Ҳиндистон ва Хитой аскарлари чегарада муштлашиши оқибатида яраланганлар бор

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Ҳиндистон матбуотидаги хабарларга кўра, Ҳиндистон-Хитой чегарасида икки давлатнинг ўнлаб чегарача аскарлари муштлашганлар.

Ҳинд ҳарбий воизи хабар қилишича, Сикким штатидаги Наку Ла чегара нуқтасида юз берган ҳодисада 7 нафар Хитой аскари ва 4 нафар ҳинд аскари жароҳат олишган.

Шанба куни юз берган можарони маҳаллий қўмондонлар ҳал қилишгани айтилади.

Икки давлат ўртасидаги 3,400 километрлик чегара бўйича икки томоннинг ҳам ечилмаган даъволари бор.

Бот-бот юз бериб турадиган зиддият ҳолларида аскарлар бир-бирини кўкрагидан итариши ва ёқалашиши кузатилган.

Охирги тўқнашув Сикким штатида денгиз сатҳидан 5 минг метр баландликда жойлашган Наку Ла секторида юз берган.

Хитой ва Ҳиндистон ўртасида 1962 йилда чегара устидан уруш келиб чиққанди.

2017 йилда Хитой баҳсларга сабаб бўлиб келаётган тепаликда ўз чегара чизиғини кенгайтиштиришга уринганида ҳам тўқнашув юз берган.

Иккала давлат патруллари ўртасида тез-тез жисмоний зиддиятлар бўлиб турса-да, охирги қирқ йил ичида чегара оша бирон марта ўқ узилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek