Ҳиндистон ва мусулмонлар: Полиция мусулмонни нега уриб ўлдирди? - Дунё, янгиликлар

Полиция томонидан калтакланганлар орасида Рафиқ ҳам бор
Сурат тагсўзи,

Полиция томонидан калтакланганлар орасида Рафиқ ҳам бор

Наимнинг айтишича,унинг укаси ўтган ҳафта пойтахт Деҳлида авж олган оммавий тартибсизликлар вақтида полиция томонидан дўппосланганидан сўнг ўлган. Полиция томонидан мусулмон эркакларни калтаклаш видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.

Уч кун давом этган ва асосан мусулмонлар нишонга олинган тартибсизликлар вақтида 40 ортиқ одам ҳалок бўлди. Ўлганларнинг орасида мусулмонлар билан бирга ҳиндлар ҳам бор.

Танқидчилар мусулмонларга нисбатан камситиш эканлигини айтаётган фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида келиб чиққан тартибсизликлар давомида 200 дан ортиқ киши жароҳат олган.

Деҳли полицияси Би-би-сининг Файзан ўлими борасида изоҳ сўраб берган саволига жавоб бермади. Полиция айрим хабарларда айтилаётган мусулмонларнинг уйлари ва масжидларига ҳужум қилган исёнчиларни тўхтата олмаганликда танқид қилинмоқда.

Наим ўлдирилган укасига аза тутмоқда.

Унинг укаси Файзан Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ўтган ҳафтада авж олган қонли тўқнашувларда ўлдирилган ўнлаб мусулмонлардан бири.

Наимнинг иддао қилишича, полиция укасини дўппослаган ва Ҳиндистон мадҳиясини айтишга мажбурлаган.

Ҳужум видеоси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

"Сен озодлик истаганмидинг, мана сенга" дея калтаклайди видеодаги полиция.

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи,

Ҳинд полицияси мусулмонларни аёвсиз калтаклаб, уларни мадҳияни куйлашга мажбурлаган

Жабрланувчилардан бири "ҳаммамиз ҳиндистонликмиз, бизни урманг", дея ёлворади.

"Укам оддий инсон эди, катта адолатсизлик бўлди. Дўхтир унга яхши қарамади. Полиция дўппослади. Уни аёвсиз калтаклашди.

Полиция уни олиб кетиб, икки соатча тинмасдан дўппослаган. Кейин кўчага ташлаб кетишди. Орадан анча вақт ўтганидан кейин, полиция машинаси келиб уни шифохонага олиб кетди", дейди Наим

Полиция ходимлари кейинчалик жароҳатланган Файзанни полиция идорасига олиб кетишади.

"Укамизни кўришга изн беришмади. Улар укамни ярим тунда қўйиб юборди, у оғир жароҳатланганди. Биз уни уйга олиб келдик, бироқ тонгга бориб укамнинг аҳволи янаям ёмонлашди. Кейин шифохонага олиб бордик, тушдан кейин ўша ерда жони узилди", дейди у.

Деҳли полицияси Би-би-сининг изоҳ бериш борасидаги сўровига жавоб бермади.

Видеода яна бир мусулмон жабрдийда Рафиқ ҳам тасвирга тушган.

"Полиция сенларнинг озодликка бўлган орзуларингни амалга оширамиз, деди. Тартибсизлик бошланганида мен онамни кўриш учун кетаётгандим.

Полиция кутилмаганда ҳаммамизга ҳужум қила бошлади. Ҳаммага қўшилиб мен ҳам қочдим. Ерга йиқилган вақтимда полиция келиб ушлади. Мени урмасликни ва қўйиб юборишларини ёлвориб сўрадим. Бироқ улар ҳаммамизни дўппослашда давом этди.

Оқ кўйлакдаги менман. Мендан мадҳияни айтишни талаб қилишди. Кўчага чиқишга ҳам қўрқиб қолганимдан, шифохонага ҳам боролмадим. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Вазият тинчиганидан кейин дўхтирга боришим мумкин. Ҳозир Ҳиндистонда вазият жудаям оғир. Нима дейишимни ҳам билмайман", дейди Рафиқ.

Ҳиндистон парламенти декабр ойида уч қўшни давлатдан келган, мусулмон бўлмаган ноқонуний муҳожирларга амнистия берувчи қонунни маъқуллади. Танқидчилар буни «мусулмонларга қарши қонун», деб атади.

Эндиликда, Покистон, Бангладеш ва Афғонистондан Ҳиндистонга келган диний озчиликлар вакиллари фуқароликни қўлга киритиши мумкин.

Миллатчи кайфиятдаги Bharatiya Janata Party (BJP) партияси томонидан бошқарилувчи ҳукумат янги қонуннинг диний таъқибдан қочиб келган инсонлар учун бошпана беришга замин яратишини таъкидлайди.

Танқидчилар бу қонунни BJP'нинг мусулмонларни четлатиб қўйиш мақсадининг бир қисми, дея тасвирлаган.

Қонуннинг мазмуни қандай ўзи?

Ҳиндистоннинг бундан 64 йил муқаддам кучга кирган фуқаролик бўйича амалдаги қонунига биноан ноқонуний муҳожирлар мамлакат фуқаросига айланиш ҳуқуқига эга эмас.

Янги қонун билан эса ана шу тартибга ўзгартириш киритилмоқда.

Мазкур қонунга кўра, яроқли паспорт ва саёҳат ҳужжатларисиз Ҳиндистонга кирган ёки рухсат берилган вақтдан ортиқча муддат мамлакатда қолиб кетган шахслар ноқонуний муҳожир ҳисобланади.

Бундан ташқари шахс Ҳиндистон фуқаролигини олиш учун ҳужжат топширишдан аввал мамлакатда яшаган бўлиши ёки федерал ҳукуматга, камида, 11 йил ишлаб бериши лозим эди.

Янги қонун бу бандни ҳам ўзгартирмоқда.

Эндиликда, Покистон, Афғонистон ёки Бангладешдан эканини исботлаб бера олган ва олти диний озчиликка - ҳинду, сикҳ, буддист, жаин, парси ва насроний - мансуб бўлган инсонлар учун ҳинд фуқаролигини олиш йўлида мавжуд бўлган юқоридаги чекловлар олиб ташланмоқда.

Қонуннинг нимаси баҳсли?

Янги қонуннинг танқидчилари у жамиятдаги маълум қатламларни яккалаб қўйиши ва мамлакат конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган дунёвийлик тамойилларини поймол этишини таъкидлайди.

Танқидчилар фуқаролик диний мансубликка асосан бўлмаслиги лозим, дейди.

Ҳиндистон конституцияси ўз фуқароларига қарши диний дискриминация олиб боришни қатъиян тақиқлайди ва барча инсонларнинг қонун олдида тенглиги ҳамда қонун ҳимоясидан бир хилда фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишини кафолатлайди.

Пойтахт Деҳлида меҳнат қилувчи ҳуқуқшунос Гуатам Бҳати муҳожирларни мусулмон ва мусулмон бўлмаган тоифаларга ажратиш билан янги қонун «қонунчиликка диний дискриминация тушунчасини олиб кираётгани»ни айтади.

Тарихчи Мукул Кесаян эса "гарчи қонун муҳожирларга мўлжалланган бўлсада, унинг асосий мақсади мусулмонлар қўлидаги фуқароликни делегитимизация қилишдир", дейди.

Танқидчилар агар янги қонун билан чиндан таъқибга учраган диний озчилик вакилларини муҳофаза этишни кўзланганда, унинг ичидан Покистонда босимга тутилувчи аҳмадийлар ва Мянмадаги роҳингя каби жамоалар ҳам ўрин олиши керак эди, дея эътироз билдиради.

Бироқ қонунни ёқлаб чиққанлардан бири бўлмиш BJP партиясидаги етакчи раҳбарлардан бири Рам Мадҳавнинг сўзларига кўра, «дунёда бирор давлат йўқки, ноқонуний муҳожирликни ёқлайдиган».

«Қалби қонга тўлган тарафкашлар қайғураётган бошқа жамоат вакиллари учун Ҳиндистон фуқаролиги бўйича қонунчилик мавжуд. Қонун имкони борлар Ҳиндистон фуқаролиги учун даъво қилиши мумкин. Қолган барча ноқонуний муҳожирлар тартиб бузувчилар ҳисобланади», сўзлайди Мадҳай.

Қонун қандай қабул қилинди?

Бу қонун лойиҳаси масаласи Парламентда илк бор 2016 йил июль ойида кўриб чиқилган.

Ҳиндистон шимолий -шарқида муҳожирларга қарши зўравонликка тўла намойишлар бошланиб кетганидан сўнг қонун лойиҳаси Парламентнинг юқори палатасидан ўта олмаган эди.

Ушбу қонун Ассам штатидаги Фуқароларнинг Миллий Реестрига алоқадор равишда кўрилади, аммо уларнинг иккиси бир хил нарса эмас.

Реестр Бангладеш мустақил бўлганидан бир кун аввал - 1974 йил 24 мартга қадар Ассам штатига келганини исботлай олган бангладешликларнинг рўйхатидан иборат.

Шу йилнинг август ойида мамлакат ҳукумати рўйхатнинг якуний кўринишини эълон қилган ва бунинг ортидан штатда яшаётган 2 миллионга яқин инсон фуқароликдан маҳрум бўлиши аён бўлган эди.

Бироқ кўплаб овоз берувчилари ноқонуний муҳожир мақомига тушиб қолиши мумкинлигини англаган BJP рўйхатни қайтадан кўриб чиққан эди.

Реестр ва янги ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Фуқаролик бўйича қонунга киритилган ушбу ўзгартириш билан реестрдан чиқариб ташланган мусулмон бўлмаган шахсларнинг фуқароликка эга бўлиши учун замин яратилмоқда.

Бу сўнгги кўриб чиқишдан сўнг Фуқароларнинг Миллий Реестрига кирмай қолган ўн минглаб бенгал-ҳиндлар фуқароликка эга бўлиб, Ассам штатида қолиши мумкинлигини англатади.

Мамлакат ички ишлар вазири янги қонун қабул қилингандан сўнг мамлакат бўйлаб фуқароларнинг ана шундай ўхшаш реестрини тузиш ва ноқонуний муҳожирларни аниқлаш ҳамда «ҳар бир тартиб бузувчи»ни 2024 йилга қадар Ҳиндистондан ҳайдаб чиқариш таклифини ўртага ташлаган.

«Агар ҳукумат мамлакат бўйлаб фуқароларнинг миллий реестрини жорий этиш режасини амалга оширса, у ҳолда, рўйхатга кирмай қолувчи икки қатлам юзага келади: мусулмонлар (аксар кўпчилик) ва бошқа жамоат вакиллари. Бироқ янги қонун билан мусулмон бўлмаган шахсларда, агар улар ўзларининг Афғонистон, Покистон ва Бангладешдан эканини исботлай олса, мамлакатда қолиш имкони мавжуд», изоҳлайди Бҳатия.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek