Коронавирус, дунё: 5G ҳақиқатда вирус тарқатадими?

  • Rachel Schraer & Eleanor Lavrie
  • Reality Check BBC
Woman using mobile phone

Сурат манбаси, Getty Images

Интернет 5G технологияси коронавируснинг кенг тарқалишига ёрдам беради қабилидаги фитна назарияларига тўлиб кетди. Хўш, бу қарашларда қанчалик жон бор?

Ҳатто, Англиянинг икки ҳудудида жойлашган мобил алоқа минораларига ўт қўйиб юборилгани тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Бундай постлар Facebook, YouTube ва Instagram бўйлаб минглаб фолловерларга эга тасдиқланган аккаунтлар томонидан ҳам улашилган.

Бироқ олимлар коронавирус ва 5G технологияси ўртасида боғлиқлик мавжуд, деган фикрни «мутлақо бемаъни», деб атаб, бунинг биологик жиҳатдан имкони йўқлигини айтишмоқда.

Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати Англия бўлими тиббий директори Стивен Повис бу борадаги фитна назарияларини «энг ёмон сохта хабарлар», дея тасвирлаган.

Фитна назарияси

Бу қараш тарафдорларининг хулосаси битта: мобил алоқада ишлатиладиган 5G технологияси коронавирус тарқалишига сабаб бўлади.

Фитна назарияси январь ойининг сўнггида интернетда тарқала бошлаган.

Унинг тарафдорлари икки гуруҳга бўлинган:

•Биринчи гуруҳ 5G технологияси иммун тизимини издан чиқариб, танага коронавирус юқишига замин яратади, дейди

•Иккинчи гуруҳ вирус 5G технологиясида қўлланиладиган тўлқинлар орқали юқишини иддао қилади

Ридинг Университетидан ҳужайра микробиологияси бўйича профессор ёрдамчиси Саймон Кларк икки гуруҳ даъволарини ҳам «мутлақо бемаъни» эканини айтади.

Бироқ ўта қудратли радиотўлқинлар жисмни қиздира олсада, 5G тўлқинлари бундай кучга эга эмас.

"5G радиотўлқинларидан чиқаётган энергия жуда кичик бўлиб, улар иммун тизимига таъсир ўтказа оладиган кучга эга эмас. Бу бўйича кўплаб тадқиқотлар ўтказилган", изоҳлайди доктор Кларк.

5G ва бошқа мобил алоқа технологияларида қўлланиладиган радиотўлқинлар электромагнит спектрнинг паст частотасида ишлайди. Улар, ҳатто, биз кўрадиган ёруғликдан ҳам ожизроқдир.

Ҳужайраларни қуёш нурлари ва тиббий рентгендаги радиациягина зарарлаши мумкин.

Бристол Университетидан педиатрия профессори Адам Финн 5G орқали вируснинг юқиши ҳам имконсиз, дейди.

«Ҳозирги эпидемияга инфекция юқтирган бир одамдан бошқасига юқувчи вирус сабаб бўлмоқда. Биз бу вирусни лабораториямизда текшириб ҳам кўрганмиз. Вируслар ва мобил алоқа ҳамда интернет асосланган электромагнит тўлқинлар буткул фарқли нарсалардир. Бўр ва пишлоқ каби фарқли нарсалар».

Фитна назарияларидаги яна бир муҳим хато - бу Эрон каби 5G технологияси ҳали кириб келмаган мамлакатларда коронавируснинг кенг тарқалиб кетганидир.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Англиянинг икки ҳудудида жойлашган мобил алоқа минораларига ўт қўйиб юборилгани тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Пандемияга қадар ҳам 5G технологиясининг инсон саломатлигига зарари борасида асосланмаган қарашлар мавжуд эди.

Вируслар инсон ёки ҳайвон ҳужайраларини эгаллаб, улардан ўзини кўпайтириш йўлида фойдаланади. Улар жонсиз муҳитда узоқ яшай олмайди. Шу сабабдан вируслар йўталиш ёки аксиришда сачрайдиган сув томчилари орқали тирик танага кириб олишга ҳаракат қилади.

Коронавируснинг тадқиқ қилинган геном кетма-кетлиги унинг инсонга ҳайвонлардан юққани ва шундан сўнг одамдан одамга ўта бошлаганини кўрсатмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek