Коронавирус: Ҳиндистонда 1 миллиард 300 миллион одам уйда ўтиради ва бу мамлакат 1918 йилги эпидемиядан нимани ўрганиши мумкин?

Image caption Ҳиндистон

Бутун Ҳиндистон... карантинда. Дунёнинг аҳолиси жиҳатидан иккинчи йирик давлати коронавирус туфайли бу кескин чорага қўл уришга мажбур бўлди.

Ҳиндистонда расман коронавирусга чалинганлар сони 519 нафар, 12 мартдан бери 9 киши қурбон бўлган.

Би-би-си мухбири Соутик Бисвас ҳикоясида эса тарихга назар ташланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NATIONAL MUSEUM OF HEALTH AND MEDICINE

"1918 йилда касофат грипп билан курашиб, Маҳатма Гандининг ҳаётга бўлган қизиқиши буткул сўниб битганди", дея ҳикоя қилиб берган эди таниқли ҳинд сиёсатчисига яқин бўлган инсонлардан бири.

Бу вақтда 48 яшар Ганди қўним топган Гужаратдаги ибодатхонани ўта юқувчан Испан гриппи эгаллаб олган эди.

Ҳинд озодлиги йўлбошчисининг бетоблиги тўғрисида илк хабарлар тарқалганда, маҳаллий газеталардан бири шундай ёзган эди: «Гандининг ҳаёти ўзига эмас - Ҳиндистонга тегишли».

Биринчи Жаҳон Урушидан қайтган аскарлар тушган кемада аста-секинлик билан кириб келган ҳалокатли грипп 1918 йил июнидан Ҳиндистонга ҳамла қила бошлайди.

Ўша вақтдаги соғлиқни сақлаш соҳаси расмийларидан бири касалликни «ярим тунда уйга яширинча кириб олиб, сўнг тўсатдан ҳужумга ўтган ўғри»га ўхшатган эди.

Эпидемиянинг иккинчи тўлқини 1918 йил сентябрь ойида Ҳиндистон жануби бўйлаб шиддат билан бошланади.

Грипп 17-18 миллион ҳиндистонликнинг умрига завол бўлади. Бу мамлакат Биринчи Жаҳон Уруши давомида берган қурбонлар сонидан ҳам кўп эди. Ҳиндистон аҳлининг 6 фоизи қирилиб битади.

Қурбонларнинг катта қисми аёллар эди. Бунга асосий сабаб аёллар орасида тўйиб овқатланмаслик даражасининг юқори экани, гигиенага амал қилинмаган ҳаёт тарзи ва яхши шамоллатилмайдиган кулбалардан чиқмай яшаш эди.

Испан гриппи пандемияси ўша йилларда дунё аҳлининг учдан бир қисмига юққани ва 50 дан 100 миллионга қадар инсонни ҳаётдан олиб кетганига ишонилади.

Ганди ва у билан ибодатхонада кун кечирган фикрдошларига омад кулиб боқиб, улар касалликдан фориғ бўладилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PRINT COLLECTOR

Бироқ Ҳиндистон шимолида яшаган машҳур шоир ва ёзувчи Сурякант Трипати (Нирала тахаллуси билан машҳур) рафиқаси ва оила аъзоларининг бир қисмидан айрилади.

«Оилам кўз очиб юмгунча вақт ичида ғойиб бўлди», дея ёзади у.

Адиб Ганг дарёсининг «мурдаларга тўлиб-тошгани» ҳақида ҳам ёзиб қолдирган.

Майитлар шу қадар кўплигидан уларни ёқиш учун ўтин етишмас эди. Фалакнинг гардиши билан муссон кўтарилиб, қишлоқ ҳудудларидаги одамларни бошпана ва егуликдан маҳрум этади. Оч-наҳор одамлар омон қолиш илинжида шаҳарларга ёпирадилар ва бу касалликнинг янада шиддат билан тарқалишига йўл очади.

Ўша давр ва ҳозирги замон тиббиёти ўртасида, шубҳасиз, ер билан осмонча фарқ мавжуд. Ҳозирда, коронавирусга даво топилмаган бўлсада, олимлар аллақачон бу вируснинг генетик материалини ўрганиб бўлганлар ва вакцина ўйлаб топиш жараёни якуний босқичларга яқинлашмоқда.

1918 йилги грипп эса антибиотиклар кенг оммалашмаган бир вақтда тарқаган эди. Бундан ташқари Ҳиндистонда Ғарб тиббиёти ҳали ўз ўрнини топмаган, аксар одамлар маҳаллий табобатни кўпроқ афзал билар эди.

Нима бўлганда ҳам, ўтмишдаги ва ҳозирги икки пандемиянинг ўзаро ўхшаш жиҳатлари талайгина. 1918 йил пандемиясидан айрим хулосалар олиш ҳам мумкин.

Ўша вақтда Бомбей (ҳозирги Мумбай) касалликнинг ўчоғига айланган эди.

Бугунги кунда 20 миллиондан зиёд одам яшовчи Мумбай Ҳиндистоннинг энг кўп аҳолига эга шаҳри ҳисобланади. Мумбай ва у жойлашган Маҳараштра штати эса аниқланган коронавирус ҳолатлари бўйича мамлакатда етакчилик қилмоқда.

1918 йил июли бошига келиб шаҳар кунига 230 инсон касалликдан вафот этар эди.

«Касалликнинг асосий белгилари юқори ҳарорат ва белдаги оғриқ бўлиб, беморнинг уч кун давом этади», дея хабар берган эди Times of India нашри.

Завод ва фабрикалар ишни тўхтатган, ҳиндистонликлар европалик резидентлардан кўра кўпроқ касаллик юқтирар эди.

Газеталар одамларни имкон қадар уйда ўтиришга ундар эди.

«Асосий чора - уйда дам олиш ва хавотирга тушмаслик», дея ёзган эди Times of India нашри.

Вируснинг асосий тарқалиш воситаси одамлар бўлиб, у, асосан, бурун ва оғиздан ажраб чиққан суюқлик орқали юқар эди.

«Касалликдан сақланиш учун одамлар кўп йиғиладиган жойлардан узоқроқ юриш ва ярмаркалар, фестиваллар, театрлар, мактаблар, оммавий кутубхоналар, кинотеатрлар, зиёфатлар, вокзаллар каби инфекция юқиши эҳтимоли юқори ерларга бормасликдир», хабар берган эди Times of India газетаси.

Шунингдек, яхши шамоллатилмайдиган хоналардан кўра очиқ жойда ухлаш, тўйиб овқатланиш ва жисмоний машқлар билан кўпроқ шуғулланиш тавсия қилинар эди.

«Ҳаммасидан ҳам кўра касаллик ҳақида кўп ташвишга тушманг», қўшимча қилган эди газета.

Ҳиндистоннинг мустамлакачи ҳукумати эса касаллик манбаси борасида якдил қарашга эга эмас эди.

Соғлиқни сақлаш инспектори ЖС Тернер касаллик Бомбейга кема орқали келганига ишонса, ҳукумат кемадаги одамлар гриппни шаҳарнинг ўзида юқтирганини иддао қилар эди.

Кейинроқ мустамлакачи ҳукумат бор айб Ҳиндистон ҳукумати гарданига юкланган ҳисоботни эълон қилади ва зудлик билан ислоҳотлар ўтказилиши зарурлигини таъкидлайди.

Газеталар эса расмийларни фавқулодда ҳолат пайти ўз мажбуриятини бажармаганликда айблаб, ҳукумат одамлар тақдирини «Яратган қўлига ташлаб қўйгани» тўғрисида ёзади.

«Мустамлакачи раҳбарлар фалокатни назорат остига олишга мутлақо тайёр бўлмаганидан маҳаллий соғлиқни сақлаш соҳасига беэътибор муносабатда бўлган ва бу учун катта ҳақ тўлаган эди», сўзлайди 1918 йилги пандемия ҳақида китоб битган Лаура Спинней.

«Бундан ташқари эркакларнинг катта қисми фронтда бўлганидан шифокорлар тақчиллиги ҳам юзага чиққан эди», қўшимча қилади Спинней хоним.

Алал-оқибат, нодавлат ташкилотлар ва кўнгиллилар масъулиятни ўз бўйинларига оладилар. Улар кичик касалхоналар очадилар, кўчаларни мурдалардан тозалайдилар, жасадларни ёқиш учун крематорийлар ташкил этадилар, пул тўплаб, одамларга кийим-кечак ва дори-дармон тарқата бошлайдилар. Фуқаролар эса гриппга қарши курашувчи қўмиталар тузадилар.

«Эҳтимол, Ҳиндистон тарихида ҳеч кузатилмаган ҳолда, кўп сонли зиёлилар ва жамиятнинг юқори қатлами вакиллари катта ташаббус кўрсатиб, фалокат онларида қашшоқларга ёрдам қўлини чўздилар», деб ёзилади ўша пайтдаги ҳукумат ҳисоботларидан бирида.

Ҳозирда эса, мамлакат яна бир ҳалокатли касалликка қарши жангга киришар экан, ҳукумат зудликда чоралар қўлламоқда.

Бироқ бир аср аввал бўлганидек, оддий одамлар вируснинг тарқалиши олдини олишда асосий ролни ўйнаши тайин.

Коронавирус ҳолатлари шиддат билан ортаётган бир пайтда, Ҳиндистон ана шу фактни ёдда сақламоғи лозим.

Қирғизистон: Коронавирусга чалинганлар сони 42 га етди, фавқулодда вазият ва комендантлик соати эълон қилинди Koronavirus

Коронавирус, Ўзбекистон: Тошкент ёпилди, коронавирусга чалинганлар сони 55 нафарга етди

Коронавирусдан ўзига келиши учун жаҳон иқтисодиётига бир неча йил керак бўлади Koronavirus