Хитой, уйғурлар: Соқол, ҳижоб ва интернет учун ушланган - Хitoy, O'zbekiston

Redacted copy of The Karakax List in Chinese

Би-би-си Хитой Шинжон бўйлаб қурилган махсус лагерларда сақланаётган юз минглаб мусулмон уйғурларга қандай муомала қилаётгани борасида ҳозирга қадар "энг тўлиқ тасаввур"ни берувчи ҳужжат билан танишди.

Ҳужжатда уйғурлар Шарқий Туркистон деб атайдиган ғарбий Шинжон вилоятида яшовчи уч мингдан ортиқ одамнинг шахсий маълумотлари келтирилган.

137 бетдан иборат электрон жадвалда улар ҳаётининг энг ёпиқ томонлари батафсил тасвирланади.

Айрим исмларнинг ёнида у ёки бу шахснинг неча вақт намоз ўқиши, қандай кийиниши, ким билан гаплашиши ва у ҳамда оиласи ўзларини қандай тутишига оид маълумотлар берилган.

Хитой ҳукумати вакиллари шу йўл билан мамлакат террорчилик ва экстремизга қарши курашаётганини урғулашмоқда.

Ушбу ҳужжат ўтган йили халқаро тадқиқотчи-журналистлар консорциумига Шинжон лагерлари фаолиятига доир йирик маълумотларни тақдим этган айни манба томонидан сиздирилгани айтилади.

Хитой ва уйғурлар: Миллионга яқин мусулмон озод этилдими?

Дунё: 22 давлат уйғурлар ҳимоясига чиқди, орасида биронта ҳам мусулмон давлати йўқ

Би-би-си мухбири Хитойдаги мусулмон уйғурлар жамлоғида нималарни кўрди?

Хитойнинг Шинжондаги сиёсати бўйича энг кўзга кўринган экспертлардан, Вашингтондаги коммунизм қурбонлари хотираси жамғармаси катта ходими, доктор Эдриан Зензнинг ишонишича, сиздирилган ҳужжат ҳаққоний.

"Бу муҳим ҳужжат Пекин анънавий диний эътиқод учун фаол тақиб қилаётгани ва жазолаётгани борасида ҳозиргача мен кўрган энг қатъий далилларни ўз ичига олади", дейди у.

Ҳужжатда тилга олинган лагерлардан бири "4-сонли ўқув маркази"дир. Америкалик экспертнинг ишонишича, Би-би-си журналистлари ўтган йили Хитой ҳукумати уюштирган пресс-тур чоғида айни шу марказни бориб кўрганлар.

Сиздирилган ҳужжат Би-би-си журналистлари қўлга киритган кўпгина маълумотларини тасдиқлайди.

Би-би-си лавҳасида шахсларга оид маълумотлар уларнинг хавфсизлиги мақсадида таҳрир қилинган.

Электрон жадвалда 311 кишига оид маълумотлар - уларнинг мухтасар таржимаи ҳоли, диний қарашлари ҳамда юзлаб қариндошлари, қўшнилари ва дўстлари билан муносабатлари келтирилган.

Охирги устун ҳукм учун қолдирилган: агар бу шахс лагерда сақланаётган бўлса, озод қилиниши керакми? Борди-ю ҳали озодликда бўлса, лагерга юборилиши керакми?

Агар рўйхат ҳаққоний бўлса, у Хитой расмийларининг уйғурлар лагерларда шунчаки қайта тарбияланмоқда, деган даъволарини рад этади.

Доктор Зенз ўзининг Journal of Political Risk интернет нашридаги мақоласида ҳужжатни батафсил таҳлил қилади.

Унинг ишонишича, ҳужжат лагерлар қандай мақсадда ташкил этилганини очиқлайди.

Жадвал у ёки бу одамни лагерга юбориш ҳақида кўрсатма бераётганларнинг қандай ўйлашини тушунишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди доктор Зенз.

Унга кўра, ҳужжат лагерлар тизимининг "мафкуравий ва маъмурий микромеханикасидир".

Рўйхатда 598-ўринда келган 38 ёшли Ҳалчам исмли аёл биргина сабаб - бир неча йил аввал ҳижоб ўрагани туфайли лагерга юборилган.

Бу ўтмишдаги "гуноҳи" учун жазога тортилиш ҳолларидан фақат биттаси.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шинжондаги "қайта тарбиялаш маркази"нинг сим тўсиқлар билан ўралган девори бўйлаб ишчилар юриб бормоқда. 2018 йил, 4 сентябр

Ҳужжатда номлари келтирилган бошқа одамлар хорижга чиқиш паспортини олиш учун мурожаат қилишлари ортидан ҳибсга олинган.

Бундан англашиладики, Пекин хорижга чиқиш ниятининг ўзини радикаллашув белгиси, деб кўради.

66 рақами остида номи келтирилган 34 яшар эркак - Меметтохти, гарчи ўзига берилган тавсифномада "алоҳида хавф ташкил этмайди" деб ёзилган эса-да, айнан шу сабаб билан лагерга юборилган.

239-ўриндаги Нурмемет эса, "ҳаволага босиб, тасодифан хорижий вебсайтга кириб қолгани учун" қайта тарбиялаш марказига жойлаштирилган, дейилади ҳужжатда.

Унда Нурмеметнинг бошқа қилмиши ҳақида маълумот йўқ.

Рўйхатдаги 311 кишининг барчаси Хўтан шаҳри яқинидаги Шинжон-Уйғур минтақасига қарашли Қорақош тумани яшовчилари.

Вилоят аҳолисининг 90 фоизидан кўпини уйғурлар ташкил қилади.

Асосан, Исломга эътиқод қиладиган уйғурлар ташқи кўринишлари, тил ва маданият жиҳатидан марказий осиёликларга яқин.

Охирги ўн йилликларда миллионлаб хан хитойларининг Шинжонга ерлаштирилиши уйғурлар орасида этник танглик ва ижтимоий-иқтисодий яккаланиш ҳиссини кучайтирган.

Бу ҳиссиётлар вақти-вақти билан тарқоқ зўравонлик ҳолларининг келиб чиқишига етаклаган.

Пекин қаттиққўл хавфсизлик чоралари билан жавоб қайтарган.

Худди шу боис ҳам уйғурлар, бошқа мусулмон озчиликлар - қозоқлар ва қирғизлар сингари Хитойнинг ҳибс қилиш кампанияси нишонига айланишган.

Доктор Зенс "Қорақош рўйхати" деб ном берган ҳужжат,унинг фикрича, Хитой ҳукумати дин ва эътиқоднинг ҳар қандай кўринишини "ишончсизлик белгиси" деб кўраётганига далолат қилади.

Бу "ишончсизлик"ка қарши курашиш учун давлат уйғурларнинг шахсий ҳаётига кириб бориш йўлини топиши керак эди.

Уйғурларни ихоталаш кампанияси бошланган 2017 йил бошида "қишлоқ ишчи гуруҳлари" деб аталган партия вакиллари уйғур жамоаси орасидаги кафиятларни ўрганган.

Бу гуруҳнинг ҳар бир аъзоси бир неча оилага бириктирилган - қарамоғи остидаги оилаларга ташриф буюриб, улар билан дўстлик алоқаларини ўрнатишган ва ҳар бир оиладаги "диний муҳит" борасида ҳисоботлар тайёрлаганлар.

Масалан, уйда нечта Қуръон нусҳаси борлиги ва хонадон мансублари неча марта намоз ўқиётгани ҳақида.

Қўлга киритилган рўйхат айнан шу маълумотлар одамларни лагерга юбориш учун асос қилиб олинганини тасдиқламоқда.

Ҳужжат Пекин бутун бошли оилаларни лагерга юборишда коллектив жавобгарлик тамойилидан келиб чиқаётганини тасдиқлайди.

Ҳужжатнинг ҳар бир бандидаги 11-устунда фигурантнинг қариндош-уруғлари ҳамда у гаплашадиган оддий одамлар санаб ўтилган.

Ҳар бир қариндош ёки дўстнинг ёнидан у қанчалик намоз ўқиши, қайта тайёрлаш маркази ёки хорижда бўлиб-бўлмаганига оид кичик қайд ўрин олган.

Рўйхатдаги барчанинг хорижда яшайдиган қариндошлари бор. Афтидан, рўйхатга "ишончсизлик"нинг айнан шу жиҳатига эга одамлар киритилган.

179, 315 ва 345-бандларда 65 ёшли Юсуп исмли шахсга тавсифнома бор.

Юсупнинг, - дейилади унда, - икки қизи бор. Улар "2014 ва 2015 йилларда ҳижоб ва чодир ўрашган". Унинг ўғли сиёсий Исломга мойил, "оиласи эса хан хитойларига қарши кайфиятда".

Юсуп "ўқишни давом эттириш"га ҳукм қилинган. Бу шуни англатадики, Юсуп фақат ўзининг ҳаракатлари туфайли эмас, балки оиласининг "ишончсизлиги" туфайли ҳам ҳали лагерда ўтиради.

Партиянинг "қишлоқ ишчи гуруҳлари" тўплаган маълумотлар Шинжондаги "Қўшма амалиётлар платформаси" (Joint Operations Platform - IJOP) деб аталган йирик ахборот тизимига бориб тушади.

IJOP да полициянинг минтақадаги кузатув ва бошқа фаолиятига доир маълумотлар сақаланади.

Йирик хавфсизлик камералари ва ҳар бир минтақа яшовчиси юклаб олиши шарт бўлган мобил иловалардаги маълумотлар ҳам худди шу марказга боради.

Доктор Зензнинг айтишича, IJOP сунъий интеллект ёрдамида бу улкан ахборотлар орасидан ўзаро туташадиган нуқталарни топиб, ишчи гуруҳи аъзоларининг телефонига шубҳали шахсларнинг исм-шарифи ва манзиллари ёзилган "пуш-билдирги"ларни юбориш имконига эга.

Масалан, "тасодифан хоржий сайтга кириб қолган" эркак IJOP маълумотлар базасидан таниб олинган бўлиши мумкин.

Бироқ ҳар доим ҳам мураккаб технологияларга эҳтиёж йўқ. Рўйхатдаги 88 киши "ишончсиз" деб белгиланган. Ҳужжатдан англашилишича, бу кенг қамровли тушунча одамларни лагерга юбориш учун ягона асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ушбу "ишончсизлик" тушунчаси, доктор Зенз назарида, Хитойнинг лагерлар тизими жиноят содир этганлар учун эмас, балки ўзи шубҳали деб ҳисоблаган бутун-бошли этник гуруҳ учун ташкил этилганини англатади.

Расмий Пекиннинг уқтиришича, Шинжонда "дин эркинлигини ҳурмат ва ҳимоя қиладиган" қонунлар ишламоқда.

Расмийларга кўра, қайта тайёрлаш дастури "террорчилик ва экстремизмга қарши кураш" мақсадларига хизмат қилади ва уларга фақат шу турдаги жиноятларни содир этган шахсларгина тушади.

Image caption Адриан Зенз сиздирилган ҳужжат тафсилотларини ўрганган

Аммо "Қорақош рўйхати" буни рад этади. Унда инсонни лагерга маҳкум этадиган кўплаб сабаблар келтирилган.

Бу фуқаролик, оила, дўстлар, хорижда яшайдиганлар билан алоқалар ва "ишончсизлик" каби омилларнинг омухтаси бўлиши мумкин.

Агар рўйхатга ишонилса, уйғурлар энг кўп Хитойнинг оилани режалаштириш қонунини бузганликлари учун лагерга тушадилар.

Афтидан, Пекин назарида, кўп болалилик уйғурларнинг ўз миллий анъаналарини Хитойнинг дунёвий қонунларидан устун қўйишларининг биринчи белгисидир.

Хитой ҳукумати Шинжондаги амалларини экстремизм таҳдидига қарши тезкор ҳаракат дастурининг бир қисми сифатида оқлайди.

"Қорақош рўйхати"да ҳақиқатан ҳам бу каби жиноятлар бот-бот учрайди. Камида олти киши террорчилик ҳаракатини содир этгани ёки унга қасд қилгани учун лагерга тушгани айтилган. Яна икки киши тақиқланган видеоларни томоша қилганликлари учун.

Аммо ҳужжатни тузувчиларни диний эътиқод масаласи кўпроқ қизиқтиради.

100дан ортиқ жойда у ёки бу оиладаги "диний муҳит" ҳақида сўз боради.

Ҳужжатнинг ҳаққонийлигини текшириш мушкул, чунки унда на муҳр ва на имзо бор.

Манбанинг айтишича, ушбу рўйхат бошқа махфий ҳужжатлар билан бир қаторда Шинжонда ўтган йили тарқалган.

Охирги рўйхатдан ташқари, барча ҳужжатларни уйғур қочқини хориждагиларга етказган.

Ўтган йили биринчи махфий ҳужжатлар ғарб оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлганидан сўнг, қочқин ўзининг Амстердамга таниши, Осиё Абдулаҳаб исмли уйғур аёлга рўйхатни ҳам тақдим этган.

Абдулаҳаб Би-би-сига ҳужжатнинг ҳаққонийлигини айтди.

Image caption Осиё Абдулаҳаб қанчалик хавфли бўлмасин, гапиришга қарор қилган

"Ҳужжатларда муҳр бор-йўқлиги муҳиммас. Бу ҳаётда бор, тирик одамлар ҳақидаги маълумот" - дейди у. "Бу бошқа ҳеч қандай ҳолатда матбуотга сизиши имконсиз бўлган одамларнинг шахсий маълумотлари. Хитой ҳукумати бу сохта, деб айтолмайди".

Хитой ташқарисидаги кўплаб уйғурлар қатори, Абулаҳаб ҳам "қайта тарбиялаш" дастури бошланганидан сўнг Шинжондаги оиласи билан алоқани йўқотган.

У рўйхатни қатор халқаро оммавий ахборот воситалари, жумладан, Би-би-сига берган. Ўзининг айтишича, бундан бошқа танлови бўлмаган.

"Албатта, мени яқинларим, дўстларимнинг хавфсизлиги ташвишга солади, - дейди у. - Аммо ҳамма ўз оиласини ўйлаб, сукут сақлайверса, бу жиноятлар давом этаверади.

Ўтган йил охирида Хитой барча уйғурлар "ўқишни битиришгани" ва озодликка чиқишганини айтган.

Шу билан бирга, Хитой ҳукумати вакилининг айтишича, тайёргарликдан ўтишни истаган собиқ ва янги "талабалар"ни ўқитиш мақсадида айрим лагерлар очиқ қолади,

"Қорақош рўйхати"даги одамларнинг 90 фоизи озод қилинганлар ёки озодликка чиқишга тайёрланаётганлар сифатида қайд этилган.

Аммо доктор Зензнинг айтишича, қайта ўқитиш лагерлари катта қисми махфийлигича қолаётган йирик қамоқхона тизимининг бир қисми, холос.

Image caption Шинжондаги лагерлардан бирининг ташқариси

Рўйхатдаги йигирмадан ортиқ одамнинг озодликка чиқарилгач, "саноат паркларида ишлаши" тавсия этилган.

Улар бу тавсияни бажармасликлари қийин бўлади, ҳозирда Хитой мажбурий меҳнат лагерларини ташкил этаётгани, уйғурларнинг "ёруғ келажак" маъносидаги ниҳоий тақдири ана шу лагерларда ҳал бўлиши айтилмоқда.

Рўйхатда қайд этилган иккита ҳолатда лагердаги муддат оддий қамоқ муддати билан ниҳоя топган.

Бу Хитой қамоқхоналар тизими сўнгги йилларда бор кучи билан ишлаётганини ҳам англатади.

Ҳужжатда номлари келтирилган қариндошларнинг кўпчилиги узоқ муддатли қамоқ жазоларига маҳкум этилган. Айрим ҳолларда шунчаки, намоз ўқиганлари учун.

Рўйхатдагилардан бирининг отаси "қалин соқол қўйгани ва диний адабиётларни ўрганиш бўйича гуруҳ ташкил этгани" учун беш йиллик қамоққа ҳукм қилинган.

Улардан бирининг қўшниси эса "четдагилар билан интернетда гаплашгани учун" 15 йилга қамалган.

Яна бир кишининг акаси "телефонида хоинларнинг суратини сақлагани" учун 10 йилга ҳукм қилинган.

Доктор Зензнинг айтишича, ҳозирда Хитой лагерларни ёпган-ёпмагани унчалик муҳим эмас.

"Рўйхат бизга ҳокимият тизимининг зеҳнияти, руҳиятини намойиш қилади".

"Кўряпмизки, худди аввалгидек, ҳозир ҳам минтақанинг ижтимоий ҳаётида "жодугар ови" кайфияти ҳукм сурмоқда", -дейди америкалик эксперт.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ