Дунё ва мусулмонлар: Янги маълумотлар Хитой уйғурларнинг миясини қандай юваётганини ошкор қилди

стена лагеря Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Экспертларнинг фикрича, Хитойнинг мақсади уйғурларнинг миллий ва диний ўзлигини йўқ қилиш

Матбуотга сизган янги янги маълумотлар Хитой ҳукумати қаттиқ қўриқланадиган қамоқхона-лагерларда юз минглаб мусулмонларнинг миясини мунтазам равишда қандай юваётганини ошкор қилди.

Би-би-сининг "Панорама" дастури танишиб чиққан ҳужжатлардан англашилишича, маҳбуслар қамаб қўйилади, уларнинг онгига бошқа таълимотлар сингдирилади ва жазоланади.

Ҳужжатларни Тадқиқотчи-журналист халқаро консорциуми қўлга киритган.

Хитой лагерларда хоҳловчиларни ўқитаётганини айтиб келади, аммо янги сиздирилган маълумотларга кўра, уларда шафқатсиз интизом ўрнатилган, маҳбуслар куч билан ушлаб турилади ва кузатув камераларидан доимий таъқиб қилинади.

Би-би-си мухбири Хитойдаги мусулмон уйғурлар жамлоғида нималарни кўрди?

Ўзбекистон: Уйғурлар ҳимоячиси мамлакатга киритилмади

АҚШ Марказий Осиё давлатларига: Уйғурларни Хитойга топширманг

Ҳужжатлар орасида лагерлар бошлиқлари учун Хитой коммунистик партияси амалдори имзо чеккан йўриқнома, лагерлар ичида тарқатиладиган бюллетенлар ва диний қарашлари ҳақида гапирган уйғур эркакка чиқарилган 10 йиллик қамоқ ҳукми нусҳалари бор.

Расмий Пекин ҳужжатларни шарҳламаган, Хитойнинг Британиядаги элчиси эса уларни "сохта" деб атаган.

Журналистлар лагерларда судсиз-маҳкамасиз ҳибсга олинган бир миллионга яқин, асосан уйғур миллатига мансуб маҳбуслар сақланади, деган хулосага келишган.

Ҳужжатлар орасидаги йўриқнома Шинжон-Уйғур мухтор бўлгасида хавфсизлик масалалари учун масъул бўлган туман партияси котибининг собиқ ўринбосари Жу Хайлун тарафидан имзоланган.

Унда Жу лагер бошлиқларидан қаттиқ интизом ва қочишга уринган маҳбусларни жазолаш бўйича чораларни талаб қилади.

Жумладан, у мана бундай буйруқ берган:

  • "Биронта ҳам маҳбуснинг қочишига йўл қўймаслик"
  • "Интизомни кучайтириш ва тартиббузарларга қаттиқроқ чора кўриш"
  • "Иқрорлик ва пушаймонлик кўрсатмаларини олиш"
  • "Асосий эътиборни Хитой тили курсларига бериш"
  • "Талабаларни буткул ўзгаришларини рағбатлантириш"
  • "Тўлиқ видео кузатувларни йўлга қўйиш. Ётоқхона ва синф хоналаридаги "кўринмас жойлар"ни йўқ қилиш"

Ҳужжатлардан англашилишича, маҳбуслар ҳаётининг барча қирралари кузатилади ва назорат қилинади: "Талабанинг ўз ётоғи, машғулотлар хонасида ўз навбати ва ишлаш учун ўз ускунаси бўлиши лозим - жойни алмаштириш қатъия ман этилади".

Ҳужжатлардан шунингдек, ҳибсга олишларнинг мисли кўрилмаган миқёси ҳам англашилади.

Масалан, 2017 йилда бир ҳафта ичида Шинжон жанубида истиқомат қилган 15 минг одам лагерларга жўнатилган.

Human Rights Watch ташкилотининг Хитой бўйича директори Софи Ричардсоннинг айтишича, ушбу ҳужжатлар прокуратура томонидан ўрганилиши лозим.

"Улар инсон ҳақларининг қўпол равишда бузилишидан дарак бермоқда", - дейди у.

HRW вакилининг фикрича, маҳбусларни камида "руҳий қийноқ қурбонлари" деб аташ мумкин.

"Чунки улар лагерда қанча вақт бўлишларини билмайдилар".

Йўриқномага мувофиқ, фақат қадриятлари, тили ва эътиқодини ўзгартирган маҳбусларгина озодликка чиқарилади.

Жаҳон Уйғур Конгресси маслаҳатчиси ва адвокати Бен Эммерсоннинг айтишича, Хитой лагерлар тармоғининг мақсади инсоннинг ўзлигини алмаштиришдир.

"Бу бутун бошли халқнинг ўзлигини алмаштиришга қаратилган ҳаракатдан бошқа нарса эмас. Мақсад - Шинжон Уйғур мухтор бўлгасида яшовчи мусулмон уйғурларни алоҳида маданий жамоа сифатида йўқ қилишдир".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ