Беларусь: Президент Лукашенконинг юзига "кет!" дейишди

Лукашенконинг завод ишчилари билан учрашуви

Сурат манбаси, EPA

Баҳсли президентлик сайлови ортидан Беларусда норозилик намойишлари тўхтамаяпти, оддий ишчилар билан кўришиш учун борган Президент Александр Лукашенко ҳуштак ва ҳайқириқлар билан қарши олинган, ишчилар "Кет!" дея ҳайқирганлар.

Минск ғилдиракли тиркамалар заводига Президент Лукашенко вертолётда борган.

Айрим ишчилар сайловдаги овоз бериш ва натижалари ҳақида Президент Лукашенкога савол берганлар.

"Мени босим остида бирор иш қилдиролмайсизлар. У(қайта сайлов) бўлмайди", деб айтган Александр Лукашенко.

Социал тармоқларда завод ишчилари Лукашенкога қараб "Кет!" деб ҳайқираётганлари, оломон тинчишини кутиб туриб Лукашенконинг "раҳмат" дегани тасвирланган видео тарқалди.

"Агар Лукашенко ўзига қарши кайфиятларга ишонмаган бўлса(ёки ишонишни истамаган бўлса), энди аниқ ишонди", деб ёзди Твиттерда Би-би-сининг Москвадаги мухбири Стив Розенберг.

Мухолиф Tut.by сайти хабар қилишича, 16 август, якшанбадаги Минскдаги норозилик намойиши мустақил Беларус тарихидаги энг йирик протест бўлган.

Шу куни президент тарафдорларининг намойиши ҳам ташкил қилинган, унда Президент Лукашенко қатнашган.

Расман бу намойишда 50 минг киши қатнашгани хабар қилинган.

Норасмий ҳисоб-китобларда иштирокчилар сони 10 мингтачани ташкил этгани, айрим корхона ходимлари намойишга чиқмаса, ишдан ҳайдаш билан қўрқитилганлари ҳақида айтганлар.

Лукашенкога қарши намойиш иштирокчиларининг сони эса 100 минг билан 220 минг орасида экани хабар қилинди.

17 август куни Беларусдаги қатор йирик ишлаб чиқариш заводлари, кўмир конларининг ишчилари иш ташлаганлари хабар қилинди.

Беларуснинг давлат телерадиоканали - "Белтелерадиокомпания" ходимлари ҳам иш ташлаганлар.

Улар "Мен/биз ҳалол сайлов тарафдоримиз" деган шиорни кўтариб олганлар.

Телерадиокомпания ходимлари цензура ва сайлов натижаларини бекор қилиш талабларини илгари сурганлар.

Сайловдаги Лукашенконинг асосий рақиби Светлана Тихановская 17 август куни янги видео мурожаатини эълон қилган.

Сайлов ортидан Литвага кетишга мажбур бўлган Тихановская, агар бюллетенлар ҳаққоний саналганида, 60-70 фоиз овоз тўплаганини айтган.

Беларусдаги осойишталикни жойига қўйиш учун Светлана Тихановская "миллий лидер" бўлишга тайёрлигини айтган, ўтиш даври раҳбари сифатида мамлакатдаги сиёсий тутқунларни озод этиб, янги сайлов ўтказишга ваъда берган.

Беларусдаги қатор расмий мулозимлар, амалдаги ва истеъфодаги милиция зобитлари истеъфо берганлар.

Беларуснинг Словакиядаги элчиси Игор Лешченя норози намойишчилар билан ўзининг бирдамлигини эълон қилган, бироқ Би-би-си билан суҳбатда ҳукумати ўзини тинглашга тайёр эмаслигини айтган.

Европа Иттифоқи ва АҚШ раҳбарияти Беларусдаги сайловни қоралаганлар.

ЕИ намойишчиларга зўравонлик қўллаганлар, репрессия ва овоз бериш натижаларини сохталаштирганларга нисбатан санкция жорий этган.

Президент Александр Лукашенко Россия Президенти Владимир Путин кўмагига умид қилаётгани хабар қилинмоқда.

Президент Лукашенконинг ўзи Президент Путин билан мулоқот қилганини, "ташқи ҳарбий таҳдид юзага келса, Президент Путин шунга яраша кўмак беришга тайёрлигини" билдиргани ҳақида айтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek