Коронавирус: Дунёда Covid-19 юқтириш бўйича рекорд, Ўзбекистонда иккинчи тўлқин бўлиши мумкинми? - O'zbekiston

ўзбекистон

Сурат манбаси, qalampir.uz

Сурат тагсўзи,

Ўзбекистон карантин чораларини юмшатишни бошлаганидан буён кунлик расмий рақамларда фавқулодда ўсиш кузатилмаган

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов пандемиянинг иккинчи тўлқини ҳақида ахборот йўқлигини айтган.

Унинг пайшанба куни Тошкентда ўтган брифингда айтишича, Хитойнинг Хелунцзян провинциясида юз берган ҳолат "иккинчи тўлқин эмас".

"Биз чет эллик ҳамкасбларимиз билан деярли ҳар куни алоқада бўлиб, тажриба алмашиб турибмиз. Ҳозирги кунда иккинчи тўлқин ҳақида ахборотлар йўқ. Хитойнинг Хелунцзян провинциясида кир ювиш корхонасининг хизматчисида коронавирус аниқланиб, икки кун ичида у билан мулоқотда бўлганлар сони кескин кўпайиб кетиши туфайли ҳозирги кунда қўшни бўлган уч провинцияда 100 миллионга яқин фуқаролар янгитдан карантинга олинган. Лекин бу иккинчи тўлқин эмас", деб айтган АОКАдаги брифингда Ҳабибулла Оқилов.

Бутун дунё хавотирда

Ўтган ҳафта Хитой ҳукуматининг Соғлиқни сақлаш бўйича бош маслаҳатчиси Цонг Наншан Хитойда иккинчи тўлқин юз беришидан жиддий хавотирда эканликларини айтган эди.

Шанба куни Американинг CNN телеканалига берган интервьюсида у хитойликларнинг аскарияти ҳануз Covid-19 юқтиришга мойил эканликларини айтган.

"Иммунитет шаклланмагани боис хитойликларнинг кўпчилиги ҳануз Covid-19 инфекциясини юқтиришга мойил. Биз жуда катта синовга юз тутяпмиз. Ўйлайманки, бу (Хитойдаги вазит- таҳр.) ҳозирда чет давлатлардагидан яхши эмас", деб айтган Хитой мулозими.

Сурат манбаси, Getty Images

У вируснинг илк ўқоғи бўлган Ухандаги соғлиқ расмийлари бошида пандемиянинг миқёсига оид маълумотларни ошкор этишни истамаганликларини ҳам тан олган.

Хитой иккинчи тўлқиндан хавотир билдираётган ягона давлат эмас.

Пайшанба куни Британияда Миллий соғлиқ тизими раҳбарлари коронавирусга тестларни кўпайтириш, акс ҳолда иккинчи тўлқинга юз тутиш эҳтимолидан огоҳлантирганлар.

Британия карантиндан чиқаркан, Лондон ҳокими Содиқ Хон ҳам иккинчи тўлқиндан хавотирда эканини айтмоқда.

Пайшанба куни Би-би-си Today дастурига интервьюсида у айни хавотир боис Лондон кўчаларининг яна машиналар билан тўлиб-тошишишни истамаётганини истамаётганини таъкидлаган.

Карантин чоралари юмшатилиши ортидан инфекция тарқалиш ҳолатларини ортиши Германия ва Австрияда ҳам кузатилган.

Сўнгги бир ой ичида энг кўп инфекцияга чалиниш ҳолатлари кузатилган Жанубий Корея фуқароларни иккинчи тўлқиндан огоҳликка чақирган.

Вирус энг кўп тарқалган АҚШда мутахассислар иккинчи тўлқин биринчисидан ҳам аянчлироқ оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирганлар.

Ўзбекистон ҳам вакцина устида ишламоқда

Ўзбекистон ҳукумати Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иккинчи тўлқин ҳақида ахборот йўқ, деркан айнан қайси давлатлардаги ҳамкасбларнинг маълумотларига таянаётганликларини очиқламаган.

Айни пайтда у Ўзбекистонлик мутахассислар ҳам вакцина устида ишлаётганликарини айтган, аммо тафсилотларга тўхталмаган.

Ўтган ой Тошкентданги Вирусология илмий-текшириш институти бош илмий ходими, профессор Хайрулло Мустафоев Ўзбекистон вакцина ишлаб чиқишдан воз кечганини айтган эди.

Ўзбек олимининг "Правда Востока" нашрига берган интервьюсида айтишича, вирус ўз хусусиятларини доимо ўзгартириб тургани боис самарали вакцинани ишлаб чиқиш имконсиз.

Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилганидан буён вирусдан зарарланиш ҳолатларининг кескин ошиб кетиши кузатилмаган.

Расмий рақамлар карантин давридагидан кам.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 21 май соат 16:30 ҳолатига Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2964 (бир кун олдингига нисбатан +25) нафарни ташкил қилмоқда.

Расмий маълумотга биноан, аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг 6 нафари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар, 5 нафари хориждан келган шахслар (барчаси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси) орасидан қайд этилган.

2372 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар бутунлай соғайган.

Даволанаётганлар сони 565 нафар бемор, улардан 5 нафарининг аҳволи оғирлиги айтилади.

Вафот этганлар сони 13 киши.

5 миллион бемор

Жаҳон Соғлиқ Ташкилотининг билдиришича, охирги 24 соат мобайнида дунёда Covid-19 дан рекорд даражада зарарланиш қайд этилган.

ЖСТ 106 минг янги ташхис қўйилганини айтмоқда.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

Бразилияда энг ёмон вазият

Айни пайтда АҚШдаги Жон Хопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда виурсни юқтирганлар сони 5 миллиондан ошган, 328 мингдан ортиқ одам вафот этган.

ЖСТ раҳбари Тедрос Аданом Гебреисуснинг айтишича, энг ёмон вазият аҳоли даромадлари ўртача ёки паст бўлган давлатларда.

Олдин вируснинг маркази Европа ҳамда АҚШ бўлган бўлса, ҳозирда инфекция Бразилияга ўхшаган давлатларда тез тарқалмоқда.

Минтақа

Собиқ совет ҳудудида энг кўп вирусга чалинганлар Россияда

21 май ҳолатига беморларсони 308,7 мингни ташкил этмоқда. Қарийб 3 минг киши вафот этган.

Вирус ўчоғи бўлган Москвада охирги уч кунда кунига 70 тадан ўлим ҳолатлари қайд этилмоқда.

Сурат манбаси, Screenshot/YouTube

Сурат тагсўзи,

Коронавирус расман энг кеч қайд этилган Тожикистонда кунлик ўсиш юқори

Бутун Россия бўйича эса охирги 3 кунда касалга чалинаётганлар сонининг ўсиши тузалаётган сонининг ўсишидан пастроқ.

Коронавирусга чалиниш ҳолати расман энг кеч қайд этилган Тожикистонда рақамлар шиддат билан ўсиб бораётгани кузатилади.

Ҳукумат штаби берган маълусотга кўра, 20 май куни 204та янги ҳолат аниқланган.

Касалланганларнинг умумий сони 2140 киши, ўлганлар 41 кишини ташкил этмоқда.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда юқори мартабали тожик ҳукумати аъзоларидан баъзиларининг коронавирусга чалингани борасида тасдиқланмаган хабарлар тарқалмоқда.

Аммо расмийлар бу хабарларни рад этишган.

Жумладан, касалликни юқтиргани айтилган Тоғли Бадахшон автоном вилояти раҳбари Ёдгор Файзиевнинг иш жойида экани маълум қилинган.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Тенгизшевройл" нефт конида карантин тадбирларига эътиборсизлик оқибатида 935 ходим коронавирус инфекцияси юқтирганини маълум қилган.

21 май ҳолатига Қозоғистонда вирусга чалинганлар 234, вафот этганлар 35 кишини ташкил этмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek