Сурия, Россия ва Туркия: Путин ва Эрдўғон нимани муҳокама қилдилар?

Повстанец в Идлибе

Сурат манбаси, Getty Images

Россия Президенти Владимир Путин ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 5 март куни Кремлда учрашишга келишганлар. Улар Сурия Идлибидаги вазиятни муҳокама этишга қарор қилганлар. Охирги кунларда Москва билан Анқара бир-бирига қарши кескин баёнотлар билан чиққани боис музокаралар осон кечадиганга ўхшамайди.

Кремлдаги музокаралар бошида Президент Путин Сурияда ҳалок бўлган Туркия ҳарбийларига ҳамдардлик билдирди.

27 феврал куни Сурия ҳарбий-ҳаво кучларининг авиаҳужуми оқибатида 36 Туркия ҳарбийси ҳалок бўлди. Ушбу ҳодиса Москва ва Анқара ўртасидаги келгуси ҳамкорликни савол остига қўйди.

"Афсуски, мен аввал сиз билан телефон суҳбатимизда айтганимдек, ҳеч ким, шу жумладан, Сурия ҳарбийлари уларнинг у ердалигини билмаган", - деди Президент Путин Президент Эрдўғонга. "Ҳозир Идлибдаги вазият шу қадар мураккаблашдики, иккимиз юзма-юз гаплашмасак бўлмайдиган бўлди", - деди Россия президенти.

"Ўйлайманки, бизнинг бугунги қадамларимиз ва қабул қиладиган қарорларимиз, шубҳасиз, аҳволни юмшатади", - деб айтди Президент Эрдўғон.

Музокаралардан олдин Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков музокараларнинг бош мақсади - "Идлиб инқирозининг сабаблари ва бу инқироз оқибатларининг ҳалокатли эканини тушуниш борасида бир фикрга келиш ва уни бундан кейин бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги зарур чораларни кўриш" эканини айтди.

Ўз навбатида Президент Эрдўғон Россия пойтахтидаги музокаралар "Сурияда ўт очишни зудлик билан тўхтатишга" олиб келишига умид билдирди. Бундан олдин Туркия раҳбари АҚШ Президенти Доналд Трампдан Идлибдаги жанговор амалиётларни давом эттириш учун қурол-яроғ билан дастаклаш ёрдамини сўраган.

Идлибда нималар бўлаяпти?

2018 йил сентябрида Россия, Туркия ва Эрон ўт очишни тўхтатиш ва Идлиб атрофида демилитар зона барпо этишга келишиб олган эдилар: ушбу зона ичида Туркия дастаклаётган мўътадил кучлар исломий жангарилар устидан ғалабага эришади, деб тахмин қилинган эди.

Аммо бу режани ҳаётга татбиқ этиб бўлмади. Охирги ойларда Россия бир неча бор, Туркия террорчиларни демилитар ҳудуддан сиқиб чиқаришнинг уддасидан чиқолмади, деган баёнотлар берди. Бунга жавобан Президент Эрдўғон Президент Путинга мурожаат қилиб Суриядан Россия кучларини олиб чиқишга чақирди.

Ўтган ҳафтада Туркия "Баҳорги қалқон" деб номлаган ҳарбий амалиёт бошлаганидан кейин вазият янада кескинлашди. Бунга Туркия Мудофаа вазири Хулуси Акар сўзларига кўра, 27 февралда "Туркия ҳарбийларига жирканч ҳужумдан кейин" амалиётга киришилган.

3 март куни Туркия Мудофаа вазирлиги Идлибдаги Сурия қўшинлари мавқеларини ҳужумга тутгани, тўққиз танк, икки гаубица, олтита кўп стволли ракета қурлимаси, икки транспорт воситасини йўқ қилгани, 299 Сурия аскарини ўлдиргани ҳақида баёнот берди.

Москва билан Анқара баҳси

Ўтган ҳафтада Президент Эрдўғон Суриядаги Россия қўшинларининг ҳозирлигига кескин қарши чиқди. Президент Путинни Россия ҳарбийларини олиб чиқиб кетиб, Туркия билан Сурия Президенти Башар Асадни яккама-якка қолдиришга чақирди.

"Мен Путинга айтдим: сиз у ерда[Сурияда] нима қилаяпсиз? Бизнинг йўлимиздан қочинг, бизни [Асад] режими билан яккама-якка қолдиринг... Ишонинг, биз нима керак бўлса, шуни қиламиз", - деган Президент Эрдўғон. У, ўзининг қўшинлари Президент Асад таклифи билан эмас, Сурия халқининг илтимосига кўра Сурияга кирган, деб айтган.

Бунга жавобан Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков, Россия ҳарбийлари Суриянинг машруъ раҳбарияти илтимосига биноан Сурияда бўлиб турганини, фақат Россия ҳарбийларигина бу мамлакатда қонунга биноан ҳозирлигини сақлаётган мамлакат эканини айтган. "Бошқа мамлакатларнинг бошқа ҳамма ҳарбийлари халқаро ҳуқуқ ва тамойилларга зид равишда Сурияда турибдилар", - деб айтган Песков.

Кремл Анқарани ўтган йил октябрида икки мамлакат президентлари имзолаган келишувларни бажармаётганликда айблаган. Бу келишувга кўра, Идлибдаги оғир техникани олиб чиқиб кетиш мажбуриятини Туркияга юкланган.

Туркия президенти Эрдўғон ўз армияси Сурияда на Россия, на Эрон ҳарбийларини нишонга олаётганини айтган.

"Мен Россия билан Эронга яна бир марта мурожаат қиламан. Туркиянинг бу мамлакатлар билан Сурияда муаммоси йўқ. Биз Суриядаги ҳудудга ҳам кўз тикаётганимиз йўқ, у ерда мустаҳкамланиб олиш ниятимиз ҳам йўқ", - дея қўшимча қилган у. Президент Эрдўғон "у ерда тўкилган шаҳидларимизнинг бир томчи қонини ҳам жавобсиз қолдирмаслик учун" Идлибдаги ҳужумни давом эттиришга ваъда берган.

Туркия Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Идлибдаги Туркиянинг мақсади - "Асад режими жиноятларига чек қўйиш, [жангарилар ўртасидаги] радикаллашишни йўқ қилиш ҳамда миграцияни тўхтатиш".

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Туркия Сурияда ўз мавқеъини мустаҳкамлаб олмоқчи эмас, дейди Президент Эрдўғон

Аммо Россия ҳарбийлари Туркия баёнотига қарши чиқдилар. 4 март куни Россия Мудофаа вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, Анқара Идлиб деэскалация зонасига сони бир дивизияга тенг ҳарбийларини ташлаган, бу билан халқаро шартномаларга зид иш тутган.

Россия ҳарбийлари воизи Игор Конашенков сўзларига кўра, Туркия ўз бўйнига олиган демилитар зонани барпо этиш ваъдасини бажармагани учун Россиянинг Ҳмеймимдаги авиабазаси ва бошқа Сурия шаҳарлари жангариларнинг ҳар куни ҳужумларига учрамоқда.

Конашенков айтишича, Идлиб деэскалация ҳудудида Туркия ҳарбийларининг постлари террорчи гуруҳларнинг жойлашиб олган постлари билан қўшилиб кетган ва бу нарса Сочи келишувига зид ҳисобланади.

Экспертлар қандай фикрда?

Политологларнинг фикрича, ҳозирги вазиятда Россиянинг ҳам, Туркиянинг ҳам Сочи битимида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши осон бўлмайди, аммо ўзаро муносабатларни совуқлаштиришдан икки томон ҳам манфаатдор эмас.

Мисол учун Россия Фанлар Академияси Шақршунослик Институти бош илмий ходимаси Ирина Звягелская фикрича, Суриядаги сиёсий манфаатни деб Москва билан Анқаранинг кўп сонли қўшма лойиҳаларни қурбон қилишни исташлари даргумон. Эрдўғоннинг Идлибга оид кескин баёнотлари эса кўпроқ ички сиёсий саҳнадаги аудиторияга қаратилган бўлиб, "кўриб қўйинглар, мен кучли ва мустаҳкамман" деган муждани етказишни кўзлаган.

Глазгодаги Каледон Университети политологлари Юмут Қўрқут ва Тарк Башбукўғлининг фикрларича, ҳозир Эрдўғон Туркия ичидаги миллатчи партияларнинг жиддий босими остида қолган, улар Эрдўғондан Сурия режимига ҳарбий жавоб қайтиршни талаб қилмоқдалар.

Бундан ташқари, Туркия президентига сиёсий коалициядаги де-факто шериги, ултрамиллатчилар раҳбари Девлет Бахчели ҳам босим қилмоқда, у президентдан Москва ва Дамашққа нисбатан қаттиқ мавқеъда бўлишни талаб қилмоқда, деб ёзади Лондонда нашр қилинадиган Financial Times газетаси.

Яқин Шарқ масалари бўйича эксперт Михаила Магид фикрича, ҳозирги пайтда Идлибда юзага келган вазият Россиянинг фойдасига эмас ва Туркия минтақадаги мавқеъини тезлик билан мустаҳкамлаб бораяпти, шунинг учун ҳам музокаралар мураккаб кечмоқда.

Халқаро ишлар бўйича Россия Кенгаши эксперти Кирилл Семёновнинг фикрича, Россиянинг Идлибни Асад назоратига қайтариб олиб бериш ва Туркия қўшинларини бу ердан узоқроққа олиб чиқиб қўйиш йўлидаги барча ҳаракатлари бесамар бўлмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek