Коронавирус аслида АҚШ ва Хитой ўртасидаги урушми? Koronavirus, AQSh, Xitoy

Prezident Tramp va Prezident Szi Zinpin Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Коронавирус АҚШ ва Хитой ўртасидаги таранг муносабатларнинг шунчаки давомими ёки янги вирус икки қудрат ўртасига янги нифоқ солдими?

Президент Трамп коронавирусни қайта-қайта "Хитой вируси" деб такрорлади.

Айни пайтда, Хитойдаги ижтимоий тармоқларда жаҳондаги пандемия бу - АҚШ ҳарбийларининг уруш қуроли, деган хабарлар тарқалди.

Аммо олимлар коронавирус сунъий яратилмаган, балки табиий пайдо бўлганини исботлашди.

Икки қўчқор боши дунё қозонида

Икки йирик иқтисодий қудрат ўртасидаги танглик фақат даҳанаки жангда кўринмайди, балки амалда намоён бўлмоқда.

Шу ой бошида АҚШ (Италия дохил) аксар Европа давлатларидан келувчи инсонлар учун ўз эшикларини ёпди.

Хитой эса бу пайтда ўз мутахассис шифокорлари ва тиббий жиҳоз ҳамда ёрдамларини Италияга жўнатди.

Хитойликлар Эрон ва Сербияга ҳам кўмак кўрсатишди.

Ўзбекистон ҳам вирусга қарши курашда Хитой тажрибасини ўрганиб, уларнинг мутахассисларини ёрдамга чақирганини маълум қилди.

Коронавирус жанги: ҳисоб 1-0

Хитойнинг бошқа давлатларга ёрдами кучли рамзий аҳамиятга молик.

Бу коронавирус баҳонасида кечаётган ахборот уруши ҳамдир.

Коронавирус инқирози сўнггида энди Хитой дунёдаги энг муҳим ўйинчилардан бири деган мавқеини янада мустаҳкамлайди.

Зотан, коронавирус жанггида ҳозирча Хитой ғалаба қозонмоқда.

АҚШ Италияга жўнатган кичиккина ҳарбий кўчма тиббий ускуна бу мамлакатга Хитой кўрсатган кўмакка тенг келолмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Коронавирус инқирози палласида ҳар бир мамлакат раҳбари айни офатга қарши қандай курашганига қараб баҳоланади.

Уруш иси уфурмоқда

Коронавирус инқирози бошланганда АҚШ ва Хитой муносабатлари шундоқ ҳам ёмон ва тижорий алоқалар таранг эди.

Хитой ҳам, АҚШ ҳам қайта қуролланмоқда ва Осиё-Тинч Уммони ҳавзасида янги эҳтимолий низога очиқ тайёргарлик кўришмоқда.

Хитой - ҳеч бўлмаганда минтақавий доирада - ҳарбий суперқудрат сифатида бўй кўрсатди.

Пекин энди дунё миқёсида ҳам ўзига муносиб, баландроқ ўрин истамоқда.

Коронавирус эса АҚШ-Хитой муносабатларини янада мураккаб ҳолатга солади.

Коронавирус инқирозида қандай йўл тутиш ва инқироздан кейин дунё қандай ўзгариши - икковлон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Кимнинг қадди букилади?

Коронавирус инқирози оқибатида дунё иқтисоди абгор ҳолатга тушади.

Айнан Хитой иқтисоди қанчалик оёққа туриб кетиши - хароб аҳволдаги дунё иқтисоди ҳам ўз қаддини тутиши учун ўта муҳим.

Ҳозирча эса, Хитойнинг ёрдами коронавирусга қарши курашда қўл келмоқда.

Дунё Хитой қўлидаги билим ва тажрибага эҳтиёжманд.

Хитой - таъбир жоиз бўлса - дунёнинг тиббий асбоб-ускуна ишлаб чиқарувчи бош корхонаси ҳамдир.

Бу мамлакат жуда катта миқдорда тиббиёт жиҳозлари, бир марталик ниқоблар ва ҳимоя кийимлари чиқаради.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб ушбу маҳсулотларга эҳтиёж жуда, жуда катта.

Кўп давлатлардан фарқли тарзда, Хитой истаган пайти бу жиҳозларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириши мумкин.

Хитой ҳозир айни имкониятдан фойдаланмоқда.

АҚШнинг хатоси

Президент Трампнинг танқидчиларига кўра, АҚШ раҳбарияти коронавирус таҳдиди олдида хато йўл тутди.

Трамп маъмурияти бошида бу вирус хавфи жиддийлигини менсимади.

"Аввало Америка" деган шиорини қайтариб, ўз сиёсий тизими ҳамманикидан зўрлигини урғулаш билан банд бўлди.

Халқаро инқирозга қарши кураш бошида тура олмади.

Энди эса халқаро етакчилик мавқеи савол остига тушмоқда.

Дунёнинг янги етакчиси Хитой бўладими?

АҚШ коронавирус қаршисида хато қиларкан, Хитой ундан жуда тез сабоқ чиқаряпти.

Коронавирус инқирози пайти дунёда АҚШ яратган бўшлиқни Хитой тўлдирмоқда.

Пандемияга қарши курашда Хитой ўзини халқаро етакчи сифатида намоён қилаётир.

Уханда вирус чиққан илк пайтлари Хитой жуда махфий иш кўрганди.

Аммо тезда катта миқдорда куч, билим ва маблағини вирусга қарши курашга йўналтирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Коронавирус Американи қулатадими?

Кўплаб ғарблик таҳлилчиларга кўра, пандемия натижасида Хитой янада қаттиққўл авторитар давлатга айланиши ва иқтисодий ривожланиш секинлашиши мумкин.

Лекин бу - АҚШнинг дунёдаги мавқеига етадиган зарар олдида ҳеч нарса эмас.

АҚШнинг иттифоқчилари ҳозир Трампни очиқ танқид қилишмаётгандир.

Лекин АҚШ президентининг Хитойга нисбатан тутаётган айрим ишларини маъқуллашмайди.

Масалан, Huawei атрофидаги зиддиятлар ёки Эрон ва бошқа минтақавий масалалар шулар қаторида.

Хитой эса коронавирусга қарши биргаликда кураш ва ёрдам баҳонасида Япония ҳамда Жанубий Корея каби қўшнилари билан ҳам, Европа Иттифоқи давлатлари билан янгича муносабатларни қурмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, 1956 йили Сувайш каналини қўлга олмоқчи бўлган Британия ўз оёғига болта урган ва оқибатда Буюк Британиянинг халқаро қудрат сифатидаги мавқеи буткул чилпарчин бўлганди.

Агар ҳозир АҚШ ҳам коронавирус инқирози олдида нима қилиш кераклигини эплолмаса, коронавирус пандемияси АҚШ учун "Сувайш инқирози" бўлиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ