Франция: Чеченлар наркодилерларга уруш очишди - O'zbekiston, дунё

Dijon

Сурат манбаси, AFP

Франция: Чеченлар наркодилерларга уруш очишди - уларни жиловлаш учун ҳатто Дижонга қўшимча полиция кучлари ташлангани айтилмоқда.

Зўравонлик кеча, душанба куни юз берган, унга 150 дан ортиқ чечен бош қўшган.

Ораларида қуроллилари ва бошларига қалпоқ тортиб олганлари ҳам бўлган.

Хабарларга кўра, бунга гўёки бир чечен ўспиринининг Шимолий африкалик наркодилерлар томонидан ҳужумга тутилиши сабаб бўлган.

Чеченлар эса, шу йўл билан қасос олмоқчи бўлишган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи дам олиш кунларида юз берган қатор нохуш ҳодисалар ортидан кузатилган.

Ўзининг чечен эканини даъво қилган бир эркак маҳаллий матбуотга шу гуруҳнинг аъзоси экани, сафларида яна Франциянинг бошқа ҳудудлари, Бельгия ва Германиядан келганлар бўлганини ҳам айтган.

Прокурорнинг билдиришича, жума куни тунда бир неча киши яраланган. Улардан айримлари оғир тан жароҳати олишган. Шанба куни яна бир кишининг ўт очар қуролдан яралангани кўрилган.

Полицияга кўра, якшанба куни зўравонлик мақсадида бўлган 200 дан ортиқ одам Gresilles мавзесига кириб боришган.

"Франс-Пресс" ахборот агентлигининг хабар беришича, зўравонлик кеча, душанба куни бошланган, ахлат қутилари ва машиналарга ўт қўйилган.

Орада шаҳарга юздан ортиқ қўшимча полиция кучлари ташланган.

Сурат манбаси, AFP

Минтақадаги юқори мартабали давлат мулозими Бернард Шмельцнинг айтишича, афтидан, "Франциядаги чечен жамоаси ва маҳаллий аҳоли бу билан орани очди қилмоқчи бўлишган".

Ўзининг чечен эканини даъво қилган бошқа бир эркак эса, "Le Bien Public" газетаси билан суҳбатида ўз мақсадларини очиқлашга уринган.

Бу билан "наркодилерлар ҳужумига учраган 16 яшар чечен ўспирини учун қасос олиш ниятида бўлганликлари"ни айтган.

Аммо "бунинг аламини одамлардан олиб, шаҳарни вайрон қилиш ниятида бўлмаганликлари"ни ҳам қўшимча қилган.

Дижон прокурорининг маълум қилишича, жиноий гуруҳ томонидан қотилликка уриниш айби билан жиноят иши очилган.

Айрим хабарларга кўра, полиция ҳам аллақачон тартибсизликлар сабабини ўрганишга киришган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek