Россия 'суверен Интернет'ини 'муваффақиятли синовдан ўтказди'

Vladimir Putin

Сурат манбаси, Reuters

Россия ҳукумати эълон қилишича, мамлакатнинг глобал Интернетга муқобил тармоғи муваффақиятли синовдан ўтган.

Бу синов тафсилоти ошкор этилгани йўқ, бироқ Россиянинг Рақамли тараққиёт, алоқа ва коммуникация вазирлигига кўра, оддий Интернет фойдаланувчилар бирор бир ўзгаришни ҳис қилмаганлар.

Айтилишича, ўқув-машқ натижалари Президент Владимир Путинга тақдим этилади.

Би-би-си мухбирининг ёзишича, экспертлар айрим мамлакатларнинг бутундунё Интернет тармоғидан айри ишлашга ўтаётгани хавотирлидир.

"Афсуски, бу Россиянинг Интернетдан узилиш томон ташлаган яна бир қадамидир. Эрон ва Хитой сингари ўз фуқаролари нимани кўраётганини назорат қилишни истаётган авторитар мамлакатлар сони кўпайиб бораяпти. Бу одамлар ўз мамлакатида юз бераётган ҳодисалар ҳақида мулоқот қилишдан маҳрум бўлади, улар ўз қобиғида ушлаб турилади, деганидир", деб айтган Британиядаги Саррей Университетининг Компютер фанлари бўйича профессори Алан Вудвард.

Ички Интернет қандай ишлайди?

Россияда глобал Интернетга муқобил ички тармоқни барпо этиш ғояси ҳукуматга ўз фуқароларига етиб бораётган ахборотни назоратга олиш имкониятини беришни назарда тутади.

"Бу Интернет Хизмат провайдерлари ва телекоммуникация ширкатларига Интернетни худди йирик корпорациялар ўзи учун тузиб олган олган йирик Интранет тармоғига айлантириб олиш имкониятини беради", дея тушунтиради профессор Вудвард.

Одатда мамлакатлар хорижий веб хизматларини денгиз ортидан тортилган кабеллар орқали оладилар, мамлакат ичига келаётган ва чиқиб кетаётган маълумотлар мамлакатдаги коммуникация тармоқлари орқали узатилади. Бу коммуникация тармоқлари тўсиб қўйилиши ёки бошқариб турилиши мумкин.

Бу нарса ички Интернет Хизмат провайдерлари билан ҳамкорликни талаб қилади, агар давлат назорати остидаги ширкатлар жалб этилган бўлса, назорат янада осон бўлади. Мамлакатни ташқари билан боғлаб турган каналлар ва тармоқлар қанча кўп бўлса, назорат шунчалик мушкул бўлади.

Мухбирларга кўра, Россия янада кўпроқ муқобил тизим барпо этиши талаб қилинади.

Эронда Миллий Ахборот тармоғи фаолият юритади, у тармоқдаги барча контентни назорат қилади, ташқи ахборотни чеклайди. Миллий Ахборот тармоғини Эрон Телекоммуникация компанияси юритади.

Давлат назоратидаги Интернет деворининг бир муҳим афзаллиги тўсиб қўйилган веб-сайтларга кириш имконини берадиган VPN(virtual private network)лар иш бермайди.

Интернетни жиловлашнинг яна бир самарали йўли Буюк Хитой Олов шари намунасидир. У кўплаб хорижий Интернет хизматларга кириш йўлини тўсади. Бунинг учун қатор улкан техник ширкатлар ёрдамига таянилади.

Россияда ҳозирнинг ўзида Яндекс ва Mail.Ruга ўхшаш йирик ширкатлар фаолият юритади, давлат бутун мамлакат Интернетини ўз назоратига олиши учун бошқа яна кўплаб ширкатлар хизматидан фойдаланиши мумкин.

Россия ўзининг Википедия қомусини барпо этишни режалаган, шунингдек, мамлакат парламенти Россиянинг ўзининг софтвери ўрнатилмаган смартфонлар савдосини тақиқлаш ҳақидаги қонунни қабул қилган.

Техник мушкулликлар

Экспертлардан бирининг фикрича, Россиянинг ўз Интернетига эга бўлиш ғояси мамлакатдаги сўз эркинлигини бўғишда ёрдам бериши мумкин, аммо техник жиҳатдан бунга эришиш қийин бўлиши мумкин.

"Ўтмишда Россия ҳукумати онлайн назоратни оширишга уринганида техник мушкулликларга дуч келган, россияликларни Телеграм хизматидан фойдаланиш йўлини тўсиш ҳаракатлари муваффақиятга эришмаган", дейди киберхавфсизлик бўйича мутахассис Жастин Шерман.

Россия маҳаллий матбуоти хабарларига кўра, синов режаланганидек ўтган.

"Маълум бўлдики, ҳокимият органлари ҳам, алоқа операторлари ҳам эҳтимолий рисклар ва таҳдидларга самарали жавоб қайтариш ҳамда Россия Интернет тармоғи ва ягона электр алоқаси тармоғи фаолиятини таъминлашга тайёрлар", деб айтган Россия Рақамли тараққиёт, алоқа ва коммуникация вазири ўринбосари Алексей Соколов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002