Хитой халқаро текширувга қарши, АҚШ чекловларни юмшатмоқда, Ўзбекистон ҳам - коронавирус, янгиликлар O'zbekiston

коронавирус

Сурат манбаси, Reuters

Америка Қўшма Штатларининг 3 та штати айрим дўконлар очилишига рухсат берган.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирусдан ўлганлар сони 51 мингдан ошган.

Жоржия, Оклаҳома ва Аляскада гўзаллик салонлари, ресторанлар ҳам очилиши мумкин.

Президент Трамп рўзғордаги кимёвий тозалагичларни коронавирусга чалинганлар танасига укол қилиш билан уларни даволаш мумкин дея маслаҳат берар экан, шифокорлар ва мутахассисларнинг танқидлар бўрони остида қолган.

Кимёвий тозалагичлар ишлаб чиқарадиган ширкатлар бу даъвони рад этиб баёнот беришга мажбур бўлган.

Америка дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар ва бу вирусдан вафот этганлар рўйхатида биринчи ўринда турибди.

Коронавирусга чалинганлар сони 900 минг атрофида экани айтилади.

Ўзбекистонда нима гап?

Сурат манбаси, kun.uz

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 8 киши вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Ангрен шаҳрида яшовчи исми ошкор қилинмаётган аёл 19 апрел куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўта оғир аҳволда ётқизилган. Бемор касалхонага тушганидан кейин унда коронавирус борлиги аниқланган ва сунъий нафас олдириш жиҳозига қўшилган. Аммо вазирликка кўра, беморда муқаддам бошқа касалликлар борлиги унинг вазиятини оғирлаштирган ва 24 апрел куни вафот этган.

Мамлакат бўйлаб расман вирусга чалинганлар сони эса 1836 нафар экани айтилмоқда.

Коронавирусни юқтирганлар сони ва ҳар миллион нафар аҳоли билан солиштирганда ҳам Ўзбекистонда бу касалликдан ўлим рақамлари бошқа давлатлар билан қиёслаганда анча пастлигича қолмоқда.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб карантин чоралари юмшатилмоқда.

Қурилиш материаллари бозорлари, ҳунармандлар, тижорат банклари шаҳоблачари, нотарал идоралар, автомобилларга хизмат кўрсатувчи ва бошқа кўплаб ташкилотларнинг фаолиятини тиклашга рухсат берилган.

Хитой коронавирус бўйича мустақил халқаро текширув ўтказилишига қарши

Сурат манбаси, Reuters

Коронавирус келиб чиқишини ўрганиш учун мустақил халқаро текширув гуруҳини ташкил қилиш ғояси Пекин томонидан кескин рад этилган.

Хитойнинг юқори лавозимли дипломати Би-би-си билан суҳбатда бу каби талаблар ортида сиёсий сабаблар ётганини урғулаган.

Covid-19 қандай пайдо бўлгани ва аввалига қандай тарқалгани ҳақидаги маълумотлар вирусни енгишда дунё давлатлари учун муҳим аҳамият касб этиши айтилади.

Ҳозиргача вирус дастлаб Уҳандаги ёввойи ҳайвонлар гўшти билан савдо қилувчи бозорда пайдо бўлганига ишонилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek