Уруш ва тинчлик: ИШИД жангарилари яна куч йиғмоқда

IS militants in Anbar province (2014) Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

ИШИД сўнгги қароргоҳини йўқотганидан икки йил ўтиб, Ироқда қайта тикланаётганини тасдиқловчи белгилар кўпаймоқда. Бироқ АҚШ генераллари бу сафар ИШИД етарли қаршиликка учраётганини айтмоқда.

Курд ва Ғарбий истиҳборот расмийларининг Би-би-сига айтишича, ИШИД Ироқда мураккаб ҳаракат сифатида қолмоқда ва гуруҳ ҳужумлари ортмоқда.

Курдларнинг юқори лавозимли аксил-терроризм мулозими Лаҳур Талабанийнинг таъкидлашича, ИШИД жангарилари Ал-Қоидадан кўра малакалироқ ва хавфлироқ.

"Уларда яхшироқ техника бор, жанг тактикалари ҳам яхшироқ, шунингдек уларда кўпроқ маблағ бор. Уларнинг транспорт, қурол, озиқ-овқат ва жиҳозлар сотиб олишга қурби етади. Технологик жиҳатдан кўпроқ тажрибали ва уларни сафдан чиқариш қийинлашиб бормоқда. Яъни улар йирик Ал-Қоидага ўхшайди ", дейди у.

Ироқ Курдистонидаги икки истиҳборот идорасидан бирининг раҳбари Талабанийнинг айтишича, улар ИШИДнинг фаоллашаётганига гувоҳ бўлишмоқда.

Унинг таъкидлашича, нишон бўлишдан қочиш учун бирор ҳудудни назорат қилмайдиган янги турдаги ИШИД пайдо бўляпти.

Улар Ал-Қоида каби Ироқнинг Ҳамрин тоғлари орасига яширинган.

"Бу тоғ ҳозир ИШИДнинг маркази. Тоғлар баланд бўлгани учун Ироқ армияси уни назорат қилиши жуда қийин. У ерда кўплаб кўздан пана жой ва ғорлар бор", дейди Талабаний.

Image caption ИШИД жангарилари бекиниб ётган ғорлар

Унинг огоҳлантиришича, ИШИД айни дамда Ироқ пойтахти Бағдодда бўлаётган тартибсизликлардан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилиши мумкин.

Гуруҳ Ироқда озчиликни ташкил қиладиган суннийларнинг ўзларини ажратилгандек ҳис қилишларидан фойдаланиши мумкин.

Талабанийнинг айтишича, Шимолий Ироқда Курдларнинг Пашмерге қуролли кучлари назорати остидаги ва Ироқ ҳукумати назорат қиладиган ҳудудлар ўртасида одам яшамайдиган жуда катта минтақа ястаниб ётибди.

Ушбу ҳудудларни фақат ИШИД кучлари қоровуллик қилади.

Image caption Пашмерге кучлари

Генерал майор Сируан Барзаний ҳам ИШИД жангариларининг кучайиб кетаётганидан ва тарих қайталаниши мумкинлигидан хавотир билдиради.

"Мен 2019 билан 2012 йилни таққослашим мумкин. Ўша вақти улар энди ташкил топаётган ва одамлардан ўлпон йиғаётган эди. Агар вазият ўша вақтдагидек давом этса, 2020 йилга келиб улар қайта ташкилланади. Қудрати кучайиб, кўпроқ ҳужумларни амалга ошириши мумкин", дейди Барзаний.

Image caption Агар вазият ўша вақтдагидек давом этса, 2020 йилга келиб улар қайта ташкилланади, дейди Барзаний

Курд махфий хизматлари Ироқда тахминан 10 000 ИШИД жангарилари борлигини айтишади.

Шулардан 4000 ва 5000 фаол бўлган жангарилар бўлса яна шунчаси гуруҳга рағбати бор ҳамда амр кутаётган фаоллар.

Босимни кучайтириш

АҚШнинг Ироқдаги юқори лавозимли ҳарбийларидан бири генерал Уиллиам Сиилининг айтишича, ИШИД гуруҳни қайта ташкиллаштиришга ҳаракат қиляпти, бироқ Ироқ ва Курд хавфсизлик кучларининг жавоб ҳаракатларига дуч келяпти.

Генералнинг таъкидлашича, минтақадаги хавфсизлик кучлари ИШИД мамлакатнинг 1/3 қисмини босиб олган 2014 йилдагидан кўра яхшироқ тайёргарликдан ўтган.

"Ироқ хавфсизлик кучлари ва Пашмерге Мосул босиб олингандагидек кучсиз эмас. Ироқдаги иккинчи йирик шаҳар жангсиз таслим бўлганди. Биз уларнинг маҳоратини ошириш учун бу ердамиз", дейди у.

Генералнинг айтишича, ўтган октябр ойининг ўртасидан ноябр ойининг ўртасигача Ироқ хавфсизлик кучлари 170 марта тозалаш амалиётларини амалга оширди. 1700 атрофида портловчи мосламаларни ишдан чиқарди.

Генерал Уиллиам Сиили ИШИД жангарилари одам узоқ яшай олмайдиган ғор ва чўлларда яширинишга мажбур бўлаётганини айтади.

"Улар катта сонда юролмай қолган. Бу ерга келганим 6 ойдан бери, ИШИД жангариларининг кўпи билан 15 киши бўлиб юрганига гувоҳ бўлдим. Бироқ уларнинг бир нафари ҳам кўп", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek