Америка: Трамп қусурлари Байден қудратига айланмоқдами? Дунё, янгиликлар

  • Ник Брайнт
  • BBC News
Байден

Сурат манбаси, Getty Images

Демократик партиядан номзодликни қўлга киритишида Жо Байденга мушкуллик яратган унинг заиф жиҳати пировардида унга АҚШ президенти бўлишига ёрдам бериши мумкин.

Демократик партиянинг тутган мавқеи сўл томонга шитоб силжиётган бир вақтда, Байденнинг прагматик марказчилиги сайловларда унга қўл келиши мумкин.

Раст Белтдаги "каскали" сайловчилар, ўзгарувчан штатлардаги Starbucks оналари учун унинг марказчилиги безарардек кўринади. Унинг оломонни жунбушга келтиришга нўноқлиги ҳам билинмай кетади бунда.

Аксарият америкаликлар Трампнинг сершовқин "рок мусиқаси"дан сўнг ором берувчи "жазз"нинг майин оҳангини соғинган.

Байденнинг шинавандалиги унинг қўлидаги калит, унинг жилмайиши эса фалсафасидир.

Рақибга бўлган нафрат партиядошга бўлган хайрихоҳликдан устун келадиган салбий тарафкашлик ҳукмрон бўлган сиёсатда Байденни нафратга лойиқ шахсга айлантириш осон кечмайди. Албатта, у қутбланган, тафриқага мойил Ҳиллари Клинтонга ўхшамайди.

Клинтоннинг ўз рақиби ҳақидаги ўта салбий гаплари акс таъсир кўрсатиб, 2016 йили Трампнинг ғалабасига анчагина ёрдам берган эди.

Айова ва Нью Ҳемпширга борганимда 77 ёшли Байденнинг гапни силлиқлаб гапира олмаётгани, сенатор бўлган вақтидаги зерикарли монологларини ёдга солувчи нутқини эшитиб, донг қотдим. Ноизчил ва такрорланувчи гаплари билан унинг фикрлари ҳам издан чиқиб кетаётгандек эди.

Унинг айтаётган ҳикояларида ҳам бирор сиёсий маъно англашилмасди. У Америка руҳини қайтариш ҳақидаги аниқ маъноси нималиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган мужмал, умумий гапларни сўзларди.

Аммо унинг "мегавольтли" жилмайиши ҳамон чақнар, қаршимизда мисоли бутун хонани ёритишга тиришаётган хилқатдек турар эди.

АҚШ сиёсатини ёритиш бўйича 30 йиллик фаолиятим мобайнида у мен кўрган номзод фаворитлар орасида энг ҳиссиз ва туссизи, ҳатто 2016 йилдаги Жеб Бушдан ҳам бу борада ёмонроқ эди. Флориданинг собиқ губернатори Жеб Буш гапини тугатганда ҳеч ким қарсак чалиб, олқишламаса ҳам, бирор маънили гап айтарди.

Байден Айовадаги кокусда - партия вакилларининг уни президентликка номзод сифатида кўтариш учун овоз беришларида тўртинчи, Нью‑Ҳемпширда эса бешинчи ўринни эгаллагач, кўпчилигимиз у "Aviator" очкисини тақиб, кунботарга кетса ҳам бўлади энди, деб ўйладик.

Сурат манбаси, Getty Images

Албатта, у бундай қилмади. Аксинча, Жанубий Каролинага жўнади. У ерда қора танли Демократик конгрессмен Жим Клайберн ва афроамерикаликларнинг қўллови билан ўлик яна қайта тирилгандек бўлди. Пит Бутижиж ва Эми Клобушар каби мўътадил рақиблар пойгани тарк этгач, Байденнинг атрофида партия аъзолари жипслашди ва исёнкор Берни Сандерс ҳужумига қарши мустаҳкам қўрғон бунёд бўлди. Демократик партиянинг президентликка номзоди қачондир социалист бўлган бир одам бўлиши эҳтимолидан қўрқиб кетганлар, Жонинг қўлига бу хавфни бартараф қилиш учун оловўчиргични тутқаздилар.

Байденнинг "супер сешанба"даги кетма кет ғалабаларидан кунлар ўтиб, таҳлилчилар у қандай қилиб ҳатто ўз тарғибот кампаниясини ўтказмаган штатларда ҳам ғалаба қилганини тушунолмай бошлари қотди.

Аммо бунинг тескариси тўғри бўлиши ҳам мумкин. Байден у жойларда яхши натижага у ерларда бўлмагани учун ҳам эришгандир эҳтимол. Айова ва Нью Ҳемпширдаги мағлубият берган дарс шу бўлдики, сайловчилар уни қанча кўп кўрса, шунчалик унга овоз бериши эҳтимоли озаяди.

Унинг "супер сешанба"дан олдин яширин номзод бўлгани, кўзга кўп ҳам ташланавермагани унинг партиядан президентликка номзоди кўрсатилишига ёрдам берди.

Коронавирус карантинлари ҳам унинг омадини чоптирди. Делавэрдаги резиденцияси ертўласида ўтказган ойлари унинг учун кўздан пана қилувчи парда бўлди. Ижтимоий масофа сақлаш ҳам унинг сайлов кампанияси учун жиддий хатар бўлган феъли - аёлларга номақбул тарзда тегинавериши, тегажоқлиги камайишига ёрдам берди.

Энг муҳими, пандемия Демократлар ичидаги мафкуравий курашлар алангасини пасайтирди. Байден сўлчилар билан меъёридан ортиқ муросага бормасдан ҳам Берни Сандерс билан бирмунча келиша олди. Яъники, умуммиллий соғлиқни сақлаш, "Яшил янги йўл" борасида ваъдалар беришгача бормади; муҳожирлик ва божхона агентлигини тугатиш ёки чегарани ноқонуний кесиб ўтишни декриминализация қилиш каби қутблаштирувчи зиддиятли мавзулардан ўзини олиб қочди.

Байден, айниқса, ёшлар орасидаги прогрессив қўлловдан мосуво бўлди, шубҳасиз. Аммо унинг сайлов кампаниясида бу йўқотиш Трампнинг бир мартали тарафдори бўлган кексалар ва пенсиядагиларнинг қўлловига эришиш билан қопланади деб ҳисобланади. Кексалар нафақат сайловда фаол қатнашади, Ковид 19 хавфи уларга аҳоли орасида юқори ҳамдир.

Партиядан номзодликка эришишдаги бошланғич машаққатлардан сўнг, коронавирус гўёки Байденда уни ўзидан ҳимоя қилувчи сиёсий "антитанача"лар пайдо қилди.

Ҳозирги тушкун бир вақтда Байденнинг ўтмиши ҳам унга нисбатан хайрихоҳларни кўпайтирди. 1972 йили Сенатга бўлган сайловдаги ғалабасидан сўнг, у биринчи хотини Нейлия ва 13 ёшли қизи Наомини автофалокатда йўқотишдан қаттиқ қийналди. Сўнг ўша автофалокатдан омон қолган ўғли Бони 2015 йили йўқотди. У жуда оз учрайдиган мия саратонига чалинган эди. Байден табиатан таъсирчан одам. Бу ҳолатлар уни коронавирус сабабли яқинини йўқотган 140 минг оила билан бир ҳиссий ўринга қўяди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

Ота-ўғил

Ҳозирча Байденнинг "бункер стратегияси" Трампнинг "бункербузар стратегия"сига яхши қаршилик қилмоқда. Трампнинг рақиби жуда қарилиги ҳақида иддао қилиши, уни яширин радикал сўлчиликда, полицияга ажратиладиган маблағни қисқартириш бўйича Берни Сандерс билан ҳамфикрликда айблаши ҳам иш бермади. Аксинча, ҳамманинг диққати Трампнинг битаётган президентлигига қаратилди.

Мансаб одатда устунлик беради. 1980 йилдан буён, фақат бир президент, Жорж Ҳерберт Уокер Буш иккинчи муддатга сайловда ютқазди. Ҳатто урушдан кейин, 1945 йилдан 1980 йилгача ҳам битта президент, Дуайт Эйзенҳауер икки муддатда ҳам лавозимда қолган, сайловчилар икки президентни - Жералд Форд ва Жимми Картерни иккинчи муддатга сайловда жазолаган. Доналд Трамп эса пандемияни жиловлай олмай мансаби берадиган устунликни қўлдан бой берди.

Синалган қоида шу: кучли иқтисод ва мансабдорлик келаси сайловлардаги ғолиблик учун етарлича кафолатдир. 1992 йили катта Буш иқтисодий турғунлик қурбони бўлди. Ковид 19 Буюк депрессия давридан бери энг қақшатқич иқтисодий зарба бўлди ва иқтисодни барбод қилди. 401k пенсия режаси кўтарилаётганини сайловчилар ўзларига қилиғи ёқмайдиган одамни қўллаб қувватлаш учун сабаб қилиб кўрсатдилар. Улар ҳам аллақачан ўз фикрини ўзгартирган.

Ҳатто Трампнинг асосий дастакловчилари бўлган олий маълумотсиз оқ танли сайловчиларнинг ҳам ундан ҳафсаласи пир бўлмоқда. Ана шу тоифа орасида унинг мавқеи йил бошида 31 поғона баландда турган бўлса, ҳозир бу рақам ўнга тушиб қолди. Ижтимоий сўровлар кўрсатишича, Жорж Флойднинг ўлимидан сўнг кўтарилган норозилик намойишларини тинчитишда йўл қўйган хатолари сабабли кутилмаганда катта сондаги сайловчилар президентни қораламоқда.

Улар Трампнинг Ричард Никсондан олган қаттиққўл позициясини писанд қилмаяпти. Узоқ давом этган ирқий тўқнашувлар мавсумидан сўнг Никсоннинг қаттиққўллик билан тартиб ўрнатиш ваъдаси 1968 йилги президентлик сайловида унга ёрдам берган эди. Эҳтимол Трамп ўша давр билан ҳозирнинг фарқини тўғри фаҳмлай олмагандир. 1968 йили Никсон президент лавозимида эмас эди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сайловлар одатда давомийлик ва ўзгариш ўртасидаги танлов ҳисобланади. Байденнинг бозорини чаққон қиладиган жиҳат, унинг ҳар иккисини таклиф қилаётганидир. Сўровда қатнашган ҳар 10 америкаликдан саккизтаси мамлакат нотўғри йўлдан кетаётганига ишонади. Байден уларга йўлни тўғрилашни ваъда қилмоқда.

Демак, у ўзини ўзгаришлар номзоди сифатида ишончли тақдим қилиши мумкин. Бироқ республикачилар ҳам, демократлар ҳам ўнлаб йиллар давомида амал қилиб келган феъл атворга қайтиб, анъанавий президент сифатида ишламоқчилигини айтар экан, у бир пайтда давомийлик номзоди ҳамдир. Занжирни таъмирлашда Трамп йўқолган оралиқ бўғим бўлди.

2016 йилги сайловлардаги башоратларнинг хато бўлиб чиққанини назарда тутсак, таҳлилчиларнинг президентнинг рейтингги икки хонали сон миқдорида тушиб кетганини айтиб, бирор нарсани башорат қилишга шошмаслигини тушуниш мумкин. Эҳтиёткорлик яхши. Байден ўз ертўласидан чиқиб келар экан, у жиддий саволларга, текширувларга рўпара бўлади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи,

70-йилларда Байден оиласи билан

Сайлов кампаниясини ёритаётган журналистлар "Трампнинг аҳволи чатоқ" қабилидаги гапларни такрорлашдан чарчайди ва номзодларнинг рейтингидаги сезилмас ўзгаришлар, пастлашларни ҳам драматик шаклда беришни бошлайди. Қолаверса, кўнгли нозик Электорал коллегия ҳам бордирки, Трамп умуммиллий овозларда мағлубиятга учраган бўлса ҳам, 2016 йилдаги каби, президентликни ютиб кетиши эҳтимоли бор. Баҳсли сайлов натижалари судларда ҳал қилиниши мумкинлигини ҳам истисно қила олмаймиз.

Албатта, исталган бошқа президентдан кўра кўпроқ "автофалокат"лардан омон қолган Трампни шунчаки рўйхатдан ўчириб юбориш соддалик бўларди. Аммо ўтган тўрт йилда жароҳатланган тўғима каттариб борди, пандемия эса уни ўз‑ўзига етказга жароҳати билан қолдирди.

Боз устига, энг садоқатли тарафдорлари ҳам Трампнинг айёрона мақтовларию, ҳақиқатни соҳталаштириши ва ҳақоратли гапларидан чарчаган. Бу Ковиднинг сайлови бўлди. Энди президентнинг заифлиги Жо Байденни кучли кўрсатмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek