Дунё ва Ўзбекистон: Жаҳон Банки пулларини кимлар ўмараяпти?

Сингапур Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Камбағал мамлакатларга ажратилган маблағларнинг бир қисми Сингапур ва бошқа офшорларга бориб тушаяпти

Камбағал мамлакат Жаҳон Банкидан йўллар ва сув қувурларини таъмирлаш ёки коррупцияга қарши курашга йўналтирилган молиявий ёрдам олиши билан орқа-олдига қарамай валюта совуришни бошлайди.

Бу маблағлар тўғридан-тўғри офшорларга оқиб боришини аниқлашди иқтисодий таҳлилчилар. Ҳамма вариантларни кўриб чиққан тадқиқотчилар шундай хулосага келдилар: ёрдамларнинг бир қисмини ҳокимият тепасида ўтирганлар "еб юборадилар". Камбағал мамлакатларда ёрдамнинг ўртача 7,5 фоизи, қашшоқ мамлакатларда эса бундан икки баробар кўп - 15 фоизгача молиявий кўмак талон-тарож қилинади.

Уч иқтисодий таҳлилчи, улардан бири Жаҳон Банки ходими, ўз ўрганишлари хулосаларини банкка тақдим қилганлар. Бу хулосалар муҳокама этилиши, сўнг нашр этилиши мўлжалланган, ноябр ойига бориб ҳаммаси тайёр бўлган эди.

Аммо дунё ушбу тадқиқот ҳақида феврал ойига келиб бохабар бўлди. Икки нуфузли нашр - Economist ва Financial Times тадқиқот эълон қилинмагани сабабини Жаҳон Банкининг бош иқтисодчиси Пенни Голдбергнинг бу лавозимда бир ярим йил ҳам ишламай кетиб қолгани билан боғлашди.

Икки нашр иқтисодий таҳлилчилар тадқиқотида нималар ёзилганини эълон қилдилар. Матбуотдаги шов-шув ўз таъсирини кўрсатди: бошида тадқиқот ҳаммуаллифларидан бири "Хорижий ёрдамларнинг элиталар томонидан ўзлаштирилиши. Офшор ҳисоб рақамларининг гувоҳликлари" деб ном қўйилган ҳужжатнинг қораламаси матнини эълон қилди. Бунинг ортидан эса Жаҳон Банки ҳам ортиқча гап-сўзсиз тадқиқотни ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштирди.

"Воқеалар шиддат билан ривожланмоқда - ҳозиргини бизнинг ишимизни Жаҳон Банкининг сайтига жойлаштиришди", - деб хабар тарқатди "Твиттер"да Йорген Андерсон.

Жаҳон Банкидан айтишларича, ҳужжатни эълон этишни тақиқлашмаган. Фақат бу тадқиқотда келтирилган хулосаларнинг асосли экани борасида гумонлар юзага келгани учун нашр этилишини ортга суриб туришга қарор қилганлар. Пенни Голдберг ўзининг истеъфоси борасида умуман изоҳ бермаган. Блумберг агентлиги тарқатган хабарга кўра, банк раҳбари Дэвид Малпасс ўз ходимларига йўллаган электрон мактубида Голдбергнинг Йел Университетига қайтаётганини маълум қилган ва "банкка олий даражадаги илмий тадқиқот тақдим этишга бўлган кучли иштиёқи учун" Голдберг хонимга миннатдорлик билдирган.

Ўғирлашадими ёки ўзи сизиб чиқиб кетадими?

Андерсон ва унинг ҳамкасби узоқ йиллар мобайнида жаҳон бозорида нефт нархининг ошиши билан нефт ишлаб чиқарадиган мамлакатлардан офшорларга пул оқими қандай кечиши феноменини ўрганганлар. Жаҳон Банки иқтисодчиларидан бири скандинавиялик иқтисодий таҳлилчиларнинг иши билан қизиқиб қолган ва уччовлари шунга ўхшаган лойиҳа бошлаганлар: халқаро кўмак олган мамлакатлардан ҳам офшорларга пул оқими кўпаймайдими?

Улар Жаҳон Банкининг кредит ва грантларига бошқаларга нисбатан ҳам кўпроқ муҳтож бўлган йигирмадан ортиқ мамлакатдан оқиб чиқаётган валюта оқимлари билан боғлиқ маълумотларни ўрганганлар. Маълум бўлишича, бу мамлакатлар салмоқли маблағ - ЯИМининг 1 фоизидан кўпроқ молиявий ёрдамни олиши билан бу мамлакатдан офшорларга пул оқими кўпаяди. Олинган маблағнинг ўртача 7,5 фоизи. Аммо бундан ҳам кўп пуллар талон-тарож қилиб юборилаётган ҳолатлари аниқланган.

"Бу энг кам миқёс - бунда фақат хориждаги банк ҳисобига ўтказилган маблағларгина ҳисобга олинган. Бу ерда кўчмас мулк, қимматбаҳо буюм ва бошқаларга сарфланган маблағлар акс этмаган", - дейилади тадқиқотда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IMF
Image caption Голдберг (ўнгда) уч халқаро институт бош иқтисодчилари триосига кирган. Лоранс Бун Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти(OECD)нинг, Гита Гопинат(ўртада) эса Халқаро Валюта Жамғармаси бош иқтисодчиси

Жуда қашшоқлашиб қолган мамлакатларга кўпроқ ёрдам беришга ҳаракат қилинган, агар молиявий кўмак мамлакат ЯИМининг 3 фоизигача етса, берилган маблағнинг 15 фоизгачаси четга сизиб чиққани кузатилган.

"Хато қилмасдан айтиш мумкинки, кўмак ажратилган вақтларда офшорларга валюта оқиб чиқишидан наф кўрадиганлар иқтисодий элита вакиллари ҳисобланадилар. Келаётган ёрдам оқимининг пул чиқиб кетиш оқимига қандай айланиши механизмини аниқлаш мураккаб, лекин энг равшани ва ҳақиқатга яқин версия шуки ажратилган маблағларни сиёсатчилар ва амалдорлар ўзлаштириб юборадилар", - деган хулосага келганлар тадқиқотчилар.

Ва маблағлар четга қонуний асосда чиқиб кетмаганини исботлашга ҳаракат қилганлар.

Биринчидан, камбағал мамлакатдан четга пул оқимлари кўпайган вақтда Цюрих, Люксембург, Сингапур ёки Кайман ороллари каби банк сирларининг сокин соҳиллари танланади, жаҳон молиявий марказлари ҳисобланишига қарамасдан, Лондон ёки Нью-Йоркдаги банкларга пул бориб тушмайди.

Иккинчидан, пулларни Жаҳон Банки лойиҳаларига бош қўшган компаниялар ўзларининг солиқ тўловларини қонунга мослаштириш учун олиб чиқадилар, деган тахмин нотўғри. Тадқиқот муаллифлари Жаҳон Банкининг халқаро ҳисоб-китоблар статистикасини ўрганиб чиққанлар.

Офшорга пул чиқиб кетишининг эҳтимолий сабабларидан бири - тижорат ва марказий банклар портфеллари балансидаги ўзгаришлар ушбу тадқиқотда эътиборга олинмаган, бу ерда фақат номолиявий ташкилотлар ва жисмоний шахсларнинг пул ўтказмалари ўрганилган.

Тадқиқотда 22 мамлакатдаги вазият ўрганилган: Қирғизистон, Арманистон, Афғонистон, Буркина-Фасо, Бурунди, Гана, Гайана, Гвинея-Бисау, Замбия, Мавритания, Мадагаскар, Мозамбик, Малави, Мали, Нигер, Руанда, Сан-Томе ва Принсипи, Сьерра-Леоне, Танзания, Уганда, Эритрея ва Эфиопия.

Бу мамлакатлар танланганининг сабаби - уларга ажратилган маблағлар иқтисодиёти миқёсига солиштирганда салмоқли бўлган, маҳаллий банк тизими етарли даражада ривожланмаган, баъзиларида умуман йўқ, шунинг учун пул сизиб чиқиши яхши кўзга ташланади. Нисбатан ўзига тўқ мамлакатлар учун Жаҳон Банки ажратган пул денгиздан томчи ва шунинг учун ҳам бундай мамлакатлардан офшорларга пул чиқиб кетаётганини аниқлашнинг деярли имкони йўқ.

Муаллифларга кўра, улар келган хулосалар бундан олдинги тадқиқотлар хулосаларини тасдиқлайди. Аср бошида қатор иқтисодий таҳлилчилар исботлаган эдилар: катта ташқи ёрдам коррупцияни кўпайтиради, мамлакат ичидаги институтларни яроқсизга айлантиради. хорижий дотацияларга қарам бўлган мамлакатлар дунёдаги энг кам ривожланган ва коррупцияга энг кўп ботган мамлакатлар рўйхатига киради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ