ҳаётида эса сохта никоҳ жараёни анчагина кўнгилсизликларни келтириб чиқарган.

- "Ҳужжатчилар" топган келин лўли (циган) бўлиб чиқди. Никоҳгача ҳам, ундан кейин ҳам ҳар ўн-ўн беш кунда пул деб "қонимни ичди", - хуноб бўлиб гапиради йигит. - Келишилган пулни олдиндан берганмиз. Никоҳни расмийлаштиришга борганимиз йўқ, паспортимни бердим, ўзлари (ҳужжат тайёрловчилар) олиб келиб беришди. Кейин Сахарова (миграция маркази)га вақтинчалик яшаш гувоҳномасига ҳужжат топширишга боришим учун "келин"ни паспорти керак бўлди. "Яна пул бермасанг бермайман", дейди. Бу келишувда йўқ эди. Ҳеч қанақа гапга тушунмади. Мажбурман, шунча ҳаракатим зое кетмаслик учун рози бўлдим.

"Ўзбек паспорти - фақат ғалва"

Умрбек ҳали вақтинчалик яшаш гувоҳномасини ололмаганини айтади. Аммо сохта никоҳ билан Россия фуқаролигини олган Рустамга кўра, бу "муҳожирлар учун энг қулай йўл".

- Ҳамма ҳужжатларимни Тулада расмийлаштирдим. Икки йил ўша ерда ишлаб, қизил паспорт олдиму Москвага қайтдим. Бу ерда ўзбек паспортини турган-битгани ғалва: на тузук ишга кириб бўлади, на бир қадри бор. Паспортимни муддати тугагани йўқ, алмаштиришга Қаршига бориб келишга тўғри келди. Элчихонада алмаштиришмайди, битта паспорт алмаштириш йўлкира билан қанчага тушади бизга? Яхшиям, Россия паспортига ўтганим, мана, орадан ҳеч қанча ўтмай, яна янги паспортга алмаштиришаяпти.

"Онам тенги "хотиним"

Рустам Москва вилоятида ҳайдовчилик қилади. Унинг "сохта никоҳи" ва Россия фуқаролигини олганидан оиласи хабардор.

- Аёлим бошида шубҳаланди, у ерда бировни топиб олгансиз, деб роса жанжал қилди. "Келин"ни кўрганим ҳам йўқ, десам ишонмайди. Русга уйланиб паспорт олиб шу ерда қолиб кетади, деб ўйлади. Болаларим бор, қайтиб бораман барибир. Лекин ҳозирги вазиятда бу ерда ишлаб яхши пул топишим учун шу қулай йўл бўлиб турибди, - гапириб берди қашқадарёлик ҳайдовчи.

Унинг айтишича, сохта никоҳга тулалик нафақадаги аёл рози бўлган ва бу никоҳ эвазига Рустам унинг уйини таъмирлаган ва қўшимча 20 минг рубль ( 300 АҚШ доллари атрофида) пул берган. Рафиқасини ишонтириш учун эса уй таъмирлаш вақтида кекса аёлни "ИМО"да кўрсатган.

"Онам тенги "хотиним"ни кўриб тинчланди, бўлмаса, болаларни олиб кетаман, деб турганди", - деб кулади Рустам.

"Никоҳимиз ҳақиқий бўлишини хоҳлайсанми?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images/Sergei Malgavko

Муҳожирлар орасида кам бўлса-да, сохта никоҳ учун келишиб, сўнгра оила қуриб яшаб кетганлари ҳам учраб туради.

26 ёшли Шоҳ (ўзини шундай таништирди - таҳр.)нинг айтишича, Москвага ишлашга келган ёшгина рус қиз билан танишиб қолган. Бир-бирига ёрдам бериш мақсадида сохта никоҳдан ўтишга қарор қилишади ва икки йил деганда, қўлига Россия паспортини олади. Аммо шу билан муносабат узилмайди.

- У бир ўзи ишлаб, касал онасига пул юборарди, укалари ёш эди. Раҳмим келиб унга қарашиб юрдим, - ҳикоя қилиб берди Шоҳ. - У-бу нарсалар олиб борардим, гаплашиб ўтирардик. Менга русчани ўргатди. Ҳеч кимим йўқ бу ерда, шу билан овуниб ўрганиб ҳам қолдим. Кейин ундан ЗАГСимиз ҳақиқий, ҳаётимиз ҳам ҳақиқий бўлишини хоҳлайсанми?, деб сўрадим. У тушунди. Кейинроқ эса, розилик билдирди.

Бу оиланинг 2 ёшли қизчаси бор. Шоҳ уларни ўтган йили Тўрақўрғонга олиб борганини айтади.

- Аввалига ота-онам кўнмаганди, боламиз бўлганидан кейин тақдирга тан беришди. Лекин ҳалиям тўй қила олганимиз йўқ. Ўзимизникидан ташқари, яна иккита оилани (қизни ва ўзини) боқаяпмиз, - хўрсинади Шоҳ.

* * *

Суҳбатдошларимиз Россияга тирикчилик, ишлаб пул орттириб, уйга юбориш мақсадида келгани, ҳужжатларда енгиллик ва пулни иқтисод қилиш учун сохта никоҳ расмийлаштиришганини билдиришди. Бир суҳбатдошимиз эса оила аъзолари бундан бехабарлигини айтди.

Муҳожирлар ҳам, уларга ҳужжатларни тайёрлашда хизмат кўрсатувчилар ҳам сохта никоҳни қатъий бекитишади. Сохта никоҳ Россияда қонун орқали таъқибланишига қарамай, уни расмийлаштириш истагида бўлган ўзбекистонликлар йилдан йилга кўпайиб бораяпти.

РФ ИИВ маълумотига кўра, 2018 йилда 25 мингдан ошиқ ўзбекистонликлар Россия фуқаролигини олган. Бу МДҲ мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ