Россия-Ўзбекистон: Андижон ИИБ таксичи ва блогерни нега ҳибсга олди? - O'zbekiston

  • Соҳиба Ҳаёт
  • Би-би-си, Москва
Москва

Россия- Ўзбекистон оралиғида юк ва одам ташиш билан шуғулланувчи андижонлик Жўрабек Қимизов YouTube каналига қўйган видеолари ортидан ҳибсга олингани айтилмоқда.

Пахтаобод тумани ИИБ бошлиғи эса Би-Би-Си билан суҳбатда бу даъво асоссиз эканини айтиб, унга нисбатан фирибгарлик иши бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

"Жим юришим учун ёмонотлиқ қилишмоқчи"

38 ёшли Жўрабек Қимизовнинг аёли Асилзода Холмирзаева эрини видеолари ва интервьюлари сабабли қамаб қўйишганини билдирди. Такси ҳайдовчиси январ ва феврал ойларида Би-би-си Ўзбек хизматига Ўзбекистонда январ ойидан кучга кирган божхона тўловлари тўғрисидаги қонун ижросидан норозилигини билдириб, Ўзбекистон Президентидан шу масалага эътибор қаратишини сўраганди.

"Бизда божхона билан муаммо ҳамиша бўлиб келган, охирги марта ватанимга кираётганимда шу қадар (маънан) қийнашдики, бензинни олиб ўзимни ёқиб юбориш даражасига бордим. Фарзандим мактабга бориши керак эди, 4 сутка чегарада қолиб кетганмиз. Икки ярим йилдан бери шу аҳвол. Охирги пайт жудаям ошиб кетди. Хатто мен қўлимда эмизикли боламиз билан бу томонга ўтиб қолганман, вақт тугади, божхона ёпилди деб ёпишган, аёлим чегаранинг у томонида қолиб кетди. Чегара очилгунча кўрпа ёпиниб ўтирган, мен эмизикли бола билан қолиб кетганман. Ўзбекистонга кирганимдан бери божхонанинг кетидан яхши кун кўрмаяпмиз. Жуда ачинарли ҳол бўлаяпти", - деганди Жўрабек Қимизов январ ойида берган интервьюсида.

У ҳар шикоятида ўзининг Ўзбекистондаги сиёсатга қарши эмаслигини алоҳида таъкидлаганди.

"Биз ватанимизга, сиёсатига қаршимасмиз. Ватанимизни жудаям яхши кўрамиз. Қонунларини хурмат қиламиз. Фақат бу чеклов (божхона тўловлари тўғрисидаги янги қонун-таҳр) бизга тўғриси, тўғри келмаяпти.

Ҳайдовчи Қимизов божхоначилар билан доимий келишмовчиликларнинг сабаби у ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишида, деб билади.

"Ҳужжатлари йўқ одамлар қамаладиган "бомжага"да 6 кун қолиб кетганман. Ўзим собиқ ҳарбийман, "сени давринг ўтган" деб ноўрин муомала қилишган". Кейин муҳтарам Президентимиз янги иш бошлаган пайтлари порталларга хат ёзиб, қутулиб қолганман. Мен қонун бузмаганман, ҳеч ёмон иш қилмаганман, мени индамаслигим, жим юришим учун ёмонотлиққа чиқариб, 11 йиллик ишни тайёрлаб қўйишган экан", - деганди Жўрабек.

"Бир сумка йўқолганди"

Жўрабек Қимизов биз билан суҳбатда оиласи билан 7 ярим йил Россияда яшагани, охирги 2 йилдан бери Ўзбекистонда яшаётганини айтганди. Аёли ва 4 фарзандининг таъминоти унинг зиммасида.

"Осон эмас, нарсалар ва одамларни олиб икки юрт орасида юрамиз. Қанийди, юртимизда иш ўринлари бўлса, бўлгунича эса иложимиз йўқ. Нимадир қилиб оиламизни боқишимиз, рўзғор тебратишимиз керак".

Жўрабекнинг аёли Асилзода Холмирзаева эрини 27 февраль куни кечки пайт Пахтаобод тумани милиция ходимлари уйдан кутилмаганда олиб кетишганини, шу билан қайтмагани, кейинчалик милиция идораларига қатнаб, излаб, унинг ҳибсга олинганини билганини маълум қилди.

"Шу куни кундузи ўзимиз туман милиция бўлимига боргандик. Россияда пайтимизда чақиришганди. Шунга борган эдик. Бир сумка йўқолганди, шунинг эгаси "тўлаб берсин" деб ёзиб берган экан, шунга жиноий иш қўзғатилган экан. Бу сумканинг йўқолгани ҳақида Тошкентда божхонада ҳужжатлар қилинган экан. Бир ярим йил олдинги нарса-да бу. Шунга терговга чақиришганида булар Россияда бўлишган. Россияга кетиб қолган деб қидирув эълон қилишганми, десак, божхонадан ҳеч қандай муаммосиз ўтди".

Би-би-си Ўзбек хизмати Асилзода Холмирзаева Жўрабек Қимизов ишига алоқадор, дея тахмин этаётган вазиятни ўрганди.

"Милиция тиланчининг пулини олиб қўйган"

Ҳайдовчи Жўрабек Қимизов 2 йил олдин YouTubeда "Adolat TV" номли канал очган ва унга, асосан, ўз фаолияти ҳақида видеолар жойлаштириб борган.

Асилзоданинг айтишича, 4 ой олдин эълон қилинган видеоси сабабли уларнинг тинчлиги бузилган. 12 октябрь кунги видеода пахтаободлик Мавлудахон Шерқўзиева исмли кекса ёшли онахон соғлиғи ва қийин вазиятидан шикоят қилади ва Президент Мирзиёевга мурожаат қилади. 68 ёшли аёл укалари уй талашиб, қариган чоғида кўчада қолганини айтган.

"Кирарга уйим йўқ, астойдил қийналиб қолдим, менга қарайдиган одамнинг ўзи йўқ, турарга жойим йўқ. Кўзимни операция қилай десам, палон пулни айтади. Менга кимга ёрдам беринглар деб сўрайман?", - онахон йиғлаб президентдан ёрдам сўрайди.

Жўрабек Қимизов кадр ортида онахонга паспорт олишда кўмаклашгани, маҳалла қўмитаси қарамаслиги, қишга кийим-боши йўқлигини айтиб, ёрдам қилмоқчи бўлган одамларга телефон рақамини қолдиради.

Шу видеонинг 2-қисми сифатида эълон қилинган лавҳада эса Мавлудахон Шерқўзиеванинг "эски шаҳар бозорига бориб тиланчилик қилгани, ўшанда милиция ҳодимлари ушлаб, олиб кириб қамаб қўйгани, ҳатто тиланчилик қилиб йиққан пулларини олиб қўйишгани"ни кадр ортида гапирган. Онахон буни тасдиқлаб, шу воқеани тўлиқроқ айтади.

"Шаҳар бозорида бўлган, мени уриб... тиланганларим учун айб қилманглар, илтимос... Ёш бола экан милиса, манабу ерларимни моматалоқ қилиб юборган... 114 минг (сўм) пулимни олган - қўлини кўрсатиб ушлаб йиғлаб узуқ-юлуқ гапирган кекса аёл. - янгибозор прокуратурасига кирди, бир тийинингизни олишга ҳаққи йўқ, деди. Ярим пенсиям эди. Тўғрисини айтаман, (тиланчилик қилиб) ўтирувдим, одамлар берган 1000 сўм, 50 мингталик".

Ҳокимиятнинг таҳдидли раддияси

Бу видео эълон қилинганидан кейин орадан ўн кун ўтгач, 23 октябрь куни Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг Facebookдаги расмий саҳифаси "Пахтаободдан ёлғон хабар!" сарлавҳали пост эълон қилади. Унда Мавлудахон Шерқўзиеванинг оилавий аҳволи ўрганилгани, оила аъзолари борлиги, оила аъзолари аҳиллиги, маҳалла қўмитаси ёрдам қилиши ва ҳолидан хабар олиб туриши, кўзини даволатиш учун аянинг ўзи ўғлига қаршилик қилганини билдирган.

"Видео мурожаатдаги айтилган барча гапларни ҳам Асилзода ва унинг турмуш ўртоғи Жўрабек ўргатганлигини Мавлудахон ая суҳбат давомида айтиб берди", дейилади раддияда.

Шунингдек, ҳокимият матбуот хизмати Мавлудахон Шерқўзиеванинг кўзини даволанишига ёрдам берганини маълум қилиб, раддия сўнгида:

"Ижтимоий тармоқ орқали ёлғон хабар тарқатган фуқаролар эса, қонун олдида жавоб беришлари муқаррар", дея огоҳлантиради.

Аммо орадан 5 кун ўтиб, 28 октябрь куни Мавлудахон Шерқўзиева шифохонадан яна Президентга мурожаат қилиб, ёрдам сўрайди ва ҳокимият вакили Одинахон Ҳайиталиевадан шикоят қилади. Бу тасвирларни кадр орти овозга кўра, Қимизовнинг аёли Асилзода ёзиб олган.

Биз Мавлудахон Шерқўзиева билан боғлана олмадик, аммо Қимизов каналида эълон қилинган Президентга яна бир мурожаатчи кекса онахон билан суҳбатлашдик. Мавжуда Солиева ўз муаммоларини ҳал қилишда Президентдан ёрдам сўраган ва бу видеода ҳам ҳокимият вакиласидан шикоятлар билдирган.

Андижонда матбуот хизматлари қандай ишлайди?

Би-би-си Ўзбек хизмати вазиятни ўрганиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят ИИБ матбуот хизматлари, Пахтаобод туман ҳокимлиги ва ИИБ билан боғланишга ҳаракат қилди.

Андижон вилоят ИИБ расмий сайтида кўрсатилган рақамга терилганида, телефонга жавоб берган ходим "Би-би-си Ўзбек хизмати" номини эшитиб, телефонни ўчириб қўйди. Кейинги такрор уринишларимиз беҳуда кетди. 4 марта телефонни олиб "ало, ало" деб қўйиб қўйилди, сўнг жавоб берилмади ва бироз муддатдан сўнг "линия носозлиги учун абонент блокировка қилинган" деган автожавоб берилди.

Андижон вилоят ИИБ матбуот хизматининг рақами сифатида кўрсатилган телефонга жавоб берган ходим "бу бўйича ИИВ матбуот хизматидан маълумот оласиз" деб, телефонни ўчирди.

Андижон вилояти ИИБ нинг яна бир рақами орқали боғланганимизда, бошқа бир ходим "бизда ундай маълумот йўқ", деб телефонни қўйиб қўйди.

Пахтаобод туман ИИБ телефонларида ҳам шундай вазият.

Андижон вилоят ИИБнинг Facebookдаги расмий саҳифасига ёзган мурожаатларимиз ўқилди ("кўрилди" сифатида қайд этилди), аммо жавоб берилмади.

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг Facebookдаги расмий саҳифасида хабар қолдириш тизими ёпиб қўйилган. Боғланиш учун қолдирилган телефон рақамига автожавоббергич уланган. "1"ни босиб, боғланишга қайта-қайта уринганимизда ҳам телефонга ҳеч ким жавоб бермади.

Ниҳоят, Пахтаобод тумани хокимлиги матбуот хизмати Facebookдаги расмий саҳифасида жавоб ёзди ва қўнғироқ қилиб боғлана олдик. Пахтаобод тумани ИИБ нинг навбатчилик қисми телефон рақамларини топишда кўмаклашди ва "ҳамкорликка ҳамиша тайёрликлари"ни билдириб, ҳушмуомалалик билан жавоб берди.

Аммо қўнғироқлар навбати яна ИИБ ларига келганида, юқоридаги ҳолат такрорланаверди.

"Юклар етиб келмаган"

Би-би-си ўзбек хизмати Пахтаобод тумани, подполковник ИИБ бошлиғи Азизбек Исламов билан боғланиб, вазиятга изоҳ олишга муваффақ бўлди.

-Ўзи аслида сизларга изоҳ берадиган вилоят матбуот хизмати бор. Майли энди, телефон қилибсиз. У болага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси - фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган. Бир эмас, бир неча фуқаролар томонидан ариза билан мурожаат қилинган. Яъни улар Россия Федерациясидан юкларини бериб юборган, бу ерга етиб келмаган. Бу бола(Жўрабек Қимизов)нинг важида юкларни божхона олиб қолаяпти, деяяпти. Божхона олиб қоладиган бўлса, қайси божхона бўлишидан қатъий назар қанақадир хужжат бериши керак-да. Тергов жараёнида хужжат тақдим қила олмади. Тергов пайтида кела олмагани учун эҳтиёт чораси қўлланилиб, ҳибсга олинган бўлинса керак. Бу борада тўлиқ хабарим йўқ, лекин жиноят иши борлигидан хабарим бор.

Подполковник Исламов ҳайдовчи-блогер Жўрабек Қимизовнинг Би-би-си даги чиқишлари учун жавобгарликка тортилганини қатъиян рад этди.

-Интервьюлари учун эмас, кечирасизу, бу провакацион нарса. Ҳақиқатни айтиш керак. Бир одамни қамоққа олиш учун албатта суд санкцияси бўлади. Хабарингиз бўлса, суд ажрими билан. Бизда терговчи ёки прокурор оддий бир қарор қилиб, қамаб қўя олмайди.

"Чекловга қарамасдан чиқиб кетган"

ИИБ бошлиғидан даъвогарларнинг аризалари ҳақида сўрадик.

-Аризани кўп фуқаролар ёзган, 3-4 нафар фуқаро даъвогар. Юқорида айтганимдек, тафсилотлар билан тўлиқ танишмасман.

-Ўтган йилги ариза атай кўтарилгани ҳақида даъво бор?

-Йўқ-йўқ, ундай эмас. Бизда суриштирув муддати бор. Кейин тергов муддати бор. Ўтган сафар бу бола Россияга кетиб қолганида тўхтатилган, ҳудуддан чиқишга чеклов қўйилган. Шунга қарамасдан, чиқиб кетган. Лекин расман жиноят иши мавжуд, уюштирилган ёки бошқа ҳеч қанақа гаплар йўқ. Бу биринчи ҳолат эмас, агар батафсил маълумот олмоқчи бўлсангиз, вилоятда тергов бошқармаси бор, тўлиқ маълумот уларда. Терговчи жиноят-процессуал кодекси бўйича мустақил, биз унинг ишига аралаша олмаймиз. Туман ИИБ бошлиғи сифатида хизмат интизомига риоя қилинишини назорат қиламан, лекин жиноят ишини ўрганишга, аралашишга менинг ваколатим йўқ.

Суҳбатимиз сўнгида Пахтаобод тумани ИИБ бошлиғи вазиятни ўрганишда яна бир ҳолатга эътибор қаратишимизни сўради.

-Вазиятга одилона баҳо беринглар, нега десангиз, бу оила шу йилнинг ўзида 3-марта жиноят билан ўтаяпти. Ота-онаси билан муносабати яхшимас, ўтган йили буларга нисбатан 140-модда (такрорий ҳақорат) бир-бирини ҳақорат қилиш билан жиноят иши қўзғатилган, яраштирув қилинган. Шунга қарамасдан, яна жиноий ишлари мавжуд.

"Видеоларнинг ишга дахли йўқ"

Би-би-си ўзбек хизмати Жўрабек Қимизов иши билан шуғуллаётган Жасурбек исмли терговчи билан ҳам гаплашди:

"Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаяпти. Жиноят иши доирасида тўлиқ маълумот бера олмайман - бу тергов сирини ошкор қилиш бўлади, қонунларимизга тўғри келмайди. Лекин Қимизов Жўрабекка нисбатан ЖКнинг 168-моддаси, такроран фирибгарлик содир этганлик бўйича жиноий иш қўзғатганмиз. Ахборот эркинлиги - қандай фикр билдирса, интернетда ўзини қандай намоён қилган бўлса, бу бўйича ҳеч қанақа мурожаат келиб тушмаган, бу ҳақида умуман маълумот билмаймиз. Айнан у учун қамалгани йўқ. Фуқароларнинг нарсаларини олиб келиб бермаганлиги учун ЖКнинг тегишли моддалари билан айбланиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаганмиз. Видеода чиққанларини умуман ишга дахли йўқ. Айбланувчилар юклар йўқолган деяяпти, жабрланувчиларни эшитаяпмиз, юклар олиб келинганини тасдиғини топаяпти, олиб келиб туриб эгаларига бермагани учун жиноий иш қўзғатганмиз".

Айни пайтда Жўрабек Қимизов ҳибсда қолмоқда, рафиқаси Асилзода Холмирзаева эри учун адвокат ёллашда қийналаётганини айтди.

"Давлат адвокати буларни (Қимизовни) ҳимоя ўрнига қоралаб гапирди. Шунинг учун ўзимиз адвокат ёллашга қарор қилдик. Аввалги топган адвокатимиз иш билан танишиб чиқиб, ҳокимият билан тортишишимга тўғри келаркан, дея катта пул сўради. Бизда ундай имконият йўқ, эрим қамалди, 4 бола билан уйда ўтирибман. Бугун бошқа адвокат топдим, эртага иш билан танишиб чиқаркан", - дейди ҳибсдаги ҳайдовчи ва блогернинг аёли.

Би-би-си ишнинг тафсилотларини ўрганишда давом этади.