Дунё: Путиннинг иттифоқчиси истеъфо бердими ёки ағдарилди?

Хеанине Аньес Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жанин Аньес провозгласила себя временно исполняющим обязанности президента

20 октябрда ўтган президентлик сайловида тўртинчи бор ғолиб чиққанини эълон қилиши ортидан боливияликлар Эво Моралес ҳокимиятига қарши бош кўтарган эди. Оқибатда, Моралес истеъфо беришга мажбур бўлган. Бироқ бу аслида давлат тўнтариши эдими?

10 ноябрь куни ўз истеъфосини эълон қилган Эво Моралес юз берган воқеаларни давлат тўнтариши, дея атайди.

Салкам 14 йиллик президентликдан сўнг у Мексикадан сиёсий бошпана олиб, ҳеч қанча вақт ўтмай, мамлакатни тарк этган.

2005 йилда ҳокимиятга келган 60 яшар Моралес Боливиянинг маҳаллий этник ҳинду аҳолисига мансуб илк президенти ҳисобланади.

У ўз давлат бошқаруви даврида турли ижтимоий дастурларни жорий этгани, қашшоқлик даражасини туширишга эришгани, туб аҳоли ҳуқуқларини кенгайтиргани ортидан боливияликларнинг кенг қўлловини қўлга киритган эди.

Моралес олиб борган социалистча ислоҳотлар мамлакатнинг йирик табиий газ захираларидан келаётган маблағга асосланган эди.

Бироқ табиий энергия манбаларининг жаҳон бозоридаги нархи тушиб кетиши Боливия иқтисодиётида ҳам ўз аксини кўрсата бошлаган: ташқи қарз миқдори ошиб, мамлакат бюджетида камомад юзага келган.

Моралес қандай ҳокимиятдан кетди?

Боливия Сайлов Комиссияси шу йилнинг 20 октябрида ўтган сайлов натижаларини ҳисоблай бошлаган, аммо овозларнинг 80 фоиздан кўпроқ қисми санаб чиқилганидан сўнг Комиссия тўсатдан тафсилотларни эълон қилмай қўйган.

Орадан бир кунча вақт ўтгач, Комиссия сайтида яна рақамлар эълон қилинган, аммо бу сафар номзодлар орасидаги фарқлар сезиларли ўзгариб қолган эди.

Натижада, Моралес тўртинчи бор президент, дея эълон қилинган.

Мухолифат сайловда сохтакашлик юз берганидан шубҳа қилгач, мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Халқаро кузатувчилари ҳам сайловнинг ҳалол ўтмаганини таъкидлаган.

Моралес эса ўзига нисбатан давлат тўнтариши уюштирилаётганини иддао қилиб чиққан.

Ноябрь ойининг биринчи ҳафтасига келиб, бир қанча йирик шаҳарларда полиция намойишчилар тарафига ўтиб кетаётгани борасида хабарлар чиққан.

Моралес, ўз навбатида, тарафдорларини «халқ иродаси натижаларини ҳимоя қилиш»га чақирган.

10 ноябрь куни Америка давлатлари ташкилоти ўтказилган текширув сайлов натижаларининг сохталаштирилганини кўрсатганини маълум қилган. Ўша куннинг ўзида президентнинг бир неча тарафдорлари ўз лавозимидан истеъфо берган.

Мухолифат Моралесни ҳам ҳокимиятдан кетишга чақира бошлаган.

Аммо Моралес ҳарбийлар қистамаганча, ҳокимиятдан воз кечишни истамаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Моралес прилетел в Мексику и пообещал продолжить борьбу

Бу тўнтариш эдими?

10 ноябрь куни мамлакат қуролли кучлари раҳбари Уилямс Калиман Моралесни истеъфога кетишга чақирган.

Шунингдек, Калиман намойишчиларга қурол билан ташланган ҳар қандай шахснинг «йўқ қилиниши»ни ҳам таъкидлаган.

Айнан қуролли кучларнинг аралашуви Моралесга давлат тўнтариши ҳақида гапиришга асос бўлган, изоҳлайди Барселона Университетининг сиёсатшунослик факультети профессори Пумпеу Фабра Абел Эскриба Фулх.

«Давлат тўнтариши - бу давлат аппарати таркибидаги ҳарбийлар ёки бошқа қуролли кучларнинг амалдаги ҳукуматни ағдариш мақсадида таҳдид қилиши ёки ноқонуний очиқ ҳужумга уриниши», дейди эксперт.

«Боливиядан келаётган хабарлардан хулосам - у ерда тўнтариш бўлган», қўшимча қилади у.

Танқидчилар Моралесдан нега норози?

Моралес сиёсатидан норозилик сайловга қадар анча вақт олдин юзага келган.

2016 йил сентябрида бўлиб ўтган референдумда боливияликлар «бир шахс икки муддатдан ортиқ президент бўлмасин», дея аниқ айтганлар.

Бу 2005 йилдан бери уч бор президентликка сайланган Эво Моралеснинг ҳокимиятни топширишга мажбурлигини англатар эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аммо 2017 йил декабрида Боливия Конституцион суди инсон ҳуқуқлари бўйича Америка конвенциясини рўкач қилган ҳолда, референдум натижаларини бекор қилган.

Бу халқнинг кескин норозилигини юзага келтирган.

Танқидчилар Моралесни демократияни ҳурмат қилмаганликда айблайди.

Унинг даврида киши бошига мамлакат ялпи ички маҳсулоти уч баробарга ўсгани, қашшоқлик сезиларли камайгани, одамларнинг ўртача умр давомийлиги ошганига қарамай, Моралес нотўғри иқтисодий сиёсат юритганлик, хорижий компанияларга ҳаддан зиёд солиқ солганлик ва давлат ғазнасига жиддий зарар етказганликда танқид қилинади.

Мексикага қочиш

Истеъфосидан сўнг жони хавф остида қолганини даъво қилган собиқ президент Мексикадан сиёсий бошпана сўраган ва унинг истаги қондирилган.

12 ноябрь куни Мексика пойтахтига келиб қўнган Моралес матбуот анжумани ташкил этиб, «қон тўкилишининг олдини олиш мақсадида» президентликдан воз кечганини маълум қилган.

Шунингдек у «тўнтариш уюштирганлар» ўзининг боши учун $50 минг мукофот эълон қилганини ҳам иддао этган.

У Мексика президенти Андрес Мануэл Обрадорга «жонини сақлаб қолгани учун» ташаккур изҳор этган.

Моралес Боливияни тарк этган бўлсада, сиёсатдан кетмаслиги ва «куч-қувват йиғиб» яна ватанига қайтишини таъкидлаган.

Боливияда ҳозир вазият қандай?

Эво Моралеснинг кетиши ортидан мухолифатчи сиёсатчи Жанин Анес ўзини муваққат президент ўлароқ эълон қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Боливия конституциясига кўра, амалдаги президентнинг истеъфосидан сўнг вице-президент ёки сенат раиси мамлакат раҳбари вазифасини бажарувчига айланади.

Аммо вице-президент Алваро Гарция Линера Эво Моралес билан бирга Мексикага ихтиёрий сиёсий сургунга кетган. Сенат раиси Адриана Салватерра ва парламент қуйи палатаси - Депутатлар Палатаси раиси Виктор Борда ҳам ўз лавозимидан истеъфо берган.

Қонун бўйича бундай вазиятда муваққат президентлик вазифаси Сенат раиси ўринбосарларидан бирига ўтади. Жанин Анес эса Сенат раҳбари ўринбосаридир.

Анес хоним «ваҳшийлик ва ўлимларга чек қўйиш мақсадида президент бўлишга рози экани»ни маълум қилган.

Мухолифат унинг бу қарорини олқишлар билан қарши олган бўлса, Моралеснинг Социализм Томон Ҳаракат партияси Жанин Анеснинг муваққат президент бўлиши учун Сенатда ўтган овоз беришни бойкот қилган.

Шунга қарамай, Боливия Олий суди унинг ҳокимиятга келишини маъқуллаган.

Моралес Twitter'даги ўз саҳифасида бу воқеаларни «тарихдаги энг айёрона, энг жирканч давлат тўнтариши» дея атаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek