АҚШнинг яҳудий манзилгоҳлар борасидаги мавқеини фаластинликлар қораламоқдалар

A general view of the mosque of the East Jerusalem neighbourhood of Issawiya and the Israeli West Bank settlement of Maale Adumim in the background, 19 November 2019 Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Шарқий Қудснинг Исавия маҳалласидаги масжид фонида Маале Адумим яҳудий манзилгоҳи кўриниб турибди

АҚШ ўнлаб йиллар давомида таъкидлаб келган мавқеини ўзгартирди: Фаластиннинг Исроил босиб олган Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилида яҳудий келгиндилар манзилгоҳларини барпо этиш халқаро қонунчиликка мос.

Фаластинликлар АҚШнинг қирқ йиллик позициясини ўзгартирганини қораламоқдалар.

Фаластин билан Исроил ўртасидаги музокараларда Фаластиннинг бош музокарачиси Саэб Эракат айтишича, ушбу ҳолат халқаро қонунларни "чангалзор қонунлари" билан алмаштириш таҳдидини пайдо қилади.

Аммо Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняху АҚШ қарорини олқишлаб чиқди.

Бирлашган Миллат ташкилоти Ғарбий Соҳилдаги яҳудий манзилгоҳлари халқаро қонунларга зид қурилаяпти, деб кўради.

Яҳудий жамлоқлар 1967 йилги урушда Исроил босиб олган ҳудудларда барпо этилмоқда.

Бу замин узоқ йиллардан буён Исроил ва халқаро ҳамжамият ва Фаластин ўртасидаги баҳс манбаи бўлиб келмоқда.

18 ноябр куни АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео яҳудий манзилгоҳлари халқаро қонунларга зид эмас, деган баёнот берди.

"Биз у ердаги асл вазиятдан келиб чиқдик. Яҳудий манзилгоҳларини ортиқ халқаро қонунларга зид эмас, деб эълон қилдик. Шу йўл билан Исроил ва Фаластиннинг бир ёқадан бош чиқариб, ўта ташвишли муаммога сиёсий ечим топишлари учун жуда яхши бир замин ҳозирладик", деб айтди АҚШ Давлат котиби.

Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳили ва Шарқий Қудснинг ишғоли ортидан Исроил бу ҳудудларда яҳудий келгиндилар манзилгоҳларини барпо этди, ҳозир бу манзилгоҳларда 600000 яҳудий истиқомат қилади.

Фаластинликлар бу манзилгоҳлар кўчирилишини хоҳлашади. Фаластинликлар, бу ҳудудларда яҳудий манўилгоҳларининг борлиги Фаластин давлати истиқболини йўққа чиқаради, дейдилар.

"Бу халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий хавф солади. Халқаро ҳамжамиятни қонун устуворлигидан четга тортади. Можароларни тинч, сиёсий эмас, чангалзор қонун-қоидалари асосида ҳал қиладиган қилиб қўяди", деди Фаластин бош музокарачиси Саэб Эракат.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ