Коронавирус кимларни кўп ўлдирмоқда? Сиз қайси гуруҳда? Ўзбекистон O`zbekiston

Хитой Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/STR
Image caption Коронавирус айримларда енгил ўтса, бошқаларни йиқитмоқда.

Олимлар ва шифокорларнинг аниқлашича, коронавирус юқтирган ҳар 1000 кишидан тақрибан 9 нафари оламдан ўтаётган бўлиши мумкин.

Бу - коронавирусдан ўлим ҳоллари ўртача 1% дегани.

Жуда тушкун тахминларга кўра, ўлим ҳоллари 2% бўлиши мумкин.

Лекин баъзи гуруҳлардаги одамлар орасида ўлим ҳоллари жуда паст бўлса, бошқаларида анча баланд.

Вирус кимларни ўлдирмоқда?

Коронавирус кимларни кўпроқ ўлдирмоқда, деган савол жавоби жуда мураккаб.

Аввало, дунё бўйлаб кўп одамлар вирусни юқтирса ҳам, уни енгил ўтказиб, шифокорга бормасдан, ҳеч жойда рўйхатга олинмаган бўлиши эҳтимоли катта.

Вирусни енгил ўтказиш ёки унинг қурбони бўлиш - ҳар бир инсоннинг ёши, жинси, яна бошқа бирон касали бор-йўқлиги ва бемор яшайдиган мамлакат тиббиёт тизими аҳволига боғлиқ.

Коронавирус масжидда юқиши мумкинми, жамоат намозлари хавфлими?:

Коронавирусдан ўлиш эҳтимоли катта гуруҳлар:

  • кексалар;
  • бошқа касаллиги бор одамлар;
  • эҳтимол, эркаклар.

Хитойдаги илк йирик таҳлилга таянсак, ўрта яшар одамларга нисбатан, ўта кексалар орасида вирусдан ўлиш ҳоллари 10 маротаба баланд.

Алоқадор мавзулар:

Коронавирус юққан одамни қандай биласиз?

Коронавирусга қарши вакцина қачон тайёр бўлади?

Ўлим ҳоллари 30 ёшга етмаганлар орасида жуда паст: ҳар 4500 одамдан 8 киши нобуд бўлган.

Лекин қандли диабет, қон босими баланд, юрак қон-томир ёки нафас йўллари касаллиги бор одамлар ўртасида ўлим ҳоллари камида беш баробар кўп.

Шу қаторда, аёллардан кўра эркаклар бироз кўпроқ ўлмоқда.

Лекин дунёнинг қайси нуқтасидаги қайси гуруҳга мансуб одамга коронавирус қанчалик хавф солиши ҳали бутунлай аниқланмаган.

Қаерда яшашингиз ҳам муҳим

Хитойда яшайдиган 80 яшар эркакнинг коронавирусдан қандай жабр кўриши, албатта, Европа ёки Африкадаги 80 ёшли эркакникидан фарқли.

Бу, хусусан, у ёки бу мамлакатда сизга қандай тиббий хизмат кўрсатишларига ҳам боғлиқ.

Шу қаторда, эпидемия қайси босқичга чиққани ҳам муҳим.

Эпидемия бошланиб кетса, касалхоналарда вирус юқтирган ҳолатлар кўпайиб кетади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Коронавирус 50дан зиёд мамлакатда 3 мингдан кўпроқ инсоннинг ёстиғини қуритди.

Коронавирус мавсумий гриппдан хавфлими?

Коронавирус ва мавсумий гриппни солиштириш қийин.

Чунки кўпчилик касални енгил ўтказади ва шифокорга чиқмайди.

Шу боис аслида қанча одам грипп бўлган ёки неча киши янги коронавирусни юқтирган - аниқ айтиш имконсиз.

Мавсумий грипп ҳам ҳар қишда одамларни ўлдиради.

Аммо янги тадқиқотлар ўтказилиб, натижалари эълон қилиб бориларкан, айнан кимлар коронавирус хавфи остида эканлиги ҳам тобора аниқлашаверади.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти эса ҳар қандай ҳолатда ҳам гигиенага риоя қилишни, қўлингизни яхшилаб совунлаб ювиб юришни, йўталаётган ёки аксираётган одамлардан узроқ туришни, қўлингизни кўзингиз, бурнингиз ва оғзингизга текизмасликни маслаҳат беради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

,