Коронавирус: Яхши янгиликлар - Dunyo, O'zbekiston

BBC

Коронавирус, сўзсиз, жиддий глобал муаммо.

Хитойда пайдо бўлган вирус атиги бир неча ҳафта ичида 97 давлатга тарқади.

110 мингдан ортиқ одам хаста, 9 март ҳолатига 3835 киши вафот этган.

Шу кунларда коронавирус яна қаерда тарқабди, қанча одам ўлибди, нима бўлибди, нима қўйибди, деган хабарлардан тушкунликка тушиб қолиш ҳеч гапмас.

Аммо 21-асрда яшаётганимиз, вирус юққан тақдирда ҳам ундан шифо топиш имкони кўпроқ эканини ҳам унутмаслик керак.

Дунё олимлари янги коронавирус ҳақида бир неча умидбахш фактлари тўплашди.

Мана улар:

  • Биз вируснинг нималигини биламиз. Уханда расман тарқаган 31 декабрдан атиги етти кун ўтиб, ўткир пневманияга олиб келувчи вирус аниқланди. 3 кундан кейин эса, унинг генетик кетма-кетлиги маълум бўлди. Мисол учун, СПИД хасталиги биринчи марта тарқаган 1981 йилда, унинг нималигини аниқлаш учун 2 йил кетган эди. Шунингдек, коронавируснинг табиийлигини ҳам биламиз, у кўршапалакда топилган вирусга алоқадор ва мутацияга учраши мумкин, гарчи кўп бўлмаса ҳам.
  • Вирусга қарши тест бор. Ҳали 13 январда, яъни вируснинг генетик кетма-кетлиги аниқланганидан атиги уч кун ўтиб, ташхис қўйиш учун ишончли тест ишлаб чиқилди. Тестни Берлин университети мутахассислари, Лондон, Роттердам ва Хонг-Конгдаги ҳамкасблари ёрдамида ишлаб чиқишган.
  • Вирусни жиловлаш мумкин. Хитойнинг кенг миқёсдаги карантин ва чекловлари ишламоқда. Хитойда вирусни юқтирганлар ва ўлим ҳоллари кундан-кунга камаймоқда.
  • Юқтириш осонмас (агар эҳтиёт бўлсак) ва вирусни осонлик билан ўлдиришимиз мумкин (агар ҳаракат қилсак). Қўлни тез-тез ва яхшилаб ювиш вирус юқишининг олдини олади. Дезинфекция қилувчи одатий воситалар яхши ишлайди. Юқтириш учун сиз коронавирусга чалинган одам билан бирга яшашингиз ёки йўталиш, аксириш ё-да юзма-юз контакт натижасида вирусни юқтирган одам билан икки метр масофада 15 дақиқадан кўпроқ мулоқот қилган бўлишингиз керак. Кўчадан ўтиб кетаётган одам ҳақида гапирмаяпмиз.
  • Кўпгина ҳолатларда коронавирус симптоми мўътадил, ёшларнинг юқтириб олиш хавфи жуда кам. Вирус юқтирганларнинг фақат 5 фоизининг ҳаётига жиддий таҳдид бор. Эпидемия бораётган пайтда ўлим даражасини аниқ ҳисоб-китоб қилиш мушкул, аммо ҳозиргача энг аниқ нисбат бу 1,4 фоиз.
  • Ҳар куни минглаб одамлар тузалмоқда.
  • Ҳозирнинг ўзида юзлаб муолажа усуллари синовдан ўтмоқда. Феврал ойининг ўзида саксон хилдан ортиқ дори-дармон ва муолажа усуллари дунё лабораторияларида синовдан ўтди. Уларнинг аксари бошқа ўхшаш вирусларга қарши яхши натижа кўрсатган ва ҳозирнинг ўзида коронавирусга чалинганларга нисбатан қўлланмоқда.

Бу дори-дармонларнинг айримлари сунъий ақл ёрдамида кашф этилгани эса яна бир бор дунё вирусга қарши курашга ҳар доимгидан ҳам тайёрроқ эканининг белгисидир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek