Россия: Медведев ҳукумати истеъфога чиқди - Rossiya, Medvedev

Президент Путин ва Бош вазир Дмитрий Медведев Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия ҳукумати истеъфога чиқади, деб эълон қилди Бош вазир Дмитрий Медведев.

Дмитрий Медведев бу ҳақдаги баёнотни Президент Владимир Путиннинг Россия парламенти палаталари - Федерал Кенгашга мурожаати ортидан эълон қилган.

Ўзининг мурожаатида Президент Путин Россия Конституциясига қатор ўзгартиришларни киритишни таклиф қилди.

Бу таклифлар орасида Россия конституциясини халқаро шартномалардан устун қўйиш, бир шахснинг президент сифатида бирданига икки муддат сайланишини тақиқлаш ҳақидаги банддан бирин-кетин сўзларини олиб ташлаш, бош вазир номзодини тасдиқлаш ваколатини президентдан парламент қуйи палатасига топшириш сингари таклифлар бор.

Президент Путин иштирокидаги ҳукумат мажлисида Дмитрий Медведев Россия конституциясига ўзгартириш киритилаётган вақтда ҳукумат таркибининг тўлиқ истеъфоси мақсадга мувофиқ бўлишини айтган.

Ўз навбатида Президент Путин янги вазирлар маҳкамаси таркиби шакллантирилгунича вазирларнинг ўз вазифаларини адо этиб туришларини сўраган.

У Дмитрий Медведевнинг номзодини Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосарлигига илгари суриш ниятида эканини билдирди.

54 яшар Дмитрий Медведев мутахассислиги бўйича юрист.

У 2008 йилгача Россия ҳукуматини бошқарган, 2008 йилдан 2012 йилгача Россия президенти лавозимини эгаллаганди.

Ўша йиллари Россияни 2000 йилдан буён бошқариб келаётган Владимир Путин бош вазир бўлди.

2012 йилдан Дмитрий Медведев Россия ҳукумати раиси лавозимини эгаллаб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ