Россия, коронавирус: Ўзбекистонлик мигрантлар жасадлари ватанга қандай етказилмоқда? O'zbekiston

Коронавирус янгиликлари

Турли сабабларга кўра, Россияда ҳаётдан кўз юмган ўзбекистонликлар самолёт орқали юбориларди.

Ҳаво қатновлари тўхтатилиб, карантин кечаётган бир вақтида марҳумларнинг жасадлари ўликхонада хафталаб қолиб кетаётгани, Ўзбекистонга жўнатиш қийинлашгани ҳақида билдиришмоқда.

Шу билан бирга сўнгги кунларда ўзбекистонликларнинг «200-юк»лари ортилган машина Россиядан Ўзбекистонга етиб боргани ҳам маълум қилинди.

Карантин чоралари ва йўловчи ташиш ҳаво қатновлари тўхтатилиши ортидан, Россияда оламдан ўтадиган муҳожирлар майитларини ватанда тупроққа топшириш муаммоси кучайганди.

Ўзбекистонликлар Россиядаги энг кўп сонли мигрантлар жамоаларидан саналади.

Шу боис ўзбекистонлик мигрантлар орасида коронавирусга мутлақо алоқаси бўлмаган бахтсиз тасодиф ёки бирон касаллик сабабли оламдан ўтиш ҳоллари ҳам оз эмас.

Россия коронавирус пандемияси ортидан чекловлар ва карантин чораларини киритиши ҳам жасадларни дафн этиш учун Ўзбекистонга олиб боришни янада қийинлаштирган эди.

Эндиликда майитлар қуруқлик орқали етказила бошланган.

Москвадаги Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири Соҳиба Ҳаёт видео лавҳаси:

Вафот этган қатор мигрантларнинг жасадларини дафн учун оиласига етказиш пандемия ҳолатида сурилиб кетаётганди.

Москвада мигрантлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад ўзбекистонликлар орасидаги ўлим ҳоллари ва улар юз тутадиган қийинчиликларни яқиндан кузатади ва ёрдам беришга интилади.

У Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда коронавирус туфайли юзага келган қўшимча муаммолар ва уларни бартараф этиш саъй-ҳаракатлари ҳақида гапирди.

Муаммо нимада ва ечим қаерда? Видео:

Би-би-си: Россияда турли сабабларга кўра вафот этаётган ўзбекистонликларнинг жасадларини юбориш бўйича ёрдам сўралган мурожаатлар бўлаяптими?

Ботиржон Шермуҳаммад: Албатта, ҳаёт шунақа: турли ҳолатлар, вафот билан боғлиқ ишлар ҳам бўлиб туради. Камида 4-5 одам қўнғироқ қилиб, шундай вазият бўлганини айтиб маслаҳат сўрашди. Биз ҳамиша миграция агентлигининг телефон рақамини берамиз, чунки бу иш билан улар шуғулланишаяпти.

Би-би-си: Биз суҳбатлашган ўзбекистонликлар яқинларининг майитини юбориш қийин бўлгани, ўликхонада хафталаб қолиб кетганини билдиришди. Шундай пайтда бу муаммони тезроқ ҳал қилишнинг қандай йўли бор?

Ботиржон Шермуҳаммад: Бу муаммонинг энг асосий сабаби: йўлларнинг ёпиқлиги. Шу пайтгача Ўзбекистонга «200-юк»лар, яъни жасадлар самолёт орқали юборилган. Ҳозирда рейслар йўқ, чартер рейслар бўлган пайтда ҳам юборишди. Йўллар ёпилиб, чартер рейслар бекор қилинганидан кейин бу нарсани фақат автомобил транспорти йўли билан юбориш имконияти қолди, холос. Бу нарсаларни Россия ва Қозоғистон томонлари билан ташкиллаштириб келишгунча, анча-мунча ишлар амалга оширилгунича бироз вақт талаб қилинади.

Менинг хабарим бўлгани: чертер рейслар бекор қилингач, миграция агентлиги томонидан жасадлар «йиғилиб» турган, маълум бир миқдорга етганидан кейин Қозоғистон ва Россия келишиб, яқинда Ўзбекистонга юборилди. Адашмасам, 20 га яқин жасадлар юборилди.

Би-би-си: Демак, кутишга тўғри келади?

Ботиржон Шермуҳаммад: Ҳа, шундай. Давлатлар орасида юк юбориш таъқиқланмаган. Ҳозирги кунда автомобил транспорти юклари юборилаяпти. Шу имкониятдан фойдаланиб, 1-марта рейс қилишди. Тушунишимча, бу осонмас. Оддий юк эмас: йўлларда ўзига яраша текширувлари, қийинчиликлари бор. Миграция агентлиги томонидан бу тарзда юбориш 1-марта тажриба бўлди. Умид қиламиз, бу нарса доимий йўлга қўйиладиган бўлса, йўллар очилгунча тез-тез амалга оширилади.

Би-би-си: Ўзбекистонликлар ўзлари, мустақил равишда жўнатган «200-юк» учун 90 мингдан 150 минг рублгача ҳаражат қилишаётганини билдиришди. Россия қонунларида эса ўликхонада майитлар 7 кунгача бепул сақланиши белгиланган. Бу чет эл фуқаролари, хусусан ўзбекистонликларга хам тааллуқлими?

Ботиржон Шермуҳаммад: Ўзбекистонда мигрантларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси бор. Агар «200-юк» ўзбекистонликка тегишли бўлса, шу жамғарма ҳисобидан олиб кетилади. Ҳаражатлар юз фоиз давлат томонидан қопланади. Ким ўзи юборган бўлса, ҳаражат қилган бўлиши мумкин.

Суриштиришимча, бунинг учун 90 минг рубллаб маблағ кетмайди. Ўртача нархлар 30-50 минг рубль атрофида бўлади. Ўликхонада жасадни сақлаш бепул, қўшимча ювиш, бальзамлаш, транспорт ёки бошқа хизматлар учун пул олинади. Ва ҳар доим ҳам тақиқлов, чеклов бор жойларда қандайдир ноинсоф инсонлар бўлади, улар вазиятдан фойдаланиб, қиммат нархлар айтиши мумкин.

Россия қонунчилигида ўликхонада жасадни сақлаш 7 кун бепул, зарурий ҳолларда бу 14 кунга узайтирилади. Ҳозирги кунда карантин тугагунча неча кун бўлишидан қатъий назар, бепул сақланади.

Би-би-си: Асосан, Россиянинг турли ҳудудларидаги ўзбекистонликлар ҳалигача «200-юк»ларни пул йиғиб жўнатишмоқда. Улар Ўзбекистон томонидан берилган енгилликдан фойдаланиш учун қаерга мурожаат қилишлари керак?

Ботиржон Шермуҳаммад: Энг тўғриси, Москвадаги Миграция агентлигининг ваколатхонасига қўнғироқ қилиш керак. Ҳамма жараённи ташкиллаштирадиган айнан шу ташкилот. Улар Россиянинг турли ҳудудларидаги ҳамкасбларига ёки консуллик бўлимларига чиқиб, муаммони ҳал қилишлари мумкин бўлади. Кўпчилик миграция агентлиги билан консулликни адаштириб қўйишади. Консуллик кўпроқ хужжатлар ишига алоқадор, лекин миграция агентлиги бевосита шу иш билан шуғулланади. 1 йилдан ошди, бу борада тажрибалари ҳам, имкониятлари ҳам бор.

Би-би-си: Кечагина Россия фуқаролигини олган ўзбекистонликнинг жасади Ўзбекистонга юборилиши рад этилгани ҳақида эшитдик. Бошқа давлат фуқаролигини олган асли ўзбекистонликларнинг жасади туғилган ерига қўйиладими?

Ботиржон Шермуҳаммад: Ҳа, қўйилади. Бу борада чеклов йўқ. Қайси давлат фуқароси бўлишидан қатъий назар, агар марҳумнинг яқинлари истаса жасадни юбориш мумкин. Фақат, кимнинг ҳисобидан деган масала бор. Марҳум Ўзбекистон фуқароси бўлса, қонунчиликка кўра Ўзбекистондаги жамғарма ҳисобидан юборилади. Россия фуқароси бўлса (Ўзбекистон фуқаролигидан чиққанидан кейин) албатта, ўз ҳисобидан юборишига тўғри келади. Марҳум Ўзбекистон фуқароси бўлса, қаерда бўлишидан қатъий назар, бепул қайтарилади.

Би-би-си: «200-юк»ларни жўнатишда Ўзбекистон томонидан берилган енгилликдан фойдаланиш учун қаерга мурожаат қилишлари кераклигини эслатиб ўтсангиз?

Ботиржон Шермуҳаммад: Москва шаҳрида Ўзбекистон Миграция масалалари бўйича агентлигининг ваколатхонаси очилган. Санкт-Петербург шаҳрида ҳам вакили бор. Уларнинг интернетда телефон рақамлари ва Телеграмлари бор, қўнғироқ қилишлари ва ёзишлари мумкин. Улар ҳамиша ёрдам беришади ва кўмакни рад қилганликларини ҳеч кўрмадик.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek