Ўзбекистон: Биронта вилоят ҳокими ўзбек автомобилида юрмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kun.uz
Image caption Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов имомлар ва пахтакорларга Асакада ишлаб чиқарилган машиналарни совға қилиши билан ном чиқарган

Ўзбекистондаги вилоят ҳокимларининг аксарияти давлат томонидан берилган Toyota Prado автомобилидан фойдаланади.

Qalampir.uz нашри сўровида қатнашган биронта ҳам ҳоким Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган автомобилда юрмаслиги маълум бўлган.

Малибу-2 можароси: "Халққаям раҳм қилинг, эй ҳоким бойваччалар"

Бераётган бўлсам халқимга беряпман - Вазирлик ҳокимларнинг машина совға қилишини чекламоқчи

Ўзбекистон: Мирзиёевдан унинг исмини қўйганларга машина бериш амалиётини тўхтатиш сўралди

"Андижон вилоят ҳокими, Шуҳратбек Абдураҳмонов:

— Toyota Prado. Бу вилоятнинг обрўси, қолаверса менинг машинам эмас. Уни давлат берган

Ғофур Мирзаев, Сирдарё вилояти ҳокими:

— Давлат берган машинасида юрамиз. Toyota Prado

Зойир Мирзаев, Қашқадарё вилояти ҳокими:

— Infiniti машинаси. Йўл танламас машина. Қашқадарё йўлларига мос. Мерос бўлиб қолган. Шуни минамизда.

Фарҳод Эрманов, Хоразм вилояти ҳокими:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Avtostrada.uz
Image caption Японияда ишлаб чиқариладиган Toyota Prado йўлтанламаси 40 минг АҚШ доллари ёки ундан юқорироқ туради.

— Давлат берган машинада юраман. Toyota Prado

Эркинжон Турдимов, Самарқанд вилояти ҳокими:

— Toyota машинаси

Тўра Боболов, Сурхондарё вилояти ҳокими:

— Давлат берган машинада юраман. Маркасини тушунмайман тўғриси

Қобул Турсунов, Навоий вилояти ҳокими:

— Бошқа вилоят ҳокимлари сингари - Toyota

Хайрулло Бозоров, Наманган вилояти ҳокими:

— Toyota Prado..."

Нашрнинг ёзишича, Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев мухбирнинг бу ҳақдаги саволига жавоб бермаган.

Ҳокимлар фақат хизмат машиналари ҳақида маълумот беришган, холос.

Японияда ишлаб чиқариладиган Toyota Prado йўлтанламаси 40 минг АҚШ доллари ёки ундан юқорироқ туради.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган

Ўзбекистон ўтмишда ўзининг автомобил саноати билан фахрланиб келган, аммо ҳукумат сўнгги йилларда Асакадаги завод даромад келтирмаётганини тан олган.

Президент Шавкат Мирзиёев заводни янги иш ўринлари яратмаётгани учун танқид қилган.

Ўзбек автомобил саноати коррупция ва шубҳали схемалар амал қиладиган тизим сифатида ҳам танқид қилинган.

Сўнгги икки йилда Ўзбекистон хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг айрим турларига импорт чекловларини юмшатган.

Вилоят ҳокимлари ўзлари истаган шахсларни "GM-Uzbeklistan" корхонасида ишлаб чиқарилган автомобиллар билан тақдирлаб келади.

Ўтган йил декабрида Навоий вилоят ҳокими ўринбосарларига биттадан Malibu 2 совға қилингани ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг ғазабига сабаб бўлганди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқариш тўхтатилаётган люкс синфдаги Malibu 2 машиналари 302 миллион сўм ёки 32 минг доллар туради.

Шу ой бошида Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб ҳокимлар ўз номидан машина совға қила олмаслигини айтган.

Молия вазирлиги давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Абруевга кўра, , бундан буён ҳокимлар истаган одамига машина, уй совға қилолмайди, фақатгина маҳаллий кенгашлар маъқуллаган йўналишларга қўшимча даромадларни ишлатишлари мумкин.

Аввалроқ Андижон вилоят ҳокими Абдураҳмоновнинг "бераётган бўлсам халқимга беряпман", дегани хабар қилинганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ