Ўзбекистон: Ноқонуний қурилган яна 23 минг уй бузилиши мумкин - O'zbekiston

Image caption 14 феврал куни Сурхондарёнинг Олтинсой туманида одамларни ноқонуний қурилгани айтилган уйларидан мажбуран кўчиришга уриниш ишлари маҳаллий аҳоли ва ички ишлар ходимлари ўртасидаги тўқнашувга сабаб бўлган

Ўзбекистонда аҳоли ўзбошимчалик билан қуриб олган яна 23 минг уй-жой бузилиши мумкин.

Бу ҳақда журналист ва блогер Шаҳноза Соатова ёзмоқда.

Олтинсой воқеаси: Ноқонуний бўлса ҳам, мажбурликдан уй қурдик - Ўзбекистон

Ўзбекистон: Бузилишлар Мирзиёев обрўсини туширмоқда - лондонлик таҳлилчи

Ўзбекистон: нега бузилишлар кўп? Яна ноқонунийлари

Шаҳноза Соатова ўтган ҳафта Адлия вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланган, аммо унинг Би-би-сига изоҳ беришича, мақола Адлия вазирлигининг расмий нуқтаи назарини акс эттирмайди.

"Мен мақолада муаммони очиқ манбалардаги маълумотлар асосида таҳлил қилишга уриндим", деб айтди Би-би-си билан суҳбатда Шаҳноза Соатова.

Халққа ҳам, давлатга ҳам осонмас

Мақолада айтилишича, ўтказилган хатлов натижасида 2018-2019 йилларда 23 мингдан ортиқ ҳолатларда фуқаролар 3900 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишгани, 6000 гектар экин ерларида ноқонуний иморатлар қуриб олингани аниқланган.

Муаллиф ноқонуний қурилган уйларни бузиб, ерларни давлат тасарруфига қайтаришни "суд қарори билан, қонунда белгиланган тартибга риоя этган ҳолда" амалга ошириш лозимлигини урғулайди.

"Икки кунда бузилади деб эмас", - деб ёзади Шаҳноза Соатова.

"Сабаблар қандай бўлишидан қатъи назар, халққа ҳам, давлатга ҳам осон бўлмайди. Аммо ноқонунийликка кўз юмиш, давлат ерини талон-тарож қилишга қўйиб бериш мумкин эмас. Айбдорлар аниқлаб жазоланиши, сабаблар бартараф этилиши, лозим ўринларда, агар қонунчиликда шу кўзда тутилган бўлса, компенсациялар тўланиши керак".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Darakchi.uz
Image caption Журналист ва блогер Шаҳноза Соатова (ўртада) ўтган ҳафта Адлия вазирининг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган

Мақоладан расмийлар охирги пайтларда аҳолининг оммавий норозиликларига сабаб бўлаётган уй-жойлар бузилиши билан қонунчиликни таъминлаш борасида машкул вазиятга юз тутаётгани англашилади.

"Афсуски, биз ҳамма ерларимизга уй-жой қуриб, озиқ-овқатни ташқаридан сотиб оладиган даражада бой давлат эмасмиз ҳали. Қолаверса, бу ҳолат давом этиш ҳам мумкин эмас - қонунийликни таъминлаш керак. Шунинг учун, фикримча, давлат мазкур масалада қатъият кўрсатишда давом этади". -дейди мақола муаллифи.

Бир марталик амнистия

2018 йил апрелида ҳукумат ўзбошимчалик билан қуриб олинган иморатларга бир марталик амнистия эълон қилган эди.

2019 йил 1 майга қадар амал қилган амнистияга мувофиқ, махсус комиссияя тақдимномасига асосан бир марталик тўловни амалга ошириш йўли билан бу турдаги иморатларга эгалик ҳуқуқи расмийлаштирилган.

Шаҳноза Соатованинг ёзишича, ушбу амнистия "ўз номи билан бир марталик ва энди бундай акция бўлмайди".

Муаллифга кўра, давлат ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари масаласида "қатъий позиция"ни эгаллай бошлаган.

Шаҳноза Соатованинг фикрича, ўтган йилларда уй-жой сиёсатида аҳоли сонининг реал ўсиш суръатидан келиб чиқилмагани, қишлоқ аҳолиси даромадларининг пастлиги ҳамда ер-жойларни сотишдаги коррупция ҳамда қонунбузарликлар муаммонинг кескинлашиб кетишига сабаб бўлган.

Шу йилнинг 14 феврал куни Сурхондарёнинг Олтинсой туманида одамларни ноқонуний қурилгани айтилган уйларидан мажбуран кўчиришга уриниш ишлари маҳаллий аҳоли ва ички ишлар ходимлари ўртасидаги тўқнашувга сабаб бўлган эди.

Аҳоли орасида "снос" деб ном олган уй-жой бузилиши бошқа ҳудудларда ҳам аҳолининг оммавий норозиликларига сабаб бўлган.

Ўтган йил июлида Президент Шавкат Мирзиёев қонунда белгиланган товон пулларини тўламай туриб, аҳоли ва тадбиркорларга тегишли иморатларни бузмаслик ҳақида қатъий кўрсатма берганини айтган.

Олий Мажлис эски таркибининг уч нафар депутати расмий матбуотда чоп этилган мурожаатда аҳоли уйларининг бузилишини "уруш ҳолатига қиёслаганлар".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ