Дунё ва иқлим: Сув остида қолаётган қишлоқларнинг тақдири нима бўлади? - Индонезия

qishloq

Марказий Явадаги Бедона қишлоғи бир вақтлар 200 оиланинг ватани эди. Энди у сув остида қолди ва биргина оила яшамоқда. Индонезиянинг Ява ороллари дунёдаги одамлар энг тиғиз яшайдиган ороллардан бири. У миллионлаб одамларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб чўкмоқда. Олимлар фалокатга ер ости сувларидан муттасил фойдаланиш, мангров дарахтларининг йўқолиши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши асосий сабаб демоқда.

«Буларнинг ҳаммаси деҳқончилик ерлари эди. Гуруч ва маккажўхори экардик. Кейин сув кўтарилди ва қирғоқ сурила бошлади. Сув тошқинлари ёмонлашгандан ёмонлашди ва натижада бутун қишлоғимиз сув остида қолди», дейди Пасижаҳ.

Индонезиядаги Демак қишлоғида 200 оила яшарди. Пасижаҳнинг оиласи яшаш учун курашаётганларнинг энг сўнггиси.

«Йиллар ўтган сайин қишлоғимизни кўпроқ одам тарк этди. Аҳолидан 2005 йили кўчишни сўрашди, бир йилдан кейин одамлар кета бошлади. Энди қишлоқда фақат биз қолдик», дейди у.

Юқоридан олинган тасвирлар орқали 2003 йилдаги Демак қишлоғини 2019 йил билан солиштирилганда мутлақо бошқача манзарани кўриш мумкин.

Бор йўғи бир неча йилнинг ичида соҳил 2 чақирим ичкарига сурилди.

Индонезияда миллионлаб одамларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб қирғоқ бўйидаги ерлар ғойиб бўлмоқда..

Бандунг Технология институтидан геолог олим Ҳери Андрес ерларнинг денгиз томонидан ютиб юборилишига инсоният сабабчи эканлигигини айтади.

«Одамлар бу ҳақда табиий жараёндек гапиради, бироқ унга инсонларнинг ҳаракати сабаб бўлди. Бу табиий офат эмас, балки одамлар сабабчи бўлган фалокат», дейди геолог олим Ҳери Андрес.

Олимлар ер ости сувларидан муттасил фойдаланиш, мангров дарахтларининг қисқариши ва иқлим ўзгариши бош сабабчи эканлигини айтади.

Мангров дарахтлари денгиз қирғоқларида ўсувчи доим яшил дарахтдир. Айнан у тўлқиннинг қирғоқ бўйлаб ёйилиб кетмаслигида муҳим ўрин тутади.

«Индонезия бўйлаб 20 йил давомида маълумотлар тўпладик. Денгиз сатҳининг кўтарилиши сезиларли эмас. Аммо тупроқ 10 см.дан кўпроқ емирилган. Бу икки нарсанинг қўшилиши жуда жиддий вазиятнинг келиб чиқишига сабаб бўлди», дейди профессор Ҳери Андрес.

Ҳукумат оқимни тўхтатиш учун соҳил бўйлаб дамбалар кўтармоқда. Пасижаҳ эса чўкаётган уйини сақлаб қолиш учун мангров кўчатини экмоқда.

«Бу ерларга мангров кўчатини ўтқаздим, энди бу ерлар мангровзорга айланди. Агар уларни экмаганимда қишлоғимиз очиқ денгиз қарига чўкарди ва унга тўлқинлар келиб уриларди».

Гап фақат иқлим ўзгаришида эмас

Сурат манбаси, Getty Images

Иқлим ўзгариши асоратлари фақат инсониятнинг ўзига таъсир кўрсатмаётир.

Турли ҳисоботлар одамзот томонидан ёввойи табиатнинг улкан қисмига ўнглаб бўлмас зарар етказилаётганини кўрсатиб бермоқда.

Олимлар келаётган ўн йилликлар ичида бир миллионга яқин мавжудот турлари бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турганидан огоҳлантирмоқда.

Ушбу муаммо бўйича бир қанча давлатлар вакиллари келаси йили Хитойда учрашиб, барча турдаги жонзотларни сақлаб қолиш йўлларини муҳокама этмоқчи.

БМТнинг Биохилмахиллик бўйича Конвенциясига эса 2030 йилгача ёввойи табиатни асраб қолиш чораларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Хулоса қилиб айтганда, она сайёрамизни муқаррар ҳалокатдан қисқа вақт ичида сақлаб қолиш муаммоси билан юзлашганча турибмиз. Бироқ сиёсат бу йўлдаги асосий тўғоноқ ўлароқ қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek