Беларусь сайлови: 26 йиллик президент Лукашенко кетадими ё қоладими?

Тихановская ва Лукашенко

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

37 яшар собиқ муаллима бугун 26 йиллик президентнинг бош рақибига айланди.

Беларусда президентлик сайлови ўтмоқда.

Масъуллар кун ярмигача овоз бериш 54% бўлганини билдиришган. Бу сайлов қонунан тан олинишини англатади.

Сайловдаги бош савол - беларуслар беш муҳлатдан бери президентлик курсисида ўтирган Александр Лукашенкони олтинчи муддатга сайлашадими ёки янги президент танлашдими?

Яна бир муҳим савол эса - берилган овозлар сайлов натижасини амалда қанчалик ўзгартиради?

Таҳлилчилар ушбу саволларга жавоблар қийин эмаслигини айтадилар.

Аммо бу сафарги сайлов Беларусда бошқача бошланди.

"Европанинг сўнгги диктатори"

Президент Лукашенко Беларусни 1994 йилдан бери узлуксиз бошқариб келади.

Баъзида уни "Европанинг сўнгги диктатори" деб ҳам аташади.

Лекин Александр Лукашенко мазкур сайловда анча қийин синовларга юз тутмоқда.

Сабаби - мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган йирик мухолифат намойишлари кечаяпти.

Минскнинг ўз яқин иттифоқчиси бўлмиш Москва билан муносабатлари ҳам ҳозир яхши эмас.

Шунга қарамай, Лукашенко яна президент сифатида сайланиши кутилади.

Амалдаги президентнинг рақиблари - Андрей Дмитриев, Сергей Черечень, Анна Канопацкая ва Светлана Тихановская.

Аммо энг асосий рақиби сифатида 37 яшар Светлана Тихановская кўрсатилмоқда.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Светлана Тихановская кутилмаганда сиёсий саҳнага чиқди.

Собиқ муаллима ва уй бекаси Светлана Тихановская қамоққа ташланган эри ўрнида сиёсий саҳнага чиқди.

У Беларусь шаҳарларида кўп минг кишилик митинглар ўтказиб, катта сондаги сайловчилар эътиборини ўзига қарата олди.

"Одамлар уйғонмоқда, улар ўзларини ҳурмат қила бошлашмоқда" - деган у AFP хабар агентлиги билан суҳбатда.

Айни пайтда, Тихановская хоним сайлов адолатли ўтишига ишонмаслигини ҳам урғулаган.

Президент Лукашенко эса Светлана Тихановскаяни "қўғирчоқ" ва "бечора қизалоқ" деб атаган.

Сайлов жараёни

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Сайлов ортидан Беларусда йирик сиёсий ўзгаришлар кутилаётгани йўқ.

  • Президент сайловида овоз бериш маҳаллий вақт билан (Москва вақти билан бир хил) эрталабки 08:00дан ва кечки соат 20:00га қадар давом этади.
  • Овоз бериш масканларида сайловчилар кўп эмаслиги айтилмоқда.
  • Аммо расмийларга кўра, 41.7% сайловчи муддатидан олдин овоз берган.
  • Журналистларнинг билдиришича, овоз бериш (кун ярмигача бўлган ҳолат) нисбатан тинч ўтган.
  • ОАВ вакиллари интернетда узилишлар бўлаётгани ҳақида ёздилар.

Беларусда ўтган ҳафта давомида муддатидан олдин овоз бериш жараёни кечди.

Мамлакат қонунлари бунга изн беради, лекин халқаро кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари айни тажрибани танқид қиладилар.

Уларнинг айтишича, бу овоз бериш натижаларини манипуляция қилиш учун қўл келади.

Беларусь ўзгарадими?

Ким президент бўлади, деган масала нуқтаи назаридан ҳеч ким йирик ўзгариш кутмаяпти.

Ҳойнаҳой, Александр Лукашенко олтинчи муддатга сайланиши эҳтимоли айтилади.

Бироқ мамлакат раҳбарияти бу сафарги сайлов олдидан йирик норозилик намойишларига дуч келди ва овоз бериш яқиндан кузатиб борилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Беларусдаги сайловолди жараёни давомида 2 минг нафардан кўпроқ одам қўлга олинган.

Сурат манбаси, Getty Images

Беларусларни норози қилган яна бир ҳолат - Лукашенконинг коронавирус инқирозида тутган йўли.

Коронавирус хавфини назарга илмаган президент вирусга қарши курашиш учун одамларга ароқ ичишни ва саунага боришни тавсия қилганди.

Аҳолиси 9.5 миллион бўлган мамлакатда ҳозиргача 70 мингга яқин одам коронавирусни юқтирди.

Расмий рақамларга кўра, қурбонлар сони 600 нафар атрофида.

Сайлов, Минск ва Москва

Ўтган ойда Беларусда 30 нафардан кўпроқ Россия фуқароси ҳибсга олинганди.

Минск вакиллари бу россияликлар Беларусь мухолифати билан биргаликда зўравон намойишлар ўтказишни режалашган, деганди.

Москва айбловларни рад этган ва улар Беларусь орқали Туркияга кетаётган гуруҳ бўлган, деб айтган.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, юзага келган совуқчиликка қарамай, Россия тарафи Александр Лукашенконинг ғалаба қозонишини истайди.

Лекин бунинг ёнида Кремлнинг яна бир истаги бор:

Ҳозирги сайловда Лукашенко ғолиб бўлса ҳам, мавқеи кучсизланиши керак, чунки шунда у яна Москва билан яқинлашишга мажбур бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek