Коронавирус: Россияда вирусдан ўлганлар сони кунлик рекордни урди, ЖССТ иккинчи хуруж билан огоҳлантирди

Россия

Сурат манбаси, EPA

Россияда бир кунда 174 киши вирус қурбони бўлди, бу эса рекорд рақамдир.

Мамлакат бўйлаб вирусдан ўлганлар сони 3807 та экани айтилмоқда.

Аммо мутахассислар ҳақиқий рақамлар бундан юқори эканини тахмин қилишади.

Сешанба куни расман вирус юқтирганлар сони 8915 киши экани маълум қилинган.

Бутун мамлакат бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 370 мингга яқинлашган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти огоҳлантиради

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Доктор Майк Раян ЖССТнинг фавқулодда ҳолатлар идораси раҳбари ва унинг айтишича, дунё ҳозир "биринчи тўлқиннинг ўртасида" турибди.

Ташкилотга кўра, агар мамлакатлар коронавирусга қарши чораларни енгиллаштиришса вирус қайтадан "бош кўтариши" ва иккинчи тўлқин рўй бериши мумкин.

Доктор Майк Раян ЖССТнинг фавқулодда ҳолатлар идораси раҳбари ва унинг айтишича, дунё ҳозир "биринчи тўлқиннинг ўртасида" турибди.

Унинг бу огоҳлантириши аксарият давлатлар коронавирус туфайли ўрнатилган чекловларнинг енгиллаштираётган бир паллага тўғри келган.

Мутахассисларга кўра, коронавирусга қарши вакцина топилмаганига вазият таҳликали бўлиб қолаверади.

Чекловлар бекор қилиниши билан вирус яна хуруж қилиши мумкин.

Покистон чекловларни қайта ўрнатиши мумкин

Покистон соғлиқни сақлаш мулозими коронавирус тарқаши ва ўлим ҳолатлари кўпайиши ортидан мамлакат чекловларни қайта ўртаниши мумкинлигини айтган.

Доктор Зафар Мирза ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирган.

Покистон шу ой бошларида чекловларни босқичма босқич енгиллаштиришга киришганди.

Бугунги кунда мамлакатда 57 мингдан ортиқ одам коронавирусга чалинган.

Қурбонлар сони 1197 та экани айтилади.

Ва Саудия Арабистони - Маккадаги манзара

Сурат манбаси, AFP

Саудия Арабистони келаси ойдан мамлакат бўйлаб чекловларни бекор қилишни бошлайди. Ҳозирча эса Макка шаҳридаги мана бу манзара коронавируснинг бу мамлакатдаги даҳшатини ифодалайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek