Ўзбекистон, Сардоба: Уйим номимда эмас, энди ёрдам пули беришармикан - 5 фарзанднинг онаси - O'zbekiston

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Offficial

Сирдарёлик аёлдан келган мурожаатдан англашилишича, 40 миллион сўмлик ёрдам пулининг ҳар бир уй эгаси учун алоҳида берилиши айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқараётган бўлиши мумкин.

Ўтган ҳафта Сирдарё вилоятига борган президент Шавкат Мирзиёев тошқиндан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига 40 миллион сўмли ёрдам пули сертификатлари ва пул солинган банк карточкаларини ўз қўли билан тарқатишни бошлаб берган эди.

Шунингдек, жабрланувчиларга телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси каби маиший техникалар ҳам совға қилиниши маълум этилганди.

Сурат манбаси, Nazokat

Турмуш ўртоғи бундан 6 йил вафот этган, 5 фарзандни ёлғиз боши билан катта қилаётган сирдарёлик аёлнинг Би-би-сига, асосан, тикувчилик орқали тирикчилик қилиб келаётгани, аммо 1 май куни уйини сув босиши ортидан тикув машиналари сув остида қолиб яроқсиз аҳволга келгани, уйи лойга ботгани ҳақида сўзлайди.

Ҳужжат устунми ё инсонийлик?

Аммо Назокат Хожимуродова исмли бу ёлғиз онани ўйлантирган масала бироз бошқача.

У Мирзаобод туманинг Ҳақиқат маҳалласида яшашини айтади.

Назокатнинг сўзларига кўра, оилавий низолар туфайли бир неча йилдан бери унинг рўзғори марҳум турмуш ўртоғининг оиласиникидан алоҳида, уй эса қайнотасининг номига расмийлаштирилган.

Назокат ана шундай ҳолатда, менга ҳам 40 миллион сўмли ёрдам пули бериладими, ёлғиз она эканим, рўзғорим алоҳида бўлгани ҳисобга олинадими, деган саволлардан қийналаётганини билдиради.

"Уйсиз қолдик. Эрим олти йил аввал вафот этган. 5 нафар фарзандим бор. Каттаси 15 ёш, кичиги 6 ёш. Ўзим 2 марта операция бўлганман".

"Асосан, тикувчиликнинг орқасидан рўзғор қилардим. Уйларимиз қулаганда… тикув машиналарим, маиший техникаларим сув тагида қолди. Оилавий низолар туфайли рўзғорим алоҳида эди. Уй жойлар қайнотамнинг номига кадастр қилинган", ҳикоя қилади аёл.

Сурат манбаси, Nazokat

У уй ўз номида бўлмасада, яшаш манзилида рўйхатда туриши, унинг алоҳида оила ўлароқ фарзандлари билан бирга яшаб келаётганидан қўшнилар ва маҳалла яхши хабардор эканини қўшимча қилади.

Назокат ўтган кунлар давомида фарзандлари билан Жиззахдаги акасининг уйида яшаётгани билдиради.

Бу ёлғиз она рўзғори алоҳида экани, кам таъминланганлар рўйхатида туриши, 5 фарзандни ёлғиз боқаётгани маҳаллий маъмурият томонидан ҳисобга олингани ва ўзининг 40 миллион сўмли ёрдам пулига илингани ёки йўқлиги ҳақида билмаслигини айтади.

Назокат 40 миллион сўмли ёрдам пулини ҳаётини қайта тиклаш, фарзандлари келажаги учун сарфламоқчи эканини қўшимча қилади.

"Фарзандлар билан бирга чопиққа, пахта тергани чиқар эдик. Кейин озроқ болалар пули ҳам оламиз. Шуларни ҳаммасини тежаб йиғиб, тикув машинаси олгандим, тикувчилик қилишни бошлагандим…".

"1 май куни саҳардан қайноғам дарвозани тақиллатиб келди. Сув келаётганини айтди. Болалар билан шошиб, битта кийимда чиқиб кетдик. Паспорт олишга улгурдик, холос", дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Назокатнинг сўзларига кўра, у кредитга олинган, аммо сув остида қолган маиший техникалари тўловини ҳали ҳам тўлаб келмоқда.

У жабрланувчиларга ажратилаётган ёрдам пулини талаб қилмаслиги, аммо ўзининг ёлғиз оила бошлиғи сифатида тарқатилаётган пулга лойиқ кўришларидан умид қилаётганини билдиради.

"Агар шунга лойиқ кўришса, болаларимнинг кам-кўстини қилар эдим. Ҳамма нарсамиз, сувда қолди - кийимларимиз, кўрпа-тўшакларимиз, идишларимиз… Шу пулни беришса, яна тикув машинаси олиб, тирикчиликни давом эттирардим. Болаларни қандай қилиб бўлса ҳам, боқиш керакку…".

"Вазиятдан фойдаланмоқчи бўлганлар кўп"

Би-би-си ана шундай баҳсли ҳолатларда уй сенинг номингда эмас, деб йиллар давомида алоҳида розғор билан 5 фарзандни оқ ювиб, оқ тараётган ёлғиз аёл ёрдамсиз қолдирилмайдими, бундай вазиятларда фақат қонунга таяниладими ёки инсонийлик тамойиллари ҳам ҳисобга олинадими каби саволлар билан Сирдарё вилояти ҳокимлигига мурожаат қилди.

Ҳокимлик расмийси ҳозирги вақтда 40 та молим сув остида қолди, деб мурожаат қилганларнинг аслида 4 та ҳам моли бўлмагани, айрим одамлар вазиятдан фойдаланиб қолиш илинжида талафотини ошириб кўрсатиб, кўпроқ ёрдамга эга бўлишга ҳаракат қилаётгани ҳолатлари кузатилаётганини айтади.

Бироқ расмийнинг сўзлашича, Назокатнинг мисолида, уй бошқа шахснинг номида бўлса ҳам, агар аёл солиқларни ўзи тўлаб келган бўлса, унга ҳам ёрдам пули ажратилиши мумкин.

Ҳокимлик ушбу ҳолат ўрганиб чиқилишини маълум қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek