Коронавирус: Эрондаги кўнгилли ўлик ювувчилар

  • Беҳранг Таждин ва Луис Адамоу
  • BBC News
Iranian women in PPE

Сурат манбаси, Hawzah News Agency

Сурат тагсўзи,

"Корона хонимлар"

Эрондаги ўликхоналарда баъзан жасадлар дафн қилинмасдан беш-олти кун қолиб кетмоқда экан.

Жасадларни ювгани энди кўнгилли мурдашўйлар ҳам пайдо бўлишган.

Уларни "Корона хонимлар" деб аташар экан.

Эроннинг энг анъанадор саналган Қум шаҳрида аксарият Covid-19 қурбонларининг жасадларини Исломий ақидага мос бир равишда ювишдан қўрқишмоқда.

Эрон Яқин Шарқ мамлакатлари орасида коронавирус қурбонлари энг кўп бўлган мамлакатдир.

Ёпиқ режим остида бўлган Эрондан аниқ тафсилотларни олиш мушкул, аммо хабарларга кўра, мамлакатнинг ўликхоналари тўлиб бормоқда.

Интернетда тарқалган видеолардан бирида ўликхона ходими ювиш учун "навбат кутаётган" жасадларни кўрсатади.

Унинг айтишича, айрим жасадлар беш-олти кунлаб ювилмай қолиб кетмоқда.

Бу видео тарқаши билан анъанадор сиёсатчилар зудлик билан ўликхона ходимини ҳибсга олишди.

Кейин эса "Корона хонимлар" деб ном олган кўнгиллиларни олқишлаш авж олди.

"Қаҳрамон аёллар" деб таърифлашди.

Сурат манбаси, Hawzah News agency

Сурат тагсўзи,

ЖССТга кўра, ўликларни ювиш ва кўмиш билан машғул бўладиган шахслар махсус ҳимоя кийимларида бўлишлари керак

Бу аёлларнинг махсус либоси ортига " Агар сизда шернинг юраги бўлмаса, ишқ йўлида юролмайсиз", деб ёзилган.

Шариат қонунларига биноан инсон ўлганидан кейин имкон қадар тез жасади тупроққа топширилиши керак.

Аммо кафанга ўралишдан аввал мурда уч марта сув билан ювилиши керак.

Эронда буни "Ғусли майит" деб аташади.

Covid-19 қурбонларини ғусл қилдириш хатарсизми?

Айни инқироз бошланганида ҳам халқаро ва ҳам маҳаллий миқёсда тушунмовчилик юзага келди.

Аввалига ҳукумат жасадларни тупроқ билан тозалашни маслаҳат берди.

Аммо март ойи бошларига келиб Эроннинг олий руҳоний раҳбари коронавирусдан қурбон бўлганларнинг жасадлари бошқа вафот этганларники каби бир хилда ювилиши ва кўмилиши кераклигини айтди.

Бу жараёнда иштирок этаётганларни санитания қоидаларига амал қилиши кераклигини ҳам уқтириб ўтди.

Сурат тагсўзи,

Some of the videos that circulated showed a large number of bodies being kept in mortuaries

Нима қилмоқ керак?

Жасаддан вирус ўтмайди деган қараш бўлса ҳам Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти айни жараёнда ўта эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.

Чунки бу вирус ҳақида кўп нарса маълум эмас.

ЖССТга кўра, ўликларни ювиш ва кўмиш билан машғул бўладиган шахслар махсус ҳимоя кийимларида бўлишлари керак.

Италияда олимлар жасаднинг ўзидан вирус ўтмаслигини, аммо ундаги кийим ва либосларда сақланиб қолишини айтишади.

Италияда ўликлар яқинларига кўрсатилмайди.

Эронда эса "Корона хонимлар" куну тун ишлашмоқда.

Сурат манбаси, Instagram

Сурат тагсўзи,

Машҳаддаги мадрасада ҳам кўнгиллилар тушлик вақти мурдашўйликка чиқишади

"Корона хонимлар" ёлғиз эмас.

Машҳаддаги мадрасада ҳам кўнгиллилар тушлик вақти мурдашўйликка чиқишади.

Қўрқув ва рақамлар

Ўликхоналар тўлиб бораётгани ҳақидаги хабарлар билан коронавирусдан ўлаётганлар сони ҳақида расмий ва норасмий маълумотлар ҳам одамларни ваҳимага солмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 8 апрелга қадар мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 60 мингдан ортган, вафот этганлар эса 4000 атрофида.

Аммо АҚШдаги асли эронлик мутахасисларга кўра, рақамлар анча кўп бўлиши мумкин.

Уларнинг тахминларига кўра, 20 мартга қадар 15 мингдан ортиқ эронлик қурбон бўлган ва вирусга чалинганлар сони бир миллионга яқин бўлиши мумкин.

Қабрлар

Эрондаги ҳақиқий аҳволни билиш ўта мушкул.

Бир жасадга бир қабр эмас, балки узун хандақлар қазилиб, жасадлар ёнма-ён ётқизилиб дафн қилинаётгани маълум.

Сурат манбаси, Mehr news agency

Сурат тагсўзи,

Мозондарондаги шифокорлардан бири Би-би-си билан суҳбатда мутахассислар бутун кўмиш жараёнини кузатишлари, қабрлар устидан "вирус тарқалмаслиги" учун оҳак ҳам тортилаётганини айтади

Мозондарондаги шифокорлардан бири Би-би-си билан суҳбатда мутахассислар бутун кўмиш жараёнини кузатишлари, қабрлар устидан "вирус тарқалмаслиги" учун оҳак ҳам тортилаётганини айтади.

Айрим ўлим ҳужжатларида коронавирус эмас, балки юрак хасталиклари ё грипп сабаб ўлароқ кўрсатилаётгани ҳам иддао қилинмоқда.

Бир неча оилалар ўз яқинларининг жасадлари қаерга кўмилганидан хабарсиз эканликларини айтишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek