Дунё: Ким Трампни яхши кўради? Ёмон кўрадиганлар ким? -Янгилик ортига назар

President Donald Trump speaks as he participates in a signing ceremony for the National Defense Authorization Act for Fiscal Year 2020 Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Президент Доналд Трамп АҚШда зиддиятли шахс саналади. Америкаликларнинг унга нисбатан муносабати бир-биридан кескин фарқ қилиши мумкин. Бироқ дунё бўйлаб Трамп шахси қандай қабул қилинади? Pew Research Center қайси мамлакатларда президент Трампни севишлари, қайсиларида эса вазият аксинча экани борасида ҳисобот эълон қилди.

Pew - АҚШда асосланган ижтимоий фикрни ўрганувчи марказ.

Марказ 2019 йилнинг майидан октябрига қадар 33 мамлакатда Трамп шахси бўйича 37 минг инсоннинг фикрини ўрганган.

Тадқиқот хулосалари билан танишишдан аввал фикр ўрганиш жараёни АҚШ президенти томонидан Эроннинг юқори рутбали генерали Қосим Сулаймонийни йўқ қилишга кўрсатма берилишидан бир неча ой олдин якунига етганини ҳисобга олмоқ зарур.

Дастаксиз президент

Тадқиқот ўтказилган мамлакатларнинг 29 фоизидагина жаноб Трампга нисбатан ишонч билдирилган.

АҚШ президентининг Жанубий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан музокаралар ўтказгани унга энг кўп қўллов олиб келган - 33 мамлакатнинг 41 фоизи ушбу ташаббусни олқишлаган.

Бироқ Қўшма Штатларнинг жорий ташқи сиёсати президент Трампга ишончсизлик билдирилишининг асосий сабабларидан бири бўлган.

Бундан ташқари Доналд Трампнинг тарифлар, иқлим ўзгариши, муҳожирлик ва Эрон бўйича олиб бораётган сиёсати дунё бўйлаб қизғин танқидга учраган.

Президентидан ўзган мамлакат

Марказнинг ҳисоботида, жаноб Трампнинг обрўйи тушиб бораётган бўлсада, дунё, умумий манзарада, АҚШга нисбатан хайрихоҳ кайфият кўрсатишда давом этаётганини кўриш мумкин.

Ҳисоботда "айрим мамлакатлардаги ўнгчи популист гуруҳлар тарафдорлари орасида АҚШга хайрихоҳлик кучайгани" айтилади.

Исроил АҚШни энг кўп қўллаб-қувватловчи давлат ўлароқ намоён бўлган - сўровномада қатнашган исроилликларнинг 83 фоизи АҚШ борасида ижобий фикрда эканини билдирган.

Мексика, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада АҚШга нисбатан энг салбий қарашлар ҳукмрон экани маълум бўлган.

Туркияда сўровнома иштирокчиларининг бештадан атиги бир нафари АҚШга хайрихоҳ эканини айтган.

Раҳбарларни солиштириб…

Pew Маркази, бундан ташқари, Доналд Трампнинг бошқа тўрт қудратли давлатлар раҳбарлари орасида ишончлилик даражаси қанчалик юқори эканини ҳам ўрганишга ҳаракат қилган.

Россия президенти Владимир Путин, Франция президенти Эмануэл Макрон, Германия канцлери Ангела Меркел, Хитой раҳбари Си Жингпинг ва Доналд Трампга нисбатан ишонч даражаси қиёсланганда, АҚШ президенти фақат тўрт давлатдагина 50 фоиздан юқори овоз йиға олган, холос.

Ушбу беш етакчи орасида Ангела Меркел энг юқори натижа қайд этган бўлса, Владимир Путин ва Си Жингпингнинг обрўйи турли мамлакатлар бўйлаб у қадар юқори эмаслиги ойдинлашган.

Кенг тарқалган салбий фикрларга қарамай, жаноб Трампни қўллайдиган мамлакатлар ҳам учраб туради.

Африка давлатларини «ахлатхона мамлакатлар», деб атаганига қарамай, президент Трамп ушбу қитъада машҳур экани аён бўлган.

Айниқса, Кеня ва Нигерияда жаноб Трампни етакчи сифатида севишлари маълум бўлган.

Ушбу икки мамлакат АҚШдан иқтисодий кўмак оладиган давлатлар ичида юқори ўринда ҳам туради.

Президент РодригоДутерте олиб бораётган сиёсатни мақтагани учун ҳам жаноб Трампнинг Филиппинда юқори даражада дастакланиши ажабланарли ҳол эмас.

2017 йилда Доналд Трамп президент Дутертега ўз мамлакатида «гиёҳвандлик муаммосига қарши ақл бовар қилмас ишларни амалга ошираётгани»ни айтгани туфайли қаттиқ танқидга юз тутган эди.

2016 йилда ҳокимиятга келган Роберт Дутерте гиёҳвандлик савдосига алоқадорликда гумонланган шахсларнинг судсиз ўлдирилишига кўрсатма берганликда қораланиб келинади.

Президент Трампнинг Исроилда машҳур экани - кутилган ҳолат.

У ҳокимиятга келгандан буён шундоқ ҳам ўзаро алоқалари илиқ бўлган Исроил ва АҚШ янада бир-бирига яқинлашди.

АҚШ ўзининг Исроилдаги элчихонасини Қуддусга кўчирди, 1967 йилда Суриядан тортиб олинган Ғўлон Тепалиги бўйича Исроил суверенитетини тан олди.

Хўш, Трамп қайси мамлакатларда ардоқланади?

АҚШнинг бошқа президентлари қандай кўрилган?

Қисқача хулоса қилганда, Pew Марказининг ҳисоботида келтирилган рақамларда аксар давлатларнинг Доналд Трампга АҚШнинг бошқа президентларидан кўра анчайин камроқ ишониши яққол кўзга ташланади.

Бироқ 2002 йилдан буён бу масалани ўрганиб келган марказ маълумотларидан ҳокимиятда бўлган даври бўйлаб одамларнинг ўхшаш паст ишончига «эришган» АҚШ президенти - бу Жорж Буш экани англашилади.

"Тенгсиз донишмандлик": Трамп Туркия иқтисодиётини буткул вайрон этиш билан таҳдид қилди

Трамп ва Клинтон: Ким кулдирди ва ким кулди?

АҚШ ва сиёсат: Президент Трамп устма-уст айбловлар остида

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ