Билл Гейтс коронавирус: умид вакцинадан, унга эса 1.5 йил керак - O'zbekiston koronavirus

Билл Гейтс

Сурат манбаси, AFP

Америкалик миллиардер Билл Гейтс коронавирусга қарши вакцина учун бир ярим йил керак бўлиши мумкинлигини айтган.

Аммо уни кенг ишлаб чиқариш учун текшириш ва синаш жараёнларини соддалаштириш лозим.

"Вақт тиғиз бўлиб турган пайтда ҳукуматлар ширкатларни масъулиятдан озод этиши ва "қани олға, иш бошланг!" дейиши даркор бўлади".

Ҳали ўтган март ойида Covid-19 касалига қарши бир нечта вакцина ишлаб чиқилгани хабар қилинганди.

Ҳозир бу зардоблар (вакциналар) жониворларда синалмоқда.

Ҳайвонларда муваффақиятли кечса, жорий йилнинг ўзидаёқ уларни одамларда ҳам синаш бошланиши мумкин.

Турфа хил коронавирус

Дунёда бир неча хил коронавирус борлиги эҳтимоли олимларнинг ишини қийинлаштиради.

Microsoft асосчисининг хайрия жамғармаси эса айнан Covid-19 касалига қарши вакцина ишлаб чиқаришга маблағ ажратган.

Сурат манбаси, Reuters

Бироқ Билл Гейтс янги вакцина учун ажратилаётган маблағлар етарли эмаслигини урғулаган.

У ҳали анча олдин умумжаҳон пандемияси эҳтимолидан огоҳлантирган эди.

"Мен ва тиббиёт соҳаси экспертлари бир пайтлар пандемия инсоният қачондир юз тутадиган йирик офатлардан бири бўлиши мумкинлиги ҳақида гаплашган эдик" - деган Билл Гейтс Би-би-си билан суҳбатда.

"Ҳали 2015 йили мен шундай хавф ҳақида айтганман. Энди ортга қараб, етарлича маблағ ва сармоя ажратмаганимиздан пушаймон бўламиз".

"Биз эпидемиядан ҳимояланиш учун етарли маблағ ажратмаганмиз" - урғулаган филантроп миллиардер.

"Тўғри, Эпидемияларга ҳозирлик соҳасида инновациялар иттифоқини (CEPI) туздик. Аммо бу қилишимиз мумкин бўлган ишларнинг атиги 5% эди, холос".

"Вақт ўтиши билан ортга қараймиз ва ўшанда жуда ҳам кам сонли мамлакатларга "аъло" баҳо бериш мумкин бўлади" - деган Билл Гейтс.

"Чунки аксарият ҳозир шунчаки содир бўлаётган воқеликка қарши нимадир қилишга уринмоқда".

"Ҳеч ким бунга тайёргарлик кўрмади ва нима бўлиши мумкинлиги устида ўйламади".

"Оқибатда биз ҳозир тиббиёт ва иқтисодий сиёсат борасида мутлақо мавҳум аҳволда қолдик".

Ўтган март ойи ўртасида АҚШ кўнгиллиларда коронавирусга қарши вакцинани синамоқда, деган хабарлар чиққанди.

Бу вакцинани АҚШ Давлат Тиббиёт институти молиялайди.

Аммо мутахассисларга кўра, вакцина синовлари муваффақиятли кечганда ҳам, барибир, у барчага етиб бориши учун яна қўшимча бир ярим йил керак бўлиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek