Коронавирус ҳамма нарсани унуттирдими? - Koronavirus

  • Жонатан Маркус
  • Мудофаа ва дипломатия масалалари бўйича шарҳловчи
A woman wearing a protective face mask reads a newspaper as she walks in a street on the deserted Ile Saint Louis in Paris

Сурат манбаси, Reuters

Covid-19 пандемияси бутун дунёни ўз забтига олиши билан бошқа бир қатор халқаро масалалар кун тартибидан тушиб қолди.

Буни тушуниш мумкин, чунки пандемия дунё миқёсида ҳозирга қадар 300 мингга яқин инсоннинг ўлимига, давлатлар иқтисодининг эса кескин қисқаришига олиб келди.

Иккинчи томондан, коронавирус инқирози турфа жамиятларнинг ҳаёт тарзи ва ўзаро муносабатларига доир саволларни ҳам юзага чиқарди.

Бу аснода баъзи халқаро инқирозлар четга суриб қўйилди. Аммо биз кўрмаганга олсак-да, бу инқирозлар орқа планда катталашиб бормоқда. Улардан айримларига қарши курашиш учун кеч қолган бўлишимиз ҳам мумкин.

Айрим ҳукуматлар эса, Covid-19 пандемиясини қулай фурсат сифатида билиб, узоқ вақтдан буён ўйлаб келаётган, аммо жамоатчиликнинг муносабатидан қўрқиб, журъат этмай келаётган режаларини ҳам амалга оширишни бошлаб юборди.

Келаётган ҳафталар ва ойларда кузатиб боришимиз керак бўлган 5 инқироз:

Янги совуқ уруш бошланадими?

АҚШ ва Россия бир-бирига таҳдид қилиш мақсадида ишлатиб келган узоқ масофага учувчи ядровий ракеталарни чекловчи "Стратегик қуролларни камайтириш битими" 2021 февралида ниҳоясига етади.

Битимни янгилаш учун олиб борилиши керак бўлган музокараларга вақт борган сайин кам қолмоқда.

Ушбу битим 45 йилга яқин давом этган совуқ уруш давридан бугунга қадар амал қилиб келаётган охирги қурол-яроғ битимидир.

Сурат манбаси, Reuters

Бу битим бўлмаса, янги ядровий қуролланиш пойгаси бошланиб кетишига доир жиддий хавотирлар бор.

Шу кеча-кундузда тезлиги овоз тезлигидан бир неча баробар юқори бўлган гиперсоник ракеталар устидаги ишлар давом этмоқда.

Россия бу битимни янгилашга рағбат билдираётгандек. Расмиятчиликларга қаралса, битимни янгилаш жуда осон.

Фақат Трамп маъмурияти битимнинг ҳозирги кўринишда янгиланишини истамайди. АҚШ битимга Хитойни ҳам қўшишни истайди.

Аммо Хитой қўшилмоқчи эмас. Муддат тугашига бир йилдан кам вақт қолгани назарда тутилса, унинг янги шакли устида ишлашга кеч.

Бундай шароитда, агар Вашингтон ўз талабида қаттиқ туриб олса ёки ноябр ойидаги АҚШ президентлик сайловларида Трамп эмас, бошқа одам сайланадиган бўлса ва янги президент эски битимни қўлламаса, унда "Янги давр" деб аталган битим тарихга айланиши мумкин.

Қўрқинчли Теҳрон

Трамп маъмуриятининг Эрон билан P5+1 давлатлари орасида имзоланган ядровий келишувдан чиқиши ортидан бошланган инқироз чуқурлашиб бормоқда.

Ҳозирда БМТ эмбаргоси боис бир қатор давлатлар Теҳронга қурол-яроғ сотолмайди.

Аммо Эрон билан ядровий келишувни дастаклаган Бирлашган Миллатлар қарорига кўра, ушбу эмбарго муддати жорий йилнинг 18 октябрида тугайди.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний АҚШ эмбаргони давом эттириш талабини қўядиган бўлса, бунинг "жуда катта оқибатлари" бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Аммо БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоси бўлган Россиянинг Эронга қарши эмбаргога вето қўйиши эҳтимоли катта.

Бу ҳолатда Трамнинг ядровий келишув билан бир вақтда енгиллатилган Эронга қарши иқтисодий эмбаргони янгидан кучайтириш ва яна ҳам қаттиқлаштириш талабини илгари суриши, бунинг учун Европа давлатларига босим ўтказиши кутилади.

АҚШ ядровий битимдан чиққанидан буён Теҳронга босимларни кучайтириб келади.

Эрон ҳам жавоб тариқасида келишувнинг баъзи бандларини бажаришдан бош тортди.

Ҳозирда Трамп маъмурияти, гарчи АҚШ келишувдан чиққан бўлса-а, Эрондан унинг барча шартларини бажаришни талаб қилмоқда. Бажармагани тақдирда янги жазо чораларини қўлламоқчи.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги алоқалар янада кескинлашаркан, АҚШ билан Европадаги иттифоқчилар ўртасидаги масалалар ҳам катталашиб бориши мумкин.

Эронга қарши жазо чоралари Теҳроннинг минтақадаги сиёсатини ўзгартира олмагани каби, Теҳроннинг ўзи дастаклаётган гуруҳларга қурол сотишини ҳам чеклолмади.

Исроилнинг Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш қарори

Исроилнинг ҳар сайловларда кун тартибига чиқадиган Ғарбий Соҳилни қўшиб олиш қарори Бенямин Нетаняҳу коалицион ҳукумат билан қудратни бўлишгани боис бир муддат кун тартибидан олинганга ўхшаб кўринаётганди.

Аммо Нетаняҳу, афтидан, ўзига қарши коррупция даъволаридан диққатни чалғитиш учун ҳали ҳам Ғарбий Соҳилнинг айрим бўлгаларини бутунлай Исроилга қўшиб олиш режасини илгари сурмоқда.

Ғарбий Соҳил қўшиб олинса, Фаластин ва Исроил ўртасидаги можарони ечишнинг ягона умиди деб кўрилган "икки давлат ечими" барбод бўлади, дегани.

Фаластин ҳозирданоқ бу эҳтимолни кўзга олган ҳолда, баъзи Европа давлатлари билан Исроилга қарши жазо чоралари қўллаш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.

Ҳар доим бўлгани каби, бу ерда ҳам Трамп маъмуриятининг мавқейи ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Нетаняҳу Ғарбий Соҳилни босиб олиш қарорида Доналд Трампнинг аввалги қарорларидан илҳомланганига шубҳа йўқ.

Трамп Исроилнинг Ғўлон тепаликларини аннексия қилиш ва Қуддусни пойтахт деб эълон қилиш қарорларини маъқуллаганди. У АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга ўтказган.

Сурат манбаси, Reuters

Brexit: Муаммолар йўқолмади

Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишини англатувчи Брексит иборасини кўпчилигимиз унутиб ҳам юбордик.

Аммо соат миллари тўхтагани йўқ. Британиянинг ЕИдан чиқиши учун берилган ўтиш даври муддати 31 декабрда ниҳоясига етади.

Икки ўртадаги муносабатларнинг келажаги борасидаги музокаралар мавҳумлик ичида бошлаганди. Бу мавҳумлик ҳали ҳам давом этмоқда. Аммо Бош вазир Жонсон ҳозирга қадар ўтиш даврини узайтириш ёки ЕИдан чиқишни кечиктириш ҳақида гапиргани йўқ.

Сурат манбаси, PA Media

Аммо коронавирус пандемияси Брексит билан боғлиқ барча тасаввурларни ўзгартириб юборди.

Чунки пандемия билан биргаликда Брексит жуда чуқур иқтисодий инқирозга йўл очиши кутилади. Бу инқироздан чиқиш учун бир неча йиллар керак бўлиш мумкин.

Ҳозир Британия ҳам, ЕИ ҳам коронавирусга қарши кураш билан овора. Бу курашда Британия ЕИ давлатларидан яхшироқ намуна кўрсата олгани йўқ.

Иттифоқдан чиқиш коронавирус оқибатлари билан бир бўлиб, Британияни қийин аҳволда қолдириши мумкн.

Бу каби бир шароитда Америка ёки Хитойдан қанчалик дастак кутиш мумкин? Буларнинг ҳаммаси музокараларнинг йўналишини ўзгартириб юбориши мумкин.

Асл глобал муаммо - иқлим ўзгариши

Коронавирусга қарши жаҳон миқёсида қўйилган қадамлар ҳозирча бир чеккада кутиб турган ва энг мураккаб глобал муаммо бўлган иқлим ўзгариши масаласида ўрнак бўлиши мумкин.

Иккинчи томондан, пандемия сабаб айрим давлатлар ўртасидаги муносабатлар янада ёмонлашди. Бу ўз навбатида, коронавирусдан сўнг иқлим ўзгаришига қарши курашни янада қийинлаштириш мумкин.

Бу курашни тўхтаган жойидан давом эттириш, жумладан, БМТ шафеълигидаги анжуманларни ўтказиш ҳақиқатга яқин кўринмаяпти. Ҳозирнинг ўзида бу йилга режаланган айрим тадбирлар келаси йилга қолдирилди.

Аммо жаҳон жамоатчилигининг бу масаладаги ёндашуви ўзгардими? Асосий савол шу.

Жамиятлар иқлим ўзгаришига қарши янада тезроқ чоралар кўрилиши керак, деб ишонмоқдами?

Буни коронавирусдан кейин кўрамиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek