Беларусь сайлови: овоз бериш ортидан тўқнашувлар

Минскдаги норозилик намойишлари

Сурат манбаси, Reuters

9 август якшанба куни Беларусдаги президентлик сайловида овоз берилди.

Расмий экзит-полл натижаларига кўра, Беларусни 26 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко кўп овоз тўплаб ғалаба қозонгани эълон қилинаркан, пойтахт Минск ва бошқа шаҳарлар кўчаларига мухолифат тарафдорлари чиқдилар.

Мухолифат тарафдорларига кўра, Лукашенко эмас, унинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская кўп овоз тўплаган.

Минскдаги норозилик чиқишлари тўқнашувларга айланиб кетган.

Полиция намойишчиларга қарши шовқин гранаталари, резина ўқлар ва сув тўпларини қўллаган.

Беларусь Ички ишлар вазирлиги бутун мамлакат бўйлаб 3000 га яқин одам ҳибсга олинганини эълон қилди.

Милиция ва ҳарбийлар намойишчиларни шафқатсизлик билан тарқатгани, кўплаб кишилар жидддий жароҳатлангани хабар қилинди.

Сурат манбаси, Reuters

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сайловдан кейинги тунда 50 дан зиёд фуқаро, 39 милиция ходими жароҳат олган.

Протестчиларни тарқатиши ортидан милиция махсус кучлари кўчаларни тозалашни бошлаган, тунги соат 2 ларда Минск маркази бўшаб қолган.

10 август эрталабки соат 9 да Беларусь Марказий Сайлов комиссияси дастлабки овоз бериш натижаларини эълон қилди.

МСК дастлабки натижаларига кўра, Александр Лукашенко 80,23 фоиз, Светлана Тихановская 9,90 фоиз овоз тўплаган.

Тихановская сайлов натижаларини тан олмаслигини эълон қилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони қайта сайлангани билан табриклаган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, жаноб Мирзиёев жаноб Лукашенкони Беларусь Президенти сайловидаги "ишончли ғалабаси билан қутлаган".

Президент Лукашенко Россия Президенти Владимир Путиндан ҳам табрик олган.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Президент Лукашенко 1994 йилдан буён бунчалик йирик мухолиф қаршиликка дуч келмаган.

Президент Лукашенко бош рақиби Светлана Тихановскаяни рақиби деб кўрмаслигини билдириб, уни шунчаки "қўғирчоқ" деб кўришини ҳам айтганди.

37 яшар собиқ муаллима ўз номзодини рўйхатга олдиролмай, қамоққа ташланган эри ўрнида сайловда қатнашди.

Овоз бериш учун келган Светлана Тихановская ҳам рақиби борасида журналистлар саволига жавоб берган.

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи,

Эрининг ўрнига президентлик курашига киришган 37 ёшли Светлана Тихановская сайлов натижаларини тан олмаслигини айтди.

"Сайлов ҳақиқий ўтишини жуда истайман" - деган Светлана Тихановская.

"Агар халқимиз Александр Григорьевични танласа, биз бунга рози бўламиз, фақат агар сайлов ҳақиқий ўтса".

Беларусда шу пайтгача ўтказилган ҳеч бир сайлов шаффоф ёки адолатли, деб топилмаган.

Сўнгги сайловда ҳам халқаро кузатувчилар, хусусан, ОХҲТ ташкилоти вакиллари иштирок этмадилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek