Россия: Владимир Путин қандай қилиб кичик шаҳарнинг катта қаҳрамонига айланди?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Коломнадаги уйлардан бирида Путин тасвири - у Ер шарини елкасида кўтариб турибди (Видео инглиз тилида)

Коломнада сизни ҳайратга соладиган жойлар жуда кўп.

Қадимий рус шаҳрининг ўз Кремли бор, пиёзга ўхшайдиган бир неча монастир ва черковлар...

Аммо менинг назарим оддий тўққиз қаватли уйнинг ён тарафига тушди.

Бу уй темир йўл станцияси олдида қад ростлаган.

"Оддий" дедим, аммо у бир пайтлар оддий бўлган.

Бугун бу уйда Владимир Путиннинг расми бор.

Полянская кўчасидаги бу уйда президент Путин ярим яланғоч, белидан пастини сочиққа ўраб олиб, мушакларини кўз-кўз қилар экан - бутун дунёни елкасида кўтариб турибди.

Худди қадим Юнон қаҳрамонлари каби...

Путин 20 йилдан бери қудратда ва бу уйда яшайдиганлар унинг яқин ўртада президентликдан кетишини истайшмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Путин Коломнада

"Путин Россиянинг дунёдаги ўрнини мустаҳкамроқ қилди", дейди Владимир.

"Яна ўн йил президент бўлсин".

"Путин қудратга келганида мен 10 ёшда эдим", дейди Иля.

"Ҳозир 30 ёшдаман, очиғи бошқа раҳбарни тасаввур қилолмайман".

"Ёмон яшаймиз", дейди Татяна, " аммо ҳеч қурса Путин билан дунё ҳисоблашади..."

"Барибир уруш бўлади"

Ёш Ватанпарварлар марказида болаларга маҳаллий қаҳрамон ҳақида филм кўрсатишмоқда.

Василий Зайцев Иккинчи жаҳон урушида учувчи бўлган.

Икки карра Совет Иттифоқи қаҳрамони...

Image caption Зайцев ёдгорлиги

Президент Путин Иккинчи жаҳон урушидаги Советлар ғалабасини Россиянинг миллий ғоясига айлантириб олган.

Айни шу ўринда мен ватанпарварлик ва миллатчилик ўртасидаги чизиқ қанчалар ингичкалашганини сезаман.

Вячеслаб Бурилов Коломнадаги учувчилар клубининг собиқ раҳбари.

"Афсуски, СССР вайрон этилди", дейди у ёшларга қарата.

"Россиянинг аксар ерлари бошқа мамлакатлар таркибига кириб кетди. Қозоғистон, Украина, Белорус, Болтиқбўйи давлатлари...Сиз бу ерларни Буюк Россияга қайтаришингиз керак. Одамлар "уруш бўлмаслиги керак" дейди, эътибор берманг, уруш барибир бўлади".

Ёшлар қарсак чалишади.

Мен Коломна кўчаларидан то Зайцевнинг ёдгорлигига қадар бу гуруҳ ортидан бораман. Улар қизил матолар билан бурканган гулчамбар қўйишади қаҳрамонларининг пойига... Бурилов ҳам ўша ерда. Мен унинг урушга очиқ даъватидан ҳамон даҳшатдаман ва унга яқинлашаман.

"Сиз урушга, катта бир урушга даъват қиляпсиз, шундайми?"

Image caption "Уруш барибир бўлади", дейди Бурилов

"Катта уруш бўлмайди, бизда ядро қуроллари бор, агар раҳбарлар қатъиятли бўлишса, мухолифларимиз урушиб ётишмайди..."

Александр исмли яна бир шахс суҳбатга аралашади. Раҳбарларни танқид қилади.

"Улар фақат солиқ керак бўлгани учун эслашади бизни...Сайлов пайтида ёки уруш бўладиган бўлса, биз керакмиз яна!"

Менинг русчам "тоза" эмаслигини сезиб, Александр жим бўлади.

"Сиз Россия фуқаросимиз?"

"Йўқ, мен британияликман".

"Унақада сизга гапирадиган гапим йўқ. Фақат бир нарсани билинг. Биз Россияни севамиз. Ватанимизни севамиз. Биз ватанпарвармиз!"

Image caption Коломнадаги чиқиндилар ҳудуди... Яқинда намойишлар туфайли ёпиб қўйилди

Маҳаллий фаоллардан бири Вячеслав Егоров мени Коломнанинг чиқинди ҳудудига олиб боради.

Бу улкан ҳандақ тўлган, маҳаллий аҳоли қўланса ҳиддан безор ва биргаликда айни чиқинди ташланадиган жойнинг ёпилишига эришишади.

Бирлашган одамлар қанчалар қудратли бўлишига бир мисол... Аммо бу мисолда ҳам қусури бор.

Вячеславга қарши жиноий иш қўзғотилган.

Россиянинг таниқли Мемориал инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, айни жиноий иш ортида сиёсий сабаблар ётибди.

Вячеславга кўра, ФСБ норозилик намойишларини тарқатиш учун унга қарши туҳмат йўлига ўтишган.

"Улар мени гўё АҚШ Давлат департаментида ишлашим, Швецариядаги банкларда миллиардлаб пулим борлиги ҳақида афсоналар тарқата бошлашди".

Image caption Айрим нафақахўрлар шўрвага навбатда туришибди

Шаҳарда эса мен черковда шўрва тарқатилаётганига гувоҳ бўлдим.

Йигирмадан ортиқ нафақахўрлар ҳам курашга киришгандай эди.

Бу яшаш учун кураш эди.

"Менинг газ ва электримни ўчириб қўйишди. Пулини тўлашга қурбим етмайди. Нафақам етмайди. Дўконларда эса ҳамма нарса қиммат".

Олга черковга фақат шўрва учун келмаслиги, бу ерда ибодат қилишини ҳам айтади.

Image caption Черков

Коломнада ибодат кучи ҳақида афсоналар юради.

Афсоналардан бирида бу ерга душман бостириб киради, одамлар черковга йиғилади, дуо қилади ва шунда ер очилиб, коломналикларни яширади. Черков қўнғироқлари эса аскарларни руҳлантириш учун тинмай чалиб туради.

Бугунги Россияда айримлар ўз ҳаётлари яхши бўлиши учун президентдан умид қилишади.

Бошқалар ўзлари ҳаракат қилишлари кераклигини тушуниб етишгандай...

Баъзи россияликлар эса ҳамон мўъжиза кутиб яшашмоқда...

Россия, Путин: Ҳокимиятнинг 20 йили 20 суратда

Россия, Санкт-Петербург: Cпецприёмникда BBC O'zbek мухбири нималарни кўрди? (ВИДЕО)

Ўзбекистон, одамлар фикри: «Россия бизнинг буюк оғамиз»(ми?)

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ