Ўзбекистон коронавирусни нима билан даволаётгани маълум бўлди - O'zbekiston, Koronavirus

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Коронавирусга чалинган ўзбекистонликларни даволашда "Хлорохин" номли препарат ишлатилмоқда.

Бу ҳақда Тошкентдаги брифинг чоғида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков маълум қилган.

Repost.uz нашрининг иқтибос келтиришича, ушбу препаратнинг мўътадил иммуносупрессив, шунингдек, яллиғланишга қарши таъсири маълум.

Ўзбекистон ҳукуматининг бош санитар врачи бунга қадар безгакка қарши ишлатилган ушбу дорининг яхши натижа кўрсатаётганини айтган.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳозирга қадар коронавирусдан шифо топган 25 киши айни шу препарат билан даволанган.

Бундан аввал айни препарат бошқа давлатлар, жумладан, вируснинг ўчоғи бўлган Хитойда ҳам қўллангани маълум.

АҚШ Президенти Дональд Трамп унинг самарали эканини айтиши ортидан Ҳиндистон ушбу препарат экспортини тўхтатиб қўйганди.

Айни пайтда Ўзбекистонда ўта оғир ҳолатдаги беморлар уланадиган сунъий нафас олиш жиҳоларининг сони қанча экани очиқланмаяпти.

Аввалроқ 500 та шундай жиҳозларни Россиядан сотиб олиш учун буюртма берилгани айтилган, аммо жиҳозлар Ўзбекистонга етиб келган-келмагани номаълум.

БМТ эксперти кенг кўламли пандемия ҳолатида Ўзбекистоннинг заиф жиҳати худди ана шу жиҳозлар эканини айтганди.

Айни пайтда Ўзбекистон Инновация вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази май ойига Ўзбекистоннинг ўз тест тўпламларини ишлаб чиқиши маълум қилинган.

Шанба куни эрталаб Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 36 тага ошиб, 263 нафарни ташкил этгани билдирилган.

Норбоева тест топширди

4 апрель куни шунингдек, Сенат раиси Танзила Норбоева коронавирусга тест топширгани маълум қилинган. Тест натижаси салбий чиққан.

Норбоевадан ташқари Сенатнинг бошқа аъзолари ҳам текширилгани ва сенаторлар орасида биронта ҳам вирусга чалиниш ҳолати аниқланмагани хабар берилмоқда.

Бошқа давлат идораларида бу каби каби тестлар ўтказилгани ҳақида маълумот йўқ.

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи,

Сенат раиси Танзила Норбоева коронавирусга тест топширган, Мирзиёев тест топширгани ҳақида расмий маълумот йўқ

Президент Шавкат Мирзиеёвнинг ҳам коронавирусга текширилган ёки текширилмагани ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас.

'Вазият мураккаблашиши мумкин'

Жума куни Шавкат Мирзиёев коронавирус юзасидан халққа навбатдаги мурожаат билан чиққан.

Ҳукумат аъзолари билан видеоселектор чоғида қилинган мурожаатида у "вазият бундан ҳам мураккаблашиши мумкин", деб айтган.

"Мана шунга тайёргарлик қилишимиз керак. Ҳаммамиз", деган Президент.

У коронавирусдан вафот этган икки кишининг оилаларига таъзия изҳор қилган.

"Албатта йўқотиш осон эмас. Биз ҳамма чораларни кўряпмиз. Бугун бошқа чоралар ҳам кўрдик. Кореядан мутахассислар келди. Эрта-индин Хитойдан мутахассислар келяпти. Германиядан, Россиядан энг зўр мутахассисларни олиб келамиз. Нега десангиз, иложи борича ўлим бўлмаслиги керак", деган Шавкат Мирзиёев.

У яна бир марта аҳолини карантин қоидаларига қатъий амал қилиш ҳақида огоҳлантирган.

Ички ишлар вазирлиги 4 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 25 мингдан кўпроқ одам карантин қоидаларини бузганини маълум қилган.

Карантин даврида аҳолини ижтимоий ҳимоялашга қаратилган чоралар доирасида 120 мингдан зиёд кам таъминланган оилаларга нафақалар тайинланади ҳамда ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

Бундан ташқари, карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.

Иқтисодий ўсиш секинлашди

Осиё Тараққиёт Банки коронавирус пандемияси боис 2020 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши секинлашишини айтган.

Банк прогнозига кўра, бу табиий газ ва мисга бўлган нархларнинг пасайиши туфайли юз беради.

ОТБ 2020 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми (ЯИМ) ўсиши 4,7 фоизни ташкил этишини айтмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Унга мувофиқ, жумладан:

  • Туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади
  • Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади
  • Тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади
  • 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади
  • Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади

Пандемиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсири ўтган ҳафта АҚШ расмий ва ишбилармон доиралари билан видеоконференция чоғида ҳам муҳокама этилгани хабар қилинмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарида айтилишича, 27 март куни Ўзбекистон делегацияси АҚШ расмий ва ишбилармон доиралари билан видеоконференция ўтказган.

Сурат манбаси, Kun.uz

Сурат тагсўзи,

Ҳукумат карантиндаги аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қўшимча маблағлар йўналтиришини айтган

Унда Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус инфекциясининг иқтисодиётга салбий таъсирларини юмшатиш, ЖСТга аъзо бўлиш ҳамда иқтисодий шаффофлик ва мамлакатда коррупцияни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлари муҳокама қилинган.

Халқаро Молия Жамғармасининг айтишича, пандемия дунё иқтисодиётига 2008 йилдаги молиявий инқироздан ҳам ёмонроқ таъсир қилмоқда.

Дунёда:

  • Испанияда яна 809 инсон коронавиусдан вафот этган, аммо бу сўнгги ҳафтадаги энг паст рақам
  • Хитой Covid-19 дан вафот этганлар учун хотирлаш маросимини ўтказган
  • Дам олиш кунлари ҳавонинг исиши кузатилаётган Британияда ҳукумат одамларни уйда қолиш ҳақида огоҳлантирган
  • Британия ҳукуматининг илм-фан бўйчиа бош маслаҳатчиси чекловлар бир неча ҳафта ичида юмшатилиши мумкинлигини айтган
  • АҚШ Президенти Трамп ўз маслаҳатчиларининг тиббий ниқоб тақиш ҳақидаги тавсиясини рад этган
  • Қувайт коронавирусдан илк ўлим ҳолатини қайд этган
  • Дунёнинг 181 мамлакатида 60 мингга яқин одам вафот этган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Трамп ниқоб тақишдан бош тортмоқда

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek