Туркия ҳарбийлари Бағдодийнинг опасини ҳибсга олган. Нимага?

сестра аль-багдади Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бағдодийнинг опаси

Туркия мулозимларига кўра, ИШИДнинг собиқ раҳбари Бағдодийнинг опаси қўлга олинган.

Рейтерс хабар агентлиги турк мулозимига таяниб хабар қилишича, 65 ёшли Расмия Авад Суриянинг Алеппо минтақасида ҳибсга олинган.

Бу минтақа Туркия ҳарбийлари назорати остига ўтган.

"Унинг ёрдами билан биз бу гуруҳнинг фаолият ва тузилмаси ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишга умид қиламиз", деб айтган мулозим Рейтерс ахборот агентлигига.

Аммо айни хабар мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.

Бағдодийнинг опаси ҳақида бошқа деярли маълумот йўқ.

Ҳозирги пайтда уни экстремист ташкилотга аъзоликда айблашмоқда.

Аммо мутахассисларга кўра, Расмия Авад укаси билан қанчалар вақт ўтказгани ва қандай маълумотга эга бўлгани ҳақида саволлар жавобсиз қолмоқда.

"Мен уни ҳужумларни режалашда иштирок этган деб ўйламайман. Аммо у Бағдодийнинг ишончли одамлари, заҳиралар ташиш йўли ва бу оилага ёрдам берганлар ҳақида маълумотга эга бўлиши мумкин", дейди аксилтеррор масалаларда мутахассис Майк Прежент.

Расмия Авадни эри, келини ва беш фарзанди билан ҳибсга олишган.

Ҳозир эр-хотинни Туркия терговчилари сўроқ қилишмоқда.

Бағдодийнинг беш ака-укаси ва бир неча опа-синглиси бўлган. Улар орасида ким ҳаёт, ким ҳаёт эмаслиги ҳақида маълумот йўқ.

Бағдодийга қарши махсус амалиёт

Бағдодийнинг ўлими ҳақида ўтган ой охирида хабар берилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жиҳод гуруҳи раҳбари ўзини Идлибдаги яширинаётган жойида портлатиб юборгани айтилади.

Бир неча кун ўтиб ИШИД унинг ворисини "халифа" деб эълон қилганди.

Янги "халифа"нинг исми Иброҳим Ал Ҳошимий Ал Қураши.

Махсус амалиёт акс этган тасвирлар кейинроқ АҚШ ҳарбийлари томонидан эълон қилинганди.

Бу тасвирларда вертолётлар Бағдодий яширинган деб ишонилган манзилга учиб келаётгани кўрсатилади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Бағдолийга қарши амалиёт

Вертолётлар қўниши билан деворнинг бир неча жойи портлатилади.

Бағдодийга таслим бўлиш таклиф қилинади, аммо у ўзини портлатади.

У яширинган бино вайрон қилинади.

Оқ Уй Бағдодийнинг ўлимини Трампнинг ғалабаси деб талқин қилади.

Аммо мутахассисларга кўра, ИШИД хавфи Бағдодийнинг ўлими билан бартараф бўлмаган.

ИШИД: Қамоқхоналардаги «ёвузлик» Европага ёпирилишга шай турибдими?

Туркия-Сурия уруши: Ҳужум пайти юзлаб ИШИДга алоқадор хорижлик қочди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ