Россия-Ўзбекистон: Божхона ходимлари шахсий буюмларимизни ҳам олиб қўймоқда - ҳайдовчилар

Ўзбекистоннинг янги божхона тўлови боис Россия-Ўзбекистон оралиғида қатновчи ҳайдовчиларнинг норозиликлари давом этмоқда.

"Дўкондан сотиб олган нарсаларимизни уйимизга олиб келишга ҳаққимиз борми?!" - дейишмоқда муҳожир ҳайдовчилар.

Халққа раҳмингиз келсин, муҳтарам президент!" - Россия йўлларидан юк ташувчи Ўзбекистон ҳайдовчилари

Юрист эса, "бу инсонлар тижорий фаолият билан шуғулланишаётгани йўқ. Ўзлари билан олиб келган юкларни сотишаётгани ҳам йўқ. Бу ҳақиқатдан ҳам уларнинг йўловчиларининг юклари. Нима учун ҳайдовчига донали нарса учун божхона тўловини тўлаш мажбурияти жорий қилиняпти?", - деган саволни қўймоқда.

Битта ускунага бир миллион сўм бож

Россиядан Ўзбекистонга машинада бирга қайтган ўзбекистонлик ҳайдовчилар Зангиота тумани "Қоплонбек" божхона пунктида шахсий буюмлари олиб қўйилганини даъво қилишди.

"Соат 8 ларда Ўзбекистонга етиб келиб, бир кеча-кундуз навбат кутдик. Галимиз келганида, олдин машинамизни ўтказиб юборди, кейин биз пиёдалар ўтадиган жойдан ўтдик. Шу вақтда олиб келаётган юкимизга кўп миқдорда бож талаб қилишди", - дейишди ҳайдовчилар.

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, Ўзбекистонда кучга кирган "Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарор ижроси Россия-Ўзбекистон оралиғида юк ва йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларни ишсиз қолдирган. Айни пайтда йўловчи ташиётган муҳожирлар, сотиб олган шахсий буюмлари учун ҳам бож талаб қилинаётганини билдиришмоқда.

Image caption Муҳожир ҳайдовчилар Би-би-си билан суҳбатда Президент Мирзиёевдан ёрдам сўрашган

"Оддий машина ювиш ускунасини олиб кираётиб 1 млн сўм бож тўламайсиз-да! Ундан кўра, 1 млн сўмга шу ердан оласиз", - дейди Бекзодбек.

Россияга қатнаб, юк ва йўловчи ташиш билан шуғулланувчи юзлаб ҳайдовчилар янги йилдан сўнг ишсиз қолгани ва қарор юзасидан норозилик билдириб, Президентга мурожаат қилишгани ҳақида Би-би-си муқаддам ёзган эди.

Ҳайдовчилар ҳамон Президентдан ёрдам кутаётганликлари, ҳозирда тирикчилик учун арзимаган пулга йўловчи ташишга мажбур бўлаётганини билдиришди.

Бироқ шу вазиятда ҳам улар турли муаммоларга дуч келишмоқда.

"Учта шарт қўйишди"

Ҳайдовчиларнинг айтишича, Жўрабекнинг "Karcher" машина ювиш ускунасини божхона ходимлари томонидан олиб қўйилган. Бекзодбек ҳамюртининг ускунасини Ўзбекистонга олиб кириш учун божхона ходимлари 2000 рубль пул сўрагани, у сўралган пулни берганлигини айтмоқда. Орадан бироз муддат вақт ўтгач, бошқа бир ходим келиб, пулини қайтариб берган.

-Менга учта шарт қўйишди, - дейди Бекзодбек - Бири 15 суткага қамалиш, иккинчиси четга чиқишимнинг тақиқланиши ва учинчиси "бу молнинг эгаси йўқ" деб расмийлаштирилган хужжатга имзо чекиш. Ўйлаб кўриб, иложим йўқ, учинчисига рози бўлдим.

Жўрабек машина ювиш ускунаси "эгасиз" деб расмийлаштирилгани ва божхона ходимлари уни суд орқали олишини маълум қилингани билдирди.

"Нарсаларимизни қайтариб беринглар, илтимос", - дейди божхона ходимларига Жўрабек ва ушбу ҳолат юзасидан расмий идораларга ёзма мурожаат қилганлигини билдирди.

-Тирикчилик учун Ўзбекистондан Россияга бориб ишлаймиз, патент тўлаймиз. Дўконга кириб, нарса олишга ҳаққимиз бору, олаяпмиз. Шу олган нарсамизни уйимизга олиб келишга ҳаққимиз бордир, тўғрими?!, - дейди муҳожир ҳайдовчилар.

Шунингдек, бир неча йилларки, Россия-Ўзбекистон орасида йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар божхона ходимларининг муомаласи ўта қўполлиги ва у ерда зўравонлик ва порахўрлик кучайиб кетганига эътибор қилишганини билдиришди.

"Улар тижорат қилаётгани йўқ"

Ўзбекистондаги 1 январдан бошлаб кучга кирган божхона тўловлари тўғрисидаги қарор ҳақида мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик Би-би-си ўзбек хизматига шундай деди:

-"Бу инсонлар тижорий фаолият билан шуғулланишаётгани йўқ. Ўзлари билан олиб келган юкларни сотишаётгани ҳам йўқ. Бу ҳақиқатдан ҳам уларнинг йўловчиларининг юклари. Нима учун ҳайдовчига божхона тўловини тўлаш мажбурияти жорий қилинаяпти? Мутлақо тушунарсиз: ахир улар донали маҳсулотлар олиб келишаяпти, бу қонун бўйича божхона тўлови тўлаши шарт бўлмаган ҳолат".

"Ҳар қадамда пул сўрашади"

Юристга кўра, муҳожир ҳайдовчиларга нисбатан таъмагирлик ҳолатлари, ноҳақликлар жуда кўп учрайди. Нафақат Россия, балки Қозоғистон ва Ўзбекистонда ҳам уларнинг ҳуқуқлари бузилмоқда.

"Ҳайдовчи муҳожирлардан Қозоғистон орқали боришларида ҳар юз қадамда полиция ёки ЙПХ хоимларининг 100 рубль -500 тенге олишлари - Қозоғистонда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммо. Чунки пул сўраётганлар қоидага кўра, ҳайдовчиларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасидан ташқари бошқа хужжатларини қандай бўлишидан қатъи назар, умуман текширишга ҳуқуқлари йўқ, - дейди Валентина Чупик. - Улардан нима учун пул сўрашаяпти? Номаълум. Шунчаки 100 рубль - 500 тенге сўраб олишади. Ҳайдовчилардан эса ўзи ва йўловчилари учун ҳам 1000 рубль - 5000 тенге беришни талаб қилишлари мумкин. Ҳайдовчи буни беришга имконияти йўқ, мажбур ҳам эмас".

"Аввал ўз фуқаросини ҳимоя қилиши керак"

Россиядаги меҳнат мигрантлари учун бепул хизмат кўрсатувчи юрист Валентина Чупик муҳожир ҳайдовчилар билан боғлиқ муаммонинг ечими жуда мураккаблигини билдирди.

"Балки Россия ва Қозоғистонда полицияга хужжат текширувларини тақиқлаш билан бу ноқонуний ҳаракатларга чек қўйиш мумкиндир. Улар ўз полиция ва божхона хизматларини назорат қилишлари, ноқонуний пул талаб қилиш ҳолларига чек қўйишлари лозим. Ўзбекистон ва қўшни давлатлар орасида хукуматлараро ҳамкорлик келишувлари бирон натижага эришиш қийин", - дея фикр билдирди ҳуқуқшунос.

Юристга кўра, Ўзбекистон ҳукумати муҳожир ҳайдовчиларнинг муаммолари устига қўшимча муаммо туғдирган божхона тўловлари тўғрисидаги янги қарорини қайта кўриб чиқиши лозим.

"Ўзбекистон ўз фуқаролари ҳимоясига туриб, бошқа давлатлардан ўз фуқароларига нисбатан қонунга муносиб равишда муносабатда бўлишни талаб қилиши мумкинми? Буни қилиш керак. Агар Ўзбекистон мукаммал бўлганида, қиларди. Ахир, Ўзбекистоннинг ўзи уларга нисбатан бенуқсон эмас", - дейди Валентина Чупик.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ