Россиянинг Вагнер ҳарбий гуруҳи Ливияда "жанг қилаётгани" айтилди

Gen Haftar's Libyan National Army (LNA)

Сурат манбаси, Reuters

Россиянинг ёлланма жангарилардан ташкил топган Вагнер гуруҳи Ливияда жанг қилмоқда, дейилади БМТнинг матбуотга сиздирилган ҳисоботида.

Жангарилар Триполидаги ҳукуматга мухолифатда бўлган генерал Ҳафтарни дастаклашмоқда.

2014 йилдан бери Ливия бири бирига қарши кучлар ўртасида кечаётган жангларга саҳна бўлмоқда.

Вагнер Ливиядан ташқари Украина, Сурия ва бошқа давлатлардаги зиддиятларда фаол экани айтилади.

Россия ҳукумати эса ўзининг айни гуруҳга алоқасини кескин рад этиб келади.

БМТ нима дейди?

Айни ҳисобот мустақил кузатувчилар томонидан тайёрланган ва ҳали оммага ошкор этилгани йўқ.

Аммо ахборот агентликлари бу ҳисобот билан танишиб улгуришган.

БМТ Вагнер гуруҳининг Ливияда фаолиятини илк бор тасдиқламоқда.

Вагнер гуруҳининг Ливиядаги жангарилари сони 800 дан 1000 нафаргача бўлиши мумкин.

57 варақли ҳисоботга кўра, бу гуруҳ Ливияда 2018 йил октябр ойидан бери фаол.

Вагнер гуруҳи "техник ёрдам, снайпер жамоаларни жойлаштиришгача" иштирок этишмоқда.

Улар асосан Россия фуқаролари, аммо ораларида Белорус, Молдова, Украина ва Сербия фуқаролари ҳам бор.

Шу йил бошларида Россия президенти Владимир Путин Ливияда жанг қилаётганларга Москванинг алоқаси йўқлиги ва улар бу фаолиятлари учун давлат томонидан молияланмаётганини айтган эди.

БМТ ҳисоботига кўра, Сурия ёлланма жангарилари генерал Ҳафтарни дастаклашади.

Ливия зиддияти тарихчаси

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

Генерал Ҳафтар

Ливия 2011 йили Муаммар Қаддофий ағдарилганидан кейин инқирозга юз тутган ва жанглар тинмаётган бир мамлакатдир.

Триполида халқаро тан олинган Миллий Муроса ҳукумати бор.

Бу ҳукуматни Қатар ва Туркия дастаклайди.

Туркпараст сурияликлар ҳам Триполи ҳукуматини қўллаб жанг қилиб келмоқда.

Ҳукуматга қарши генерал Ҳафтар кучлари уришмоқда.

Ҳафтар кучларини Миср, Россия ва Бирлашган Араб Амирликлари дастаклаб келади.

Вагнер гуруҳи ҳақида

Вагнер гуруҳини Россия махсус ҳарбий хавфсизлик кучларининг собиқ ҳарбийларидан бири Дмитрий Уткин тузгани айтилади.

Оммавий-ахборот воситаларига кўра, гуруҳга Вагнер номи берилиши ҳам Уткиннинг нацистлар режимига муҳаббати билан боғлиқ.

Илк бор Вагнер 2014 йилда Россия Қримни ҳарбий ишғол қилганида пайдо бўлган ва кейинроқ Украинанинг Донецк ва Луганск минтақаларида бўй кўрсатганди.

Гуруҳни ким бошқаради ва қандай молияланади деган саволга аниқ жавоб йўқ.

Ғарб журналистларининг текширувлари бу гуруҳни "Путиннинг ошпази" номи билан танилган бадавлат бизнесмен Евгений Пригожинга боғлашган.

Пригожин Путинга яқин шахслардан бири.

Аммо у Вагнерга алоқаси борлигини рад этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek