Греция Европага йўл олган қочқинларни отиб ўлдиряптими? - Туркия, мусулмонлар

A group of men carried the man in a blanket away from the border and Turkey said he died later in hospital

Туркия расмийлари чоршанба куни Греция хавфсизлик кучлари ўт очганидан сўнг бир эркак оғир жароҳат олиб ҳалок бўлганини айтмоқда.

Греция ҳукумати зудлик билан ушбу иддаони рад қилиб, қурол ишлатиш билан боғлиқ ҳеч қандай ҳодисага аралашмаганини айтиб чиқди.

Туркия қочқинларнинг йўлига тўсқинлик қилмаслигини айтганидан сўнг, минглаб одам чегарага қараб йўлга чиқди.

Греция, шунингдек, чегарани кесиб ўтишга ҳаракат қилган икки суриялик отиб жароҳатлангани ҳақидаги иддаоларни ҳам рад қилди.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

Тракя университет шифохонасида бир неча одам жароҳатдан даволанмоқда

Чегарада нима бўлганди?

Туркиянинг шимолдаги Греция билан чегарасида олинган видео тасвирларда ўнлаб муҳожирлар далани оралаб кўздан ёш чиқазувчи газдан қочаётганини кўриш мумкин.

Бир неча эркак бошини ушлаб олган эркакни одеялда кўтариб кетаётгани ҳам кўринган.

Сурат манбаси, Getty Images

Форс тилида гапирган киши грек аскарлари уларнинг оёқларига қарата ўқ узганини ва 5 киши жароҳатланганини айтади.

Эдирне шаҳри расмийлари бир муҳожир шифохонада ўлгани ва беш нафари жароҳат олганини ҳақида баёнот берди. Унда Греция полицияси ва чегарачилари муҳожирларга қарата Туркия ва Греция чегарасида ўқ очганликда айбланади.

Греция ҳукумати воизи Стелиос Петсас "Греция расмийлари томонидан ўт очилгани ҳолати бўлмаганини" айтди. У Туркия томонини сохта хабар чиқаришда айблади.

Афғонистон ва Сенегалдан 3 киши Би-би-сига сешанба куни тунда бўйни ва бошидан отилиб, ҳалокатли жароҳат олган икки сурияликни кўришганини айтди.

Греция қочқинларни қандай қаршилаяпти?

Греция полицияси чегаранинг Туркия томонидан турган қочқинларни тарқатиш учун кўздан ёш чиқарувчи газ сепмоқда.

Бу каби манзара Президент Эрдўғоннинг Туркиядаги қочқинларнинг Европага кетишидаги тўсиқларни бекор қилгач кузатиляпти.

Улар автобусларга миниб, Греция чегарасига кетишмоқда.

Бироқ Европа уларни истамаяпти. Туркия ва Европа давлатлари яна миллионлаб инсонлар — қочқинларнинг тақдири борасида келишмай қолди.

Мигрантлар учун ким жавобгар?

Туркия дунёда энг кўп қочқинни қабул қилган давлат. 4 миллион 100 минг одам Туркиядан бошпана топган.

Уларнинг аксарияти 3 миллион 700 минг суриялик бу ерга урушдан қочиб келган.

Солиштириш учун Британия атиги 17 минг сурияликка бошпана берган. Германия эса 600 минг қочқинни қабул қилган.

Шунга қарамай, бой давлатга жойлашиш қийин орзу. Бу сурияликлар чегаранинг Туркия томонида турибди.

"Европада яшаётган дўстларимиз бор. Улар университетни битирган. Биз Туркияда 8 йил яшаб, ҳеч нарсага эришмадик. Европаликлар уларга инглиз тилини ўргатишди", дейди қочқинлардан бири.

"Мен Туркияга Афғонистондан келганман. Энди Европага кетишни истаяпман. Бу гўдакка қаранг, у энди бир ойлик бўлди. Унинг иситмаси бор ва йўталяпти", дейди боласини ушлаб олган афғонистонлик аёл.

Яна бир ливиялик ўспирин уйи ёниб кетганини айтади.

"Ливиядаги уйим ёниб кетди. Ота-онам пул бериб, "омадингни сина болам", Грецияга кет, дейишди".

Туркия 2016 йил ЕИ билан келишувга эришди. Ёрдам эвазига қочқинлар Туркияда қоладиган бўлганди.

Туркия келишув энди ўз кучини йўқотди, демоқда. Турк армияси Сурияда Президент Асад кучлари билан уришмоқда.

Яна қарийб 1 миллион суриялик Туркия эшигини қоқмоқда. Туркия Президенти миллионлаб қочқин ЕИга йўл олишидан огоҳлантирмоқда.

Танқидчилари уни қочқинлардан сиёсий қурол сифатида фойдаланганликда айблаяпти. Эрдўғон тарафдорлари эса ижтимоий масъулиятни бажариш навбати Европага келганини айтмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek