Ўзбекистон, Коронавирус: Мирзиёев Хитой усулини қўлламоқчи - O`zbekiston

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official

Президент Мирзиёев коронавирусга қарши курашда Хитой тажрибасини танлаганини маълум қилди.

Бу танлов шу кеча-кундузда жуда умидли янграйди.

Ўзбекистон президенти барча захиралар етарли, аммо мутахассисга эҳтиёж борлигини ҳам билдирган.

Шавкат Мирзиёев вирусга қарши курашда тажрибага эга Хитойдан ёрдам ҳамда мутахассислар сўраганини қайд этди.

Хитой усули қандай ва бу Ўзбекистон шароитида ишлайдими? Видео:

Хитой усули - кескин карантин

Хитойда ростдан ҳам коронавирус тарқалиши деярли жиловланди.

Сўнгги кунларда вирусни юқтирган беморлар деярли йўқлиги айтилмоқда.

Хитой жуда кескин чоралар кўрди: одамларнинг ҳаракатларини қатъий чеклади ва ўта қаттиқ карантин ҳамда қатор тақиқлар жорий этди.

Тиббиётга ҳам пул аягани йўқ: Жуда қисқа фурсатда махсус улкан касалхона қурди.

Бошқа айрим давлатлардан фарқли тарзда, керакли жиҳоз ва ёки дори-дармонлар етишмаслиги йирик муаммога айланмади.

Бироқ Ўзбекистонда тиббиёт аҳволи анча абгор.

Узоқ йиллар давомида хавфсизлик ва куч тизимларига катта эътибор қаратган Ўзбекистонда тиббиёт аянчли аҳволга тушган.

Бу борада Президент Мирзиёев ҳам қайта-қайта айтган, тиббий ва таълимга эътибор қаратиб, шифокорлар ҳамда ўқитувчилар маошларини оширишини билдирган.

Лекин коронавирус пандемияси қаршисида Ўзбекистон ҳам Хитой тажрибаси асосида кескин чоралар қўллаш билан вирус тарқалишига йўл қўймасликка интилмоқда.

Чегаралар қарийб ёпилиб, Тошкентга кириш-чиқиш ва вилоятлар ўртасидаги қатновлар ҳам чекланмоқда, ниқоб тақиш мажбурий, ўқув даргоҳлари ва аксар ишхоналар ёпилди, карантин қоидаларини бузганлар ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Кучлиларни ҳам тиз чўктирган вирус

Бошидан қатъий чоралар кўрмаган айрим ривожланган давлатлар тиббиёт тизимлари ҳам вирусга қарши курашда - таъбир жоиз бўлса - чарчаб қолишмоқда.

Италияда вирусни юқтирганлар сони Хитойникидан бир неча баравар кам бўлса ҳам, ўлганлар сони Хитойдан ошиб кетди.

Европада ҳам кўпчилик Осиё давлатлари тажрибасига қарай бошлашди.

Жанубий Корея ҳам вирус илдизи ва келиб чиқиш занжири учини топиш ҳамда имкони борича кўпроқ одамларни текшириш чоралари натижасида самарали кураш олиб борди.

Бироқ Ўзбекистон тиббиёт тизимидаги шарт-шароит Италиядан ҳам, Хитой ва Кореядан ҳам кескин фарқ қилади.

Йиллар давомида расман таъимнот текин бўлса-да, ўзбекистонликлар ҳатто дори ва уколларни ҳам ўзлари сотиб олишган.

Мураккаб текширув ва даволаш ускуналари ёки йўқ, ёки пуллик.

Ўзбекистонда ҳатто коронавирус хавф солиб турганда ҳам айрим шифохоналарда тиббиёт ходимлари ўз ёнларидан ниқоб ва антисептик восита олишга мажбур бўлишаётганини айтишмоқда.

Шундай шароитда, Ўзбекистонда Хитой тажрибасини қўллаш имкони борми, деган савол ўртага чиқади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари Би-би-си Ўзбек билан суҳбатда айтишларича, барча шифохоналар керакли тиббий ниқоб ва антисептик воситалар билан таъминланган.

Шунингдек, сўнгги хабарларга биноан, Тошкентда тез орада янги касалхоналар қурилади.

Хитой тажрибасига қайтсак:

Хитой карантини самараси ҳозир кўринди.

Лекин бошқа хавотир ҳам йўқ эмас.

Карантин енгиллаши билан коронавирус қайтиб келмайди ёки қайта бош кўтармайди деган кафолат борми?

Бу савол ҳозирча очиқ.

Коронавирус, Ўзбекистон: Карантинга армияни сафарбар қилиш таклиф этилди

Ўзбекистон, Коронавирус: Бизга вакцина ҳам зарур бўлмайди - Вазирлар Маҳкамаси мулозими

Ўзбекистон ва дунё: Коронавирус пайти кимлар ва қандай чилла тутиши керак?

Бу мавзуда батафсилроқ