Бунақаси бўлмаган: Онам ўласан, десалар ҳам, қайтмадим - дунё ва тақдирлар

Афғон аёли Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Дунё ва тақдирлар: Онам ўласан, десалар ҳам, қайтмадим - биласизми, бу кимнинг гаплари?

Яқин-яқингача уй бекаси бўлган афғон аёллариники.

Улар бугун жуда хатарли ишга бош қўшишган.

Аёлларнинг фақат ўзлари Афғонистонни миналардан тозалашга киришишган.

Бунақаси мамлакат тарихида кузатилмаган.

Афғонистон минтақадаги давлатчилиги расман исломий бўлган иккита давлатдан биттаси бўлади.

Устига устак, жамияти ўта анъанадор экани боис, мина тозалаш тугул, аёлларнинг оддий давлат ишларида ишлашлари ҳам хуш кўрилмайди.

Нисбатан тинч эканига қарамай, ҳозирча бу каби ташаббус Афғонистоннинг марказий Бомиён вилоятида йўлга қўйилган.

Бу аёллар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус синов дастурига бош қўшишар экан, ҳатто оналари бўлмайдими, яқинларининг "Ҳай-ҳайлари"га ҳам қулоқ тутиб ўтиришмаган.

Афғонистон, сиёсат ва иддаолар: Атрофингдаги ҳамма эркак сен билан жинсий яқинлик истайди

'Афғонистон - аёллар учун энг хавфли мамлакат'

Афғонистон: Жабрдийда аёллар қамоққа ташланмоқда

Агар, ўз иқрорларига таянилса, бу хотин-қизлардан айримлари ўз яқинларини ана шу миналарда бой беришган.

Қирқ йиллик урушлар ичидаги Афғонистон дунёнинг энг миналаштирилганича қолаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Мамлакатнинг аксарият вилоятлари мисолида бўлгани каби, Бомиёндаги миналар ҳам асосан Шўролар Ишғоли пайтидан қолган.

Уларга сочмаси дохил яна турли урушлар давридаги портламай қолган бомбалар ҳам қўшилган.

Орада кечган вақт давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти баробарида яна қатор халқаро ташкилотлар Афғонистонни миналардан тозалашга қаратилган барномаларни йўлга қўйишган.

Аммо Афғонистоннинг икки минг квадрат километрга яқин майдони ҳануз миналар қучоғида қолмоқда.

Мутахассислар бу жараённинг ўта қийин ва қиммат эканини эътироф этишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

"Бу худди бир яширин урушга ўхшайди. Чунки миналар ер остига кўмилган. Уларга нохосдан оёқ қўйишингиз ҳеч гап эмас. Бу эса, ҳаёт-мамотингиз, деганидир", - дейди, ҳатто, Бомиёндаги аёл мина тозаловчилардан бири.

Мамлакатда ҳалиям ҳар куни ўртача тўрт киши ана шу миналарнинг қурбонига айланади.

Ўз тупроқларини миналардан тозалашга аҳд қилган афғон аёлларининг сони ҳали қирққа ҳам бормайди.

35 миллионли Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпроғи эса, айнан хотин-қизлардан иборат.

Аммо, шунга қарамай, улар ҳали-ҳануз афғон жамиятининг ночор ва ишсиз қатламининг асосини ташкил этади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти афғон аёлларига миналарни зарарсизлантириш малакасини ўргатиш билан яна кўп нарсаларни кўзламоқда.

Уларни молиявий жиҳатдан оёққа қўйиб, бизнес бўладими ёки ҳуқуқ, бошқа касб сирларини ўрганишлари учун замина ҳозирлашга ҳам уринмоқда.

Агар, ҳисоб-китобларга таянилса, халқаро ташкилот биргина Бомиёндаги ана шу синов дастури учун қарийб ярим миллион доллар харжлаган.

Ташкилотчиларга кўра, бу барнома алал-оқибат Афғонистонда ҳали-ҳамон долзарблигича қолаётган гендер тенглик муаммосининг самарали ва амалий ечимларидан бири бўлиб ҳам хизмат қилиши мумкин.

Турли кўринишдаги ўта шафқатсиз маиший зўравонликлар эса, йилларки, афғон аёллари тўқнаш келиб турган энг оғир ва долзарб иккита муаммодан биттаси сифатида эътироф этилади.

Энг сўнггида шуни ҳам таъкидлаш керакки, Афғонистоннинг айнан ана шу синов дастури йўлга қўйилган Бомиён вилояти ҳокими ҳам аёл киши бўлади.

Ҳали 2005 йилда бу лавозимни эгаллаган Ҳабиба Саробий ҳозирча Афғонистондаги ягона аёл ҳоким саналади.

Тез орада айнан Бомиённинг миналардан буткул холи ҳудуд, дея эълон қилиниши ҳам кутилмоқда.

Аҳолиси ярим миллионга яқин Бомиён Афғонистоннинг иқтисоди қишлоқ хўжалигига асосланган вилоятларидан бири бўлади. Айниқса, ўзининг картошкалари билан тилга тушган.

Ўта қадимий сатҳларга тўлиб тошган, ўз вақтида Толибон томонидан бутун дунёга машҳур улкан Будда ҳайкаллари портлатиб юборилган Бомиён Афғонистоннинг энг туристик потенциали юқори иккита вилоятидан биттаси ҳам бўлади.

Ўзининг чанғи учишга хос ва мос тоғлари билан жаҳонда кўпчиликнинг эътиборини тортиб, ўша яхши кунлар келишига бўлган ҳавасини орттириб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ