Коронавирус ёшлар ҳаётига ҳам хавф сола бошладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи family photo

Британияда 21 яшар соғлом қизнинг коронавирусдан вафот этиши дунё бўйлаб мутахассисларни ҳам, одамларни ҳам хавотирга солмоқда.

Шу пайтгача расийлар оламдан ўтган ёшлар ёки бирон касали борлар, ёки касалхонада ишлаган шифокорлар эканлигини айтиб келишган.

Аммо Клоэ Мидллтоннинг оиласининг айтишича, Covid-19 олиб кетган қизларида ҳеч қандай бошқа касаллик йўқ эди.

Марҳуманинг оила аъзолари ижтимоий тармоқлар орқали одамларга мурожаат қилиб, вирусдан сақланиш маслаҳатларига қулоқ солишни, уни жиддий қабул қилишин сўрадилар.

Клоэ каби соғлом қизнинг короанвирусдан вафот этиши, бу вирус нималарга қодирлигини намойиш қилмоқда, деб айтмоқда унинг қариндошлари.

"Ўз бошимга тушди: бу вирус 21 яшар қизимнинг умрига зомин бўлди" - деди унинг оанси Диана Миддлтон.

Вирус ўзи тарқамайди, уни сиз тарқатасиз!

"Ёшлар ўзларини коронавирус хавфидан ҳоли санамасинлар" - огоҳлантирмоқда ЖССТ (Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти).

Олдинроқ Британияда бошқа касали бор 18 яшар ўспирин коронавирусни юқтиргач, оламдан ўтганди.

У - мамлакатда коронавируснинг энг ёш қурбони.

21 ёшли соғлом Клоэнинг ўлими эса ёшлар ўзлари ва бошқаларнинг ҳаётига ҳам жиддий қарашлари керак, деган фикрларни кучайтирмоқда.

Лондондаги шифокорлар коронавирусга чалинган 20-40 ёшлар орасидаги орасидаги соппа-соғ ва ҳеч бир касали бўлмаган одамлар ҳам жонлантириш бўлимига тушаётганини айтишмоқда.

Вирус тарқалмайди, балки уни одамлар тарқатади, шу учун барча уйда ўтириши керак, деб мурожаат қилишган ёш қурбон Клоэнинг оила аъзолари.

Нега энди ёшлар?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA Media

Ҳозир ҳам энг катта хавф остидаги гуруҳ - кексалар.

Лондон Империал Коллежи тадқиқотчилари аниқлашича, кўпроқ кекса одамлар коронавирусни юқтирса, аҳволи оғирлашиб, касалхонага тушади.

Масалан, 50 ёшга етмаганлар коронавирусни юқтирса, улардан фақат 5% ёки ҳар йигирматадан биттасининг аҳволи ёмонлашади.

Аммо 60 ёшдан ошган инсонлар бу вирусни юқтирганда, уларнинг 27% ёки ҳар тўрттадан биттаси оғир аҳволга тушиб, шифохонага ётқизилмоқда.

70 ёшдан ошган одамларнинг эса 43% ёки қарийб ҳар иккинчисининг ҳолати оғирлашиб, касалхонада даволаниши керак бўлмоқда.

80 ёшдан ошган кексалар вирусни юқтирса, уларнинг кўпчилиги - 71% ёки ҳар учтадан икки нафари оғир аҳволда жонлантириш бўлимига тушади.

Бу маълумотлар коронавирус энг кўп тарқалган икки мамлакат - Хитой ва Италиядаги беморларни ўрганиш натижасида қўлга киритилди.

АҚШдаги Касалликларни назорат ва профилактика қилиш марказлари эса аҳволи оғирлашиб, касалхонага тушган одамларнинг 53% ёки ярмидан кўпи 55 ёшдан ошган одамлар, деб айтишмоқда.

Аммо ўлим ҳолларига келганда, 80% қурбонлар - 65 ёшдан ошган инсонлар.

Инсон ҳаёти рақам эмас

Юқоридаги ўртача кўрсаткичлар, барибир, ҳар бир одамга хос алоҳида ҳолатни тўлиқ акслантирмайди.

Афсуски, аҳволи оғирлашаётган ва ҳатто ҳалок бўлаётган ёшлар ҳам бор.

Италияда вирусни юқтирган 80 ёшлиларнинг ҳар бешинчиси ёки 19.7% ўлган бўлса, ҳали 40 ёшга тўлмаганларнинг 0.4% ёки тахминан ҳар 200-220 нафаридан биттаси оламдан ўтмоқда.

АҚШда 40 ёшга тўлмаганлар орасида ўлим ҳоллари янада баланд - 0.7% ташкил этмоқда.

"Вирус математика формуласи эмас" - дейди АҚШдан доктор Энтони Фоуси - "Аҳволи жуда оғирлашаётган ёшлар ҳам бор".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

ЖССТ вакиларига кўра, 60 ёшдан ошганлар катта хавф остида бўлса-да, коронавирус ёшларни, ҳатто, болаларни ўлдирган ҳоллар ҳам борлигини ёдда тутиш даркор.

Хитойда 2 минг нафар ёш бола ўрганилган ва коронавирусни юқтирган болаларда касаллик оғир кечмаслиги аниқланган.

Аммо ёш гўдаклар, яъни чақалоқлар вирус олдида ожиз.

Бошқа касали борлар

Агар одамда юрак-қон, нафас йўллари, астма, саратон ёки қанд касали бўлса, коронавирус таҳдиди ҳам шунча юқори бўлиб қолади.

Бу ўринда инсоннинг ёши аҳамиятсиз.

Баъзи одамлар эса ўзларини соғлом ҳис қилишлари ва бошқа касаллари борлигини билмасликлари ҳам мумкин.

Айни пайтда, ёшлар ва болалар коронавирус келтириб чиқарадиган Covid-19 касалини енгил ўтказишса ҳам, улар вирус ташувчи бўлишлари мумкин.

Қатор ёшлар касалликни енгил ўтказиб, коронавирус юқтиришганини ҳатто билишмайди ҳам.

Ўзларини соғлом ҳис қилгач, бошқаларга юқтирмаслик чораларини ҳам кўрмасликлари мумкин.

Коронавирус эса гриппга нисбатан анча юқумли.

Коронавирусга чалинган киши уни ўртача ҳисобда яна 2-3 нафар одамга юқтиради.

Улар ҳам ҳар бири яна 2-3 нафардан бошқа одамларга юқтиришади ва занжир шундай давом этади.

Қарабсизки, тез фурсатда юзлаб, балки минглаб одамлар вирусни юқтиради.