Беларусь сайлови: Экзит-полл Лукашенко 79.7% овоз олганини кўрсатмоқда

Лукашенко

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Александр Лукашенко 26 йилдан бери Беларусни бошқаради.

Беларусда президентлик сайловида овоз бериш расман тугади.

Сайлов масканлари ёпилиши биланоқ давлат экзит-полл натижалари эълон қилинди.

Унга кўра, Александр Лукашенко 79.7% фоиз овоз олмоқда.

Унинг асосий рақиби Светлана Тихановская эса 6.8% овозга эга бўлаётгани билдирилди.

Аммо Беларусдаги давлат экзит-полл сўровлари ишончлилигини текшириш ўта қийин.

Мухолифат норозилик намойиши ўтказмоқчи.

Ҳозир пойтахт Минск кўчаларига махсус техника ташланган.

Журналистлар кўчма водомётлар ва ҳарбий юк машиналари карвонлари юрганини айтишди.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

Минск кўчаларига махсус кучлар ва ҳарбий техника ташланган.

Расман сайлов қандай ўтди?

Расмийларга кўра, 80% сайловчи овоз берган.

Бунинг бир сабаби - ўтган ҳафта бошланган муддатидан олдин овоз бериш тажрибаси.

Марказий Сайлов Қўмитаси вакиллари 41% ёки 2.8 миллион сайловчи муддатидан олдин овоз берганини айтишди.

Аммо айрим собиқ Совет давлатларида қўлланадиган муддатидан олдин овоз бериш шаффоф эмас, дея танқидга тутилади.

Эрталаб журналистлар сайлов масканларида одам камлигини айтишганди.

Тушдан кейин эса кўплаб сайловчилар келишгани хабар қилинди.

Сурат манбаси, EPA

Интернет муаммолари

Кўпчилик сайлов куни интернет муаммолари бўлганини айтди.

Одамлар ҳатто YouTube порталини ҳам ишлата олишмаган.

Беларуслар VPN орқали интернетдан фойдаланишган.

Кўплаб чет эллик журналистлар сайловни ёритиш учун аккредитация олишолмади.

Ҳали сайловгача "Настоящее время" канали гуруҳи мамлакатдан чиқариб юборилганди.

Якшанба куни эса "Дождь" телеканали журналистлари ушланган.

Журналистлар турган уйда эса тинтув ўтказилган ва шундан сўнг журналистлардан Беларусни тарк этиш сўралган.

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи,

37 яшар собиқ муаллима Тихановская (ўртада) қамоққа ташланган эри ўрнида ўз номзодини илгари сурган.

"Тиз чўкишимни истайсизми?"

Сайлов жараёнида журналистлар Александр Лукашенкодан мухолифат намойишлари ҳақида савол сўрашга улгуришган.

"Сиз нима истайсиз, ҳокимиятни қулатишними? Олдингизда тиз чўкиб, тупроқни ўпишимни кутаяпсизми?" - деган Лукашенко.

Президент Лукашенко бош рақиби Светлана Тихановскаяни рақиби деб кўрмаслигини билдириб, уни шунчаки "қўғирчоқ" деб кўришини ҳам айтганди.

37 яшар собиқ муаллима ўз номзодини рўйхатга олдиролмай, қамоққа ташланган эри ўрнида сайловда қатнашди.

Овоз бериш учун келган Светлана Тихановская ҳам рақиби борасида журналистлар саволига жавоб берган.

"Сайлов ҳақиқий ўтишини жуда истайман" - деган Светлана Тихановская.

"Агар халқимиз Александр Григорьевични танласа, биз бунга рози бўламиз, фақат агар сайлов ҳақиқий ўтса".

Беларусда шу пайтгача ўтказилган ҳеч бир сайлов шаффоф ёки адолатли, деб топилмаган.

Сўнгги сайловда ҳам халқаро кузатувчилар, хусусан, ОХҲТ ташкилоти вакиллари иштирок этмадилар.

Президент Лукашенко 26 йилдан бери Беларусни бошқаради.

Аллақачон 5 муҳлат президентлик қилган.

Уни Европанинг сўнгги диктатори, деб ҳам аташади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek