Ўзбекистон-Россия: ЛУКОЙЛ ходими Россиядаги ишчисини сўкса нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Lukoil

"ЛУКОЙЛ" ширкати ўзининг Қашқадарёдаги ходими маҳаллий ишчиларни ҳақоратлаганини тан олган, аммо кечирим сўрамаган.

14 ноябр куни эълон қилган баёнотида ширкат можаро марказидаги ходим Москвага, этика бўйича комиссия ҳузурига чақиртирилганини айтган.

Баёнотда айтилишича, ҳозирда ички суриштирув ишлари олиб борилмоқда ва "текширув натижалари бўйича мазкур ҳолатнинг барча иштирокчиларига нисбатан айбдорлик даражасини ҳисобга олган ҳолда ва корпоратив талабларга мувофиқ маъмурий жарима чоралари қўлланилади".

29 октябрь куни Қашқадарё вилоятида жойлашган «Жарқудуқ» мажмуасида рўй берган воқеа ҳодисада бош энергетик И.А.Шилов экани айтилган "ЛУКОЙЛ" ходими ўзбек ишчиларни "баран" деб сўккан.

"Йўриқномага амал қилмаслик оқибатида ўз қўл остидаги ишчиларининг ҳаётига етказилиши мумкин бўлган фожиали оқибатларни англаган ҳолда И.А.Шилов аҳлоқ-одоб меърларидан четга чиқиб, маҳаллий ва хизмат сафаридаги ишчилар шаънига қўпол сўзларни айтган. Ҳозирги вақтда компанияда ички суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан И.А.Шилов «ЛУКОЙЛ» ОАЖ (Москва)нинг Ишбилармонлик этикаси бўйича комиссияси йиғилишига чақиртирилган. Текширув натижалари бўйича мазкур ҳолатнинг барча иштирокчиларига нисбатан айбдорлик даражасини ҳисобга олган ҳолда ва корпоратив талабларга мувофиқ маъмурий жарима чоралари қўлланилади. Ишчи-ходимлар ва аҳоли хавфсизлиги, соғлигини таъминлаш бўйича жамият олдидаги масъулият даражасини англаган ҳолда ЛУКОЙЛ ўз иш фаолиятида саноат хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси соҳасидаги юқори стандартларга амал қилади, белгиланган қоидаларга риоя қилиниши устидан жиддий назорат ўрнатган. Зеро, инсонлар ЛУКОЙЛнинг бебаҳо қадриятидир", дейилади "ЛУКОЙЛ" баёнотида.

Ўзбекистон расмий идоралари ва касаба уюшмалари ҳодиса юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаган.

Аввалроқ "Адолат" партияси ва "Миллий юксалиш" ҳаракати "ЛУКОЙЛ" ходимининг ҳаракатини қоралаганди.

Ижтимоий тармоқларда эса фикрлар бўлинган.

Рус тилида ёзувчи айрим блогерларнинг ҳодисани маҳаллийчилик кўринишлари билан таққослаши танқидий муносабатларга сабаб бўлмоқда.

"ЛУКОЙЛ" Россиянинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган энг йирик газ қазиб олувчи ва қайта ишловчи ширкатидир.

Ширкатнинг Ўзбекистондаги умумий сармоялари ҳажми 3 миллиард доллардан ошган.

Аввалроқ "ЛУКОЙЛ" 2041 йилгача Ўзбекистонда жами 8 миллиардлик "мега лойиҳалар"ни амалга ошириши режасини эълон қилганди.

Россия ва Ўзбекистонда раҳбар ходимларнинг қўл остидагиларни сўкиши янгилик эмас.

Аммо бу борада этика кодекси ва меҳнат қонунлари нима дейди?

Би-би-си Москвадаги мустақил ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммадга мурожаат қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek