Францияда биринчи коронавирус ҳолати ўтган йил декабрида аниқланган Koronavirus

Woman waving French flag out of window with coronavirus mask on in a Parisian suburb

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

Шифокор тахминича, вирус Францияга шу вақтгача ўйлаб келинганидан бир ой олдин етиб келган

Франциялик шифокорнинг айтишича, Париж яқинидаги жойда 27 декабр куни зотилжам ташхиси қўйилган бемор аслида коронавирусни юқтирган бўлган.

Доктор Ив Коэн ўтган йил декабрида бемордан олинган суртма яқинда текширишга юборилганини айтган.

Текшириш натижаси Covid-19 га мусбат чиққан.

Бу - вирус Европага шу пайтгача ўйлаб келинганидан бир ой олдин етиб келганини англатади.

Шифокор сўзларига кўра, бугунга келиб тўлиқ соғайиб кетган бемор вирусни қандай қилиб юқтиргани ҳақидаги саволга жавоб беролмайди, чунки у бугунга келиб инфекция тарқалган деб кўриладиган бирор жойга бормаган.

Коронавирусни илк юқтириш ҳолати қаерда бўлганини билиш вирус қандай тарқалганини тушуниш учун ҳам муҳимдир.

Янги ҳолат ҳақида биз нималарни биламиз?

Париж яқинидаги Авиценна ва Жан-Вердьер шифохоналари фавқулодда медицина бошқармаси бошлиғи доктор Ив Коэннинг айтишича, бемор Париж шимоли-шарқидаги шаҳарча Бобиньида истиқомат қиладиган 43 яшар эркак бўлган.

Доктор Ив Коэннинг Би-би-сига айтишича, бемор вирусни 14- ва 22-декабр кунлари юқтирган бўлиши керак, одатда коронавирус симптомлари беш ва 14 кун ичида юзага чиқиши кузатилади.

Кейинроқ - 27 декабр куни қуруқ йўтал, иситма ва нафас олишда қийналиш симптомлари билан шифохонага ётқизилган.

Булар эса коронавируснинг аломатларидир.

Бу Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Хитойдаги идораси илк хабардор қилинганидан тўрт кун олдин содир бўлган.

2020 йил 1 январ куни ЖССТнинг Хитойдаги ваколатхонасига Ухан шаҳрида келиб чиқиш сабаби номаълум пневмония ҳолатлари тарқалаётгани ҳақидаги хабар келиб тушган.

Франциядаги BFMTV телеканалига интервью берган Амируш Ҳаммар касал бўлишидан олдин ҳеч жойга сафар қилмаганини айтган.

Доктор Коэн сўзларига кўра, Амируш Ҳаммарнинг икки фарзанди ҳам вирусни юқтирган, бироқ рафиқасида бирор симптом кўринмаган.

Маълум бўлишича, аёл Шарль де Голл аэропортига яқин супермаркетда ишлаган.

Амируш Ҳаммарнинг рафиқаси Хитойдан учиб келган одамлар билан контактда бўлиб вирусни юқтирган бўлиши мумкин, деб тахмин қилади доктор Коэн.

Аёлнинг айтишича, "кўпинча мижозлари чамадонларини судраб тўғри аэропортдан супермаркетга киришади".

"Аёлда нега бирор симптом кўринмаганидан ҳайронмиз. Бу янада кўпроқ ўрганилиши керак бўлган масала", деб айтган Доктор Ив Коэн.

Бу нимани англатади?

Коронавирус Европада расман тан олингани ва таҳдид деб эълон қилинмасдан олдин - 2019 йилнинг охирги ойларида тарқала бошлаганми?

Франциялик шифокор эълон қилган текширув натижалари Париж яқинидаги бемор коронавирус аломатларини янги йил арафасида намойиш этганини кўрсатади.

Бу нарса бизнинг коронавирус ҳақидаги маълумотларимизга таъсир қиладими?

Би-би-сининг саломатлик масалалари бўйича муҳаррири Мишел Робертсга кўра, бу тестдаги хатолик бўлиши мумкин ва унда ҳеч нарса ўзгармайди.

Бироқ агар текшириш натижаси тўғри бўлса, ҳамманинг кўзи Хитойнинг Уханига қаратилган вақтда коронавирус Европада бирор бир текширувсиз кириб келиб тарқалиб юрганини англатади.

Шуниси аёнки, 2019 йил охирги ойларида хасталик аломатлари ўхшаш беморлардан олинган намуналарни сақлаётган тиббий лабораториялар ўша намуналарни коронавирус тестидан ўтказишлари лозим.

Ўшанда биз янги хасталик ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўламиз, дейди Би-би-сининг саломатлик масалалари бўйича муҳаррири.

Бу нима учун муҳим?

Шу вақтгача Франциядаги илк коронавирусни юқтириш ҳолати 24 январда тасдиқланган учта ҳолат деб кўрилар эди.

Уларнинг икки нафари Хитойнинг Уханида бўлиб қайтган инсонлар, учинчи ҳолат эса уларнинг оиласи аъзоси бўлган.

Тестнинг мусбат натижаси вирус Францияда анча олдин бўлганлигини англатади ва вирус қандай тарқалиши ҳақидаги тушунчаларимизни ўзгартиради.

"Ушбу ҳолат вируснинг Франция тупроғидаги эволюциясини янада яхшироқ тушунишга ёрдам беради", дейди доктор Ив Коэн.

Эдинбург Университетининг ветеринар эпидемиология ва маълумотлар фани профессори Роуланд Каонинг айтишича, агар Францияда коронавирус декабрнинг ўрталарида тарқалгани тасдиқланса, бу инфекциянинг дунёнинг жуда узоқ деб кўрилган нуқтасига нақадар тез уруғ қўйиб тарқалиши мумкинлигидан далолатдир.

"Бу нарса касаллик таҳдидини ўлчаш ва қарор қабул қилиш учун фурсатимиз кам бўлиши мумкинлигини, касалликка тайёр бўлиш, режалаштириш ва глобал коммуникация муҳим эканини урғулайди", дейди профессор Као.

Ноттингам Университетининг молекуляр вирусология профессори Жонатан Болл эса бу борада янада кўпроқ тадқиқот ўтказиш керак, деган фикрда.

"Ҳар қандай вирус намунасидаги давомийлик сизга тасаввур беради, яъни бу вирус чиндан ҳам эртанги изолят бўлганми ёки эҳтимолий юқиш бўлганми", дейди профессор Болл.

Профессор Болл айтишича, вирус давомийлигини тасдиқлаш мушкул, аммо намунада вируслар сони камга ўхшайди.

Европадаги илк одамдан одамга коронавирус юқиш ҳолати шу вақтгача Германияда бўлган деб кўриб келинади.

19-22 январ кунлари хитойлик мутахассис германиялик ҳамкасбини келиб кўрган, ўшанда германиялик эркак коронавирусни юқтиргани айтилади.

Яқинда АҚШ коронавирус тарқалиши даврини қайта кўриб чиқишга қарор қилгани ҳақида эълон қилди.

Калифорнияда ўлган инсон жасадини қайта текширишдан маълум бўлишича, АҚШдаги биринчи коронавирус туфайли ўлим ҳолати аввал ўйлаб юрилганидан қарийб бир ой олдин рўй бергани аниқланди.

Янги ҳолат қандай қилиб аниқланди?

Доктор Ив Коэннинг Би-би-сининг Newsday программасига айтишича, унинг хаёлига пневмония деб гумон қилиниб шифохонанинг интенсив терапия бўлимига 2 декабр билан 16 декбр ўртасида ётқизилган барча беморларнинг текширув тестлари натижаларини қайта кўриб чиқиш ғояси келган.

Мижозлардан 14 нафарининг натижаси зотилжамга салбий чиқди. Уларнинг музлатилган намуналари яна эритилиб Covid-19га тест қилинди, дейди шифокор.

14 намунадан биттаси Covid-19га мусбат натижа кўрсатган.

Ўша текшириш натижаси қана қайта тест қилинган ва иккинчи мартада ҳам короновирусга мусбат натижа чиққан.

Доктор Коэн мижознинг кўкрак қафасининг сурати ҳам Covid-19 вирусини юқтирган беморларнинг симптомига ўхшаш чиққани айтади.

Шундан кейин доктор Ив Коэн Франция Миллий Тиббиёт агентлигини огоҳлантирганини, вирусологлардан ўзларининг шифохоналаридаги суртмаларни қайта Covid-19га тест қилиб кўришга чақирганини айтди.

Бу борадаги тўла ҳисоботнинг Антимикроб агентликлар халқаро журналида(International Journal of Antimicrobial Agents) чоп қилиниши кутилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek